Ўзбекистонга 1 млн 200 минг дозадан ортиқ Pfizer/BioNTech ва 600 минг дозадан ортиқ AstraZeneca вакциналари олиб келиниши кутилмоқда.
Марказий банк берган маълумотларга кўра, август ойи якунлари бўйича йиллик инфляция уч-тўрт ойдан буён деярли ўзгаришсиз қолиб 11,1 фоиз даражасида шаклланмоқда. Шунингдек, банклараро пул бозоридаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари апрель ойидаги 14,2 фоиздан июль ойида 8,7 фоизгача пасайди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 14,77 сўмга пасайиб, 10 668,09 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курс ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеПнинг сайловолди съездида «Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, қўлимиздан келган барча ёрдамни аямаслик» ни таъкидлади. Президент шунингдек, «Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва ЕОИИ билан интеграция жараёнларини чуқурлаштириш бўйича қадамлар қўйилишини» маълум қилди.
Самарқанд вилоятида бир қатор корхоналар газ тармоғига ноқонуний улангани аниқланди. Ўғирликдан етказилган зарар 2,8 млрд сўмга баҳоланмоқда.
ТИВ раҳбари Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Афғонистон билан «дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини сақлаб қолиш, бетарафлик ва қўшни давлатнинг ички ишларига аралашмаслик тарафдори» эканлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига жалб қилиш мамлакат иқтисодиётини тиклашга самарали имконият яратади.
ЎзЛиДеПнинг навбатдаги съездида партиядан президентликка номзод сифатида Шавкат Мирзиёев тасдиқланди. Номзод олдинги президент сайловида илгари сурилган дастурдаги вазифалар ижросига тўхталиб, ўзининг 2021 йил сайловолди дастури ҳақида маълумот берди.
Президентлик сайловларидаги ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларни октябрдаги сайловларда фаол иштирок этишга чорлади. «Ҳеч қачон унутманг, сайлаш ва танлаш ҳуқуқи — Сизнинг қўлингизда. Келажак учун масъулият эса барчамизнинг зиммамизда», — деди у.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури ҳақида гапира туриб, ўтган йиллар давомида нафақат ўзбек халқи балки мамлакат ҳам тубдан ўзгарганини таъкидлади. «Бугунги халқимиз — кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам, кечаги Ўзбекистон эмас», — деди у. Амалга оширилаётган ишлар вақтида президент ўз халқидан куч олишини маълум қилиб, улар олдида таъзим қилди.
Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзодларни кўрсатиш бўйича янги тартибни жорий қилишни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, ҳудудий кенгашда энг кўп депутатлик ўрни олган партия гуруҳлари ҳокимликка ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин бўлади.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури доирасида келгуси беш йилда амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, 7 мингдан зиёд янги боғча қуриш орқали мактабгача таълимдаги қамровни 80 фоизга етказиш, мактабларни ривожлантириш давлат дастурини ишлаб чиқиш, 1,2 млн ўқувчи ўрнини яратиш, қолаверса, олий таълим қамровини 50 фоизга, хусусий олийгоҳлар сонини эса 50 тага етказиш, 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналарини барпо этиш режалари маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури доирасида темир йўлларини электрлаштириш даражаси амалдаги 40 фоиздан 60 фоизга оширилишини таъкидлади. Тошкент — Урганч йўналиши бўйича тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилиши маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилиниши ҳақида маълум қилди. ЎзЛиДеП номзоди парклар ва яшил зоналар ҳудудини бошқа мақсадлар учун ишлатиш қатъиян тақиқланашини қайд этди. Ҳар йили камида 200 млн туп дарахт кўчатлари экилиши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида келгуси 5 йилда саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилишини айтиб ўтди. Халқаро магистрал интернет тезлиги 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги 8 баробарга оширилиши қайд этилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Душанбеда бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасида икки томонлама ва минтақа кун тартибидаги масалалар бўйича алоҳида учрашув ўтказишга келишиб олдилар.
Марказий банк Бошқарувининг оралиқ йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Тожикистон-Ўзбекистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисидаги Битим тасдиқланди. Инвестицион компаниянинг мақсади Тожикистон ҳудудидаги қўшма лойиҳаларни молиялаштириш ҳисобланади. Компаниянинг бошланғич устав капитали 12 млн доллар бўлади ва босқичма-босқич 50 млнгача етказилади.
Шавкат Мирзиёев келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдинда турганлигини таъкидлади. Шунингдек, президент 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилишини айтиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида 2026 йил охиригача камбағалликни 2 баробар қисқартиришини таъкидлади. ЎзЛиДеП номзоди 2023 йилдан ҚҚС 12 фоизга, мол-мулк солиғи ставкаси 1,5%га туширилишини ҳам қайд этди. Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун яна қатор режалар эълон қилинди.
ЎзЛиДеПнинг 10-съездида партия номзоди, Шавкат Мирзиёев президентлик даврида амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Жумладан, 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд президент фармони ва қарори қабул қилингани айтилди. «Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур», — деди у.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг