Ўзбекистон Афғонистонда муваққат ҳукумат тузилганини олқишлайди, дея маълум қилди Ташқи ишлар вазирлиги. Вазирлик янги давлат идоралари билан «конструктив мулоқот ва амалий ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини» билдирди.
Қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи берилади.
БМТнинг расмий вакили Рамиз Алакбаров Афғонистоннинг муҳтож аҳоли қатламлариша мўлжалланган озиқ-овқат захиралари шу ойда тугаши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда беш ёшдан кичик болаларнинг ярмидан кўпи тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда, аҳолининг учдан бир қисмидан ортиғи етарли озиқ-овқат билан таъминланмаган. Айни пайтдаги мавжуд талабни қондириш учун озиқ-овқат секторининг ўзига камида 200 миллион доллар маблағ зарурлиги айтилмоқда.
«Адолат» Баҳром Абдуҳалимовни президентлик сайловлари учун номзод сифатида тасдиқлади. Абдуҳалимовнинг «Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони» шиори остидаги сайловолди дастуридан коррупция ва ҳар қандай кўринишдаги «самосуд» учун қатъий жазо белгилаш, Тергов қўмитасини ташкил этиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантириш, «Жамиятда юриш-туриш, одоб-аҳлоқ қоидалари» кодексини яратиш кабилар ўрин олган.
7 сентябрь куни Ўзбекистонда 338 минг 971 доза коронавирусга қарши вакцина қўлланилди. Шу кунгача тўлиқ эмланган фуқаролар 2 млн 547 минг 450 нафарни ёки Ўзбекистон аҳолисининг 7,28 фоизини ташкил қилмоқда.
1 октябрдан бошлаб экспорт ҳажми $20 млндан ошган корхоналарга экспорт савдо операциялари учун $5 млнгача бўлган бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади. 12 ой давомида 1 млн АҚШ долларидан кўп тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналар божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга кечиктириши мумкин.
Кеча кун давомида Ўзбекистонда 660 кишида коронавирус инфекция қайд этилди. 7 нафар COVID-19 бемори вафот этди. Шунингдек, сешанба куни 138 кишида пневмония қайд этилди, 4 нафар пневмония бемори вафот этди.
2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар, шунингдек камерал солиқ текширув асосида аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар бекор қилинади. Хоразмда солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботларини шакллантириш бўйича эксперимент ўтказиш режалаштирилган. Шундан сўнг янги тартиб бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилади.
Давлат қарзи иккинчи чоракда 1 млрд долларга ошди. 1 июль ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи жами 24,2 млрд долларни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 38,5 фоизни ташкил этган. Шунингдек, биринчи ярим йилликда давлат қарзига хизмат кўрсатиш жами харажатлари 1 млрд доллардан ошган.
Сурхондарёда Тўпаланг сув омборидан 361 километрлик магистрал сув қувурини ётқизиш ишлари бошланди. 138 млн долларлик лойиҳа To’palang HPD Platinum томонидан амалга оширилмоқда. Компания «Ўзбекгидроэнерго» раҳбарининг ўғлига тегишли бўлган To’palang HPD Holding таркибига киради.
Польша «сиёсий алоқалар ва инсонпарварлик заруратлари нуқтаи назаридан» Ўзбекистонга 250 минг доза COVID-19 вакцинасини етказиб беради.
Ўзбекистон тизимда профилатика ишлари олиб борилаётгани сабабли элеткрон виза беришни вақтинча тўхтатди.
«Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумати таркибини эълон қилди. Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб Ҳасан Охунд, ҳаракат раҳбарияти кенгаши раҳбари, бош вазир ўринбосари лавозимига Aбдул Ғани Барадар тайинланди.
«Адолат» партияси президентликка номзод Алишер Қодировни сайловолди ғояларни кўчирганликда айблаши, ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг Ўзбекистондаги синовлари натижаси эълон қилиниши, Ўзбекистон аҳолиси 35 млндан ошиши — «Газета.uz»нинг 7 сентябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сальвадорда биткоиннинг расмий тўлов воситаси сифатида тан олингани, Тожикистон раҳбарининг ҳарбийларни жанговар тайёргарликни оширишга чақиргани, Афғонистондаги вазият бўйича сўнгги хабарлар ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш даражаси таҳликали даражага чиқди — мамлакат ўз сув захираларининг 169 фоизидан фойдаланмоқда, дея хабар қилди ФАО.
UzAuto Motors 2021 йилнинг олти ойида 1,9 триллион сўмлик (177,6 миллион доллар) божхона имтиёзлари ва преференцияларини олди. Гап президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан таъминланган божхона божи, акциз ва ҚҚС бўйича имтиёзлар ҳақида кетмоқда.
Тошкент ва Туркманистон пойтахти Ашхободда Ленинград блокадаси билан боғлиқ монументлар яратилиши режалаштирилмоқда, дея хабар берди Санкт -Петербург маъмурияти.
8 сентябрдан долларнинг расмий курси 10,16 сўмга кўтарилиб, 1 АҚШ доллари 10 695,23 сўмга этиб белгиланади. Шунингдек, евро ҳам сўмга нисбатан ўсган бўлса, рублнинг расмий курси 0,43 сўмга арзонлашди.
Ўзбекистон ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилишди. Британия вазири Доминик Рааб ўтган ҳафта эвакуация бўйича стратегия йўқлиги учун танқид қилинганди, унга ўрнак сифатида Германия фуқароларини эвакуация қилиш вақтида Тошкентга шахсан ташриф буюрган ТИВ раҳбари кўрсатилган эди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг