Токио-2020 Олимпия ўйинларининг олтинчи кунида учта спорт тури бўйича 6 нафар ўзбекистонлик иштирок этади.
Ўзбекистонда пандемия бошлангандан бери коронавирусдан кунлик касалланиш бўйича энг юқори антирекорд қайд этилиши, Токио олимпиадасида Ўзбекистон делегацияси қўлга киритган бронза медаль, президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши — «Газета.uz»нинг 28 июлдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 61 ёшли пиёдани юк машинаси уриб юбориши оқибатида воқеа жойида вафот этди.
Шавкат Мирзиёев олимларнинг тадқиқотига асосланиб коронавирус билан кураш ҳали яна камида 10 йил давом этишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, шу сабабдан «Спутник V» ва хитой-ўзбек вакциналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича муҳокамалар бормоқда. Президент фуқароларни коронавирусга қарши эмланишга чақирди. «Вакцина олганларга шифохонадан 4 кунда чиқяпти, эмланмаганларга эса жуда оғир бўляпти», — деди у.
Тошкентнинг Миробод туманида бир қатор кўчалардаги 500 дан зиёд ташқи ёзувлар ва ахборот матнлари «Давлат тили тўғрисида"ги қонунга мослаштирилди. Жумладан, «Beauty salon», «Слоённая самса», «Аптека» каби ёзувлар ўзбекчалаштирилди.
Чоршанба куни ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев меҳрибонлик уйларидаги болалар ғамхўрликни тўлиқ ҳис қилмаётганини қайд этди. Шунингдек, ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва Халқ таълими вазирлиги меҳрибонлик уйлари билан етарлича ишламагани танқид остига олинди. Шундан келиб чиқиб, 16 та «Меҳрибонлик уйи» ва 4 та «Болалар шаҳарчаси» Миллий Гвардия тизимига ўтказилиши маълум қилинди.
Токиодаги Олимпиаданинг бешинчи кунида дзюдочи Давлат Бобонов бронза медали соҳибига айланиб, Ўзбекистон терма жамоасига мусобақадиги иккинчи медални келтирди. Боксчилар Миразизбек Мирзаҳалилов ва Дилшод Рўзметовлар Олимпия ўйинларидаги иштирокларини тугатишди. Дзюдочи Гулноза Матниязова ҳам якка баҳслардаги иштирокини муваффақиятсиз якунлаб, аралаш жамоавий йўналишдаги иштирокига тайёрланади.
Италиянинг «Рома» клуби ўзбекистонлик футболчи Элдор Шомуродовга қизиқиш билдирмоқда. Хабарларга кўра, римликлар футболчи учун 15 млн евро таклиф қилган, аммо «Женоа» жамоаси форвард учун 20 млн евро талаб қилишмоқда. Инсайдер Николо Скиранинг маълум қилишича, Шомуродов фаолиятини «Рома»да давом эттиришга яқин.
Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг узоқ қишлоқларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга 2,7 млн доллардан кўпроқ миқдорда грант ажратмоқда. Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида Маҳалла вазирлиги томонидан амалга оширилади.
29−31 июль кунлари Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига сел келиши хавфи бор.
Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 21-меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. Президент таъкидлашича, «меҳрибонлик уйида шароитлар яхши, лекин тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаётига кўмаклашувчи масъул идора йўқ». Шу сабабли, давлат раҳбари барча меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифини билдирди.
Долларнинг расмий курси 21,97 сўмга пасайди ва жами 10 648,03 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз кўтарилди.
-90 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик дзюдочи Давлат Бобонов Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медалини қўлга киритиб, Ўзбекистон делегациясига иккинчи медални тақдим қилди.
1 октябрдан «тонировка» га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат my.gov.uz орқали кўрсатилади. Рухсатнома 1 йил муддатга берилади ва ойналар ҳайдовчи томонидан мустақил равишда қорайтирилади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Омбудсманга 9 632 та мурожаат келиб тушган, бу ўтган йилга нисбатан 32 фоизга кўп. Ҳозирга қадар уларнинг 30 фоизи ижобий ҳал қилинган. Натижада 13 та жиноий, 4 та маъмурий ва 8 та интизомий иш қўзғатилган. 16 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган, қолаверса, 10 дан ортиқ фуқаро ишга тикланган.
АҚШ «Ўзбекистонда таълим ва болалар учун озиқ-овқат» дастури доирасида мактабгача таълим муассасалари учун 21 млн доллар ажратади. Мазкур маблағ 400 дан ортиқ мактабгача таълим муассасаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги 245 та қишлоқ ва кам таъминланган МТТларига йўналтирилади.
Тошкентнинг Юнусобод туманида Nexia-2 автомашинаси пиёдани уриб юборди. Йигит олган жароҳатлари билан шифохонада вафот этди.
Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ёрдам беришга мўлжалланган Telegram-бот ишга туширилди. Унда чет элда ишлаш ва яшаш қоидалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, чет элда ишлаётганларни қўллаб-қувватлаш турлари тўғрисида билиб олиш мумкин. Бундан ташқари, ботга одам савдоси тўғрисида маълумот юборилиши мумкин.
Қонунчилик палатаси томонидан ичимлик суви таъминотига оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Унга кўра, ҳар ойда камида бир марта ҳисоблагичлар ҳолатини ўрганиш, ичимлик суви таъминотида узилишлар давомийлиги 12 соатдан ошса аҳолини махсус машиналарда ичимлик суви билан таъминлаш ва тарифлар нархи ўзгариши ҳақида 15 кун олдин хабардор қилиш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистонда 5 июлдан бери 8723 нафар беморларда пневмония аниқланган бўлиб, уларнинг 2770 нафари соғайиб чиққан. Шу кунгача беморларнинг 60 нафари вафот этди. Вилоятлар кесимида энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳри (3240), Тошкент (1288) ва Жиззах вилоятида (998) қайд этилган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг