Республика бўйлаб барча мактабларда ўқувчиларнинг муассасада бўлиш вақти Face ID тизими орқали назорат қилиниши режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, синф хоналарига овозли камералар ўрнатиш ва уларни ички ишлар органлари томонидан назорат қилинишини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрига кўра, ўқувчилар камералар остида фикрлашга мажбурланса, бу мамлакатни тўлақонли тоталитар давлатга айланиши учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Ўсимлик ёғи импортига ҚҚСнинг бекор қилиниши арафасида божхона омборларидаги кунгабоқар ёғи ҳажми бир ҳафта ичида 3500 тоннадан 6500 тоннага кўпайди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бу сунъий тақчилликни келтириб чиқариб, нархларга таъсир кўрсатиши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Буюк Британияда нуфузли мукофотлар соҳибларига мамлакатга киришнинг осонлаштирилиши, Россиянинг гречка экспортини вақтинча тақиқлаши, Европа Иттифоқидаги миграция чоралари туфайли 2 мингдан ортиқ одамнинг вафот этгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома, техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот ва «тонировка» рухсатномасини талаб этиш тартиби бекор қилинади.
Тошкентда сув тармоқлари ва оқова сув тармоқларининг қудуқларига ўрнатилган «люк"ларнинг ўғирланиш ҳолати кўпаймоқда. Сўнгги пайтларда жами 5 мингта ана шундай қопқоқлар ўғирлаб кетилган. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» маълум қилишича, темир қопқоқларнинг донаси 575 минг сўмдан 2 млн сўмгача нархда харид қилинади.
Сурхондарёда ИИБ бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритган, пенсиядаги подполковник Рустам Сирожиддонов ўз жонига қасд қилди. Ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Май ойи охирида Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақалар лицензион турнирлар рўйхатига киритилган.
Долларнинг расмий курси 12 сўмга арзонлади ва жами 10 501 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси ҳам бироз пасайди, рубль эса яна кўтарилди.
Прокурор суддан Отабек Сатторийни бешта бандда айбдор деб топиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради. Блогер товламачилик ва туҳмат қилишда айбланмоқда. Судланувчининг адвокати Умидбек Давлатовнинг таъкидлашича, айбловда кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бири ўз исботини топмаган.
6−7−8 май кунлари велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилиши муносабати билан Бектемир — Чирчиқ — Ғазалкент — Чорбоғ автомобиль йўлида маълум вақтларда транспорт ҳаракати чекланади.
Тошкент шаҳрида 87 ёшли онахон қизи ва невараси томонидан калтаклангани айтилмоқда. Бунга уй-жой масаласи бўйича она ва қиз ўртасида жанжал сабаб бўлган. Онахоннинг невараси Даврон Тиллаевнинг айтишича, аёлнинг қизи унинг қўл ва оёғига пичоқ билан урган. Ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Тошкентга АҚШдаги Boeing заводидан тўғридан-тўғри рейс билан Uzbekistan Airways’нинг олтинчи Dreamliner’и етиб келди. Ушбу самолет орқали Оролбўйи ҳудудлари учун 3 млн долларлик гуманитар етказиб берилди. Шунингдек, Boeing компанияси 100 минг долларлик хайрия қилди.
Халқ депутатлари Бухоро шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Жамол Носиров шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Юнусобод тумани ҳокими Жахонгир Иброхимовда COVID-19 аниқлангани сабабли фуқаролар учун ташкил этиладиган сайёр қабул вақтинча туман ҳокимининг биринчи ўринбосарига юклатилди.
ХДП Самарқанд вилоят кенгашига ЎзЛиДеП депутати раис этиб сайланганлиги, партия ходимлари буни шармандалик деб баҳолашаётгани айтилмоқда. ХДП берган баёнотга кўра, депутат партиянинг вилоят кенгаши раҳбари этиб сайланишидан олдинроқ февраль ойида ХДП аъзолигига қабул қилинган. У ЎзЛиДеП аъзолигидан чиққарилганлиги ҳам таъкидланмоқда.
Талабалар орасида COVID-19 инфекцияси аниқлангани сабабли, Молия институти 14 кунга, Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқув йили охиригача масофавий таълим тизимига ўтди.
Транспорт вазирининг логистика ва туризмни ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси этиб Тимур Аллаяров тайинланди.
Андижонда фуқаро ўз уйида ижарада яшаётган аёлдан турмуш қуриб бирга яшаш таклифига рад жавобини олгач, унинг 3 ёшли фарзандини устига қайноқ сув қуйиб юборади. Оқибатда қизалоқ шифохонада вафот этган. Суд айбланувчини қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбли деб топди.
Бухоро вилояти ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Ботиржон Шахриёров Бухоро вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
АҚШнинг «Project C.U.R.E.» ташкилоти ва «Boeing» компанияси томонидан Қорақалпоғистонинг Оролбўйи ҳудуди аҳолиси учун гуманитар ёрдам юборилди. Хайрия юки ўз ичига 3 млн долларлик тиббиёт буюмлари ва жиҳозлари, сунъий шамоллатиш мосламаларини олди. Бундан ташқари, кейинги гуманитар ёрдамни етказиш учун 100 минг доллар миқдоридаги чек топширилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг