Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга тегишли аудио тарқалди. Унда ҳоким Марҳамат туманида уч нафар аёлни «президент вакилига сассиқ гапиргани» учун қамаб қўйганини айтади. Бундан ташқари, журналистларга қарата, — «Агар қитиғимга тегсанг, мен қўйвораман», — деган. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу аудиоёзув икки йил олдин ёзилганлигини айтмоқда.
2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Вилоятда 2021−2022 йилларда умумий қиймати 28 трлн сўм бўлган 950 та лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳалар натижасида 15 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Сенат раиси Танзила Нарбаева жинсий тарбияни ёшликдан бошлаш зарурлигини таъкидлади. Жумладан, мактабгача таълимда ёшга мос қилиб, юқори синфлар ва олий таълимда йигит-қизларни оилага тайёрлаш, репродуктив саломатликка ўқитиш кераклиги айтилди. «Биз ёпганимиз сари интернет очиқ. У салбий оқибатларга олиб келаяпти», — деди юқори палата раиси.
Янги миллий ўқув дастурига кўра, эндиликда назария ва амалиёт тенг тақсимланади. Фанлар сони ва ўқув юкламалари ўқувчилар қизиқишига қараб белгиланиб, спиральсимон тарзда ўқитилади.
Дам олиш кунлари республика ҳудудига Урал томондан совуқ ҳаво кириши кутилмоқда. Шанба куни Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида, якшанба куни эса Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида қисқа муддатли ёғингарчиликлар кузатилади. Шамолнинг тезлиги секундига 15−20 метргача етиши мумкин.
Пенсильвания апелляция суди почта орқали юборилган овозларни ҳисоблаш бўйича амалдаги президент Дональд Трампнинг даъвосини қабул қилди. Унга кўра, Пенсильвания штатида ўн минглаб сайлов бюллетенларида келтирилган сайловчилар ўзларини тасдиқламаганлари сабабли бюллетенлар рад этилди.
Мансабдор шахсларнинг давлат ҳисобидан қимматбаҳо автотранспортлар харид қилишининг олдини олиш мақсадида президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Эндиликда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига хизмат авторанспортлар классига қараб бириктириш белгиланиб, чекловлар қўйилади.
Қашқадарёда нотўғри суғориш оқибатида ерларнинг 45 фоизи шўрланган, аҳолининг атиги 50 фоизи ичимлик суви билан таъминланган, вилоятнинг 88 мактабида «смена» кўрсаткичи юқори, лекин бир нечта мактаб филиали биноси пахсадан қурилган, соғлиқни сақлаш тизимида 1000 дан ортиқ шифокорлар етишмайди. Давлат раҳбари вилоятнинг муаммоларини санаб ўтди.
10 ой мобайнида қарийб 8,5 минг хотин-қиз давлат ҳимоясига олинди. Улар орасида оилада отаси ёки онаси томонидан зўравонликка дуч келган қизлар ҳам бор. Шунингдек, ҳимоя ордери олиниши натижасида 418 та оила ажрашиб кетди.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда ёшлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларида очиқ мулоқот қилди. Суҳбат чоғида вилоят бўйлаб 26 мингдан ортиқ ёшлар ишсиз экани ва тадбиркорлик ривожи даражаси анча пастлиги қайд этилди.
Кўпгина тижорат банкларида долларни сотиш нархи 10 360 сўмга ва сотиб олиш нархи эса 10 430 сўмга белгиланмоқда.
Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Жанубий Кореянинг «Дипломатик хизматлари учун» ордени билан тақдирланди.
2023 йилдаги аҳолини рўйхатга олишдан аввал, 2021 йилда Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудларида аҳоли синов тариқасида рўйхатдан ўтказилади. Бутун аҳолини рўйхатга олиш эса 2023 йил ноябрь ойида амалга оширилади.
Республика махсус комиссияси қарори билан барча олий таълим муассасаларида 16 ноябрдан ўқув жараёни анъанавий шаклда давом эттирилади. Анъанавий таълим шаклига ўтишга тайёргарлик октябрь ойида бошланган эди.
Қорақалпоғистоннинг учта туманида 56,7 балл тўплаган абитуриентлар тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинади. Улар ўқишни тугатгандан кейин ўз ҳудудларда камида 5 йил ишлаб беришлари керак.
ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси Гулнора Каримованинг COVID-19`га чалинмаганини маълум қилди. Унинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги гаплар ҳам асоссиз экани айтилмоқда. Шунингдек, Сенат раиси Танзила Нарбаева Гулнора Каримовага оид гап-сўзлар юзасидан ўз муносабатини билдириб, «Ҳозир гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз, аёлми, эркакми, жиноят қилса тенг жавоб бериши керак», — деди.
«Кўп вақт талаб қилувчи ва қиммат иш бўлгани» сабабли Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш 2022 йилдан 2023 йилга кўчирилди.
Олий Мажлиси Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси 20 ноябрь куни чақирилади. Ялпи мажлисда геном бўйича давлат рўйхатига олиш, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш киритиш ва бошқа қонунлар кўриб чиқилади.
Италия COVID-19 билан касалланганлар беморлар сони 1 миллиондан ошган ўнинчи мамлакат бўлди. Шунингдек, бу кўрсаткичга Мексика (986 минг) ва Перу (925 минг) мамлакатлари яқин турибди.
«Ўзбекистонда аёллар ва эркакларга тенг имкониятлар тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиш керак, деб неча йиллардан бери айтсак ҳам, бизнинг гапимизга ҳеч ким қулоқ солмаган. Ўша пайтлар шунақа давр эди» — Танзила Нарбаева Вазирлар Маҳкамасида ишлаган вақтида гендер тенглиги масаласига қандай ёндашув бўлганини сўзлаб берди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг