2020−2022 йилларда Оролбўйида умумий қиймати 12 трлн 300 млрд сўм бўлган инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Шундан 523 млн долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилади ва қарийб 20 мингта янги иш ўрни яратилади.
20 ноябрдан 30 ноябргача коллеж ва техникумларга кириш имтиҳонлари ўтказилади. 195 мингдан ортиқ абитуриент учун тест синовлари, 50 минг нафар абитуриент учун эса ёзма имтиҳон ўтказилиши режалаштирилган.
Президент, ижод, ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ҳамда «Zamin» халқаро жамоат жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат ўз ичига аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва инклюзив таълимни ривожлантириш каби масалаларни олди.
Янгиҳаёт тумани Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ҳаёт Иноғомов Янгиҳаёт тумани ҳокимлигига тасдиқланди. Шунингдек, Янгиҳаёт тумани прокурори лавозимини Азамат Азимов, Ички ишлар бўлими бошлиғи лавомини эса Мурат Раимов эгаллади.
Президент сув хўжалигини вазири Шавкат Хамраевни Қашқадарёдаги ирригация ва мелиорация ишлари ҳолати учун танқид қилди. Шавкат Мирзиёев унга вилоят сув хўжалиги раҳбарларини ишдан олиш ва ишлайдиган одамларни қўйиш бўйича топшириқ берди. Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳам давлат раҳбаридан танбеҳ эшитди.
Forbes вафот этган юлдузлар орасида энг кўп даромад топаётганлар рейтингини эълон қилди. Ўтган йилга нисбатан рейтингга иккита янги иштирокчи қўшилди. 2020 йилда 48 млн доллар даромад топган марҳум юлдуз Майкл Жексон рўйхатда биринчи ўринни эгаллади.
Перунинг янги президенти Мануэль Мерино истеъфога чиқди. Бунга бир неча кун давом этган норозилик намойишлари сабаб бўлди.
Тошкентдаги «Ғафур Ғулом» номли истироҳат боғи ўрнига турар-жой мажмуаси қурилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди. Маданият вазирлиги ҳозирда боғ ҳудудида реконструкция ишлари олиб борилаётганини, жумладан, енгил конструкцияли иншоотлар бузилаётганини маълум қилди. Эскирган аттракционлар ҳам демонтаж қилинади.
Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмлари бўйича тажриба-синов лойиҳаси ўтказилади. Оилавий шифокор, терапия ва педиатрия бўйича ёрдамчилар, ҳамшира ва доядан иборат гуруҳлар тузилади. Бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилмоқда.
18−20 ноябрда барча жойларда ҳарорат кечалари 8−13 даражагача ва шимолда 10−15 даражагача совуқ бўлади. Кундуз кунлари ҳарорат 0−5 даражагача пасайиши кутилмоқда.
Долларнинг расмий курси яна бир бор 12 сўмга кўтарилди ва жами 10 390 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, рубль курси ҳам бироз қимматлади, евро эса арзонлади.
Наманган вилоятида Алишер Усмонов кўмагида Халқаро бизнес маркази қурилади. Мазкур марказ Конгресс-холл, бизнес мактаби, меҳмонхона, экопарк, спорт-соғломлаштириш иншоотларидан ташкил топади. Қурилиш ишларини баҳорда бошлаш режалаштирилган.
Молдованинг собиқ бош вазири, «Ҳаракат ва бирдамлик» мухолиф партияси раҳбари Майя Санду Молдова президенти сайловларининг иккинчи босқичидан сўнг умумий натижаларга кўра етакчилик қилмоқда. Сайловлар 15 ноябрь куни бўлиб ўтди ва унда сайловчилар қатнашуви 52,76 фоизни ташкил қилди.
Илон Маскнинг SpaceX компанияси тўрт астронавтни ХКСга етказиб беради. Бу Crew Dragon нинг иккинчи парвози ва биринчи доимий миссияси ҳисобланади.
Халқ таълими вазири ҳудудларда таълимни яхшилаш учун энг яхши тандем — фидойи халқ таълими бошқармаси раҳбари ва уни доим қўллаб-қувватловчи ҳоким эканини маълум қилди. «Ҳоким томонидан эътибор берилмаса ёки халқ таълими раҳбари муаммоларни тўғри тушунтира олмаса, ижобий ўзгариш жуда қийин бўлиши мумкин», — деди Шерзод Шерматов.
Ўзбекистон Қирғизистонга яна бир гуманитар ёрдам жўнатди. Жўнатилган ёрдам таркибига бир марталик қўлқоплар, ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, COVID-19 тестлари, ремдисевир ва бошқалар киритилган.
«Жаноби Рўзиев шарманда қилган экан, энди билинаяпти ҳаммаси. Қашқадарё зўр, гази бор, деб юраверган эканмиз. Вилоят республика газининг 63 фоизини беради. Аммо одамларда газ йўқ, сув йўқ. Қани адолат?», — деди Шавкат Мирзиёев вилоятнинг собиқ ҳокими Зафар Рўзиев ҳақида.
Инглиз тилини ўргатиш бўйича малака ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида бўлган инглиз тили ўқитувчилари English Speaking Nation: Secondary Teacher Training (ESN: STT) дастурига 30 ноябрь куни соат 17:00 гача ариза тўлдиришлари мумкин. Бугунги кунга келиб, дастур учун 1500 дан ортиқ ўқитувчи ариза топширган.
2023 йилдан раҳбар кадрлар ўзбек тилини билиш даражаси бўйича сертификатга эга бўлиши мажбурий этиб белгиланиши мумкин. Шунингдек, мансабдорлардан ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида малака оширишлари талаб этилади.
Антикоррупция агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Тошкент ва Наманган вилоятларида қурилаётган уйларга қуёш фотоэлектр тизимларини ўрнатиш бўйича пудратчиларни танлашда қоидабузилиш ҳолатларини аниқлади. «Қишлоқ қурилиш инвест»нинг пудратчи ташкилотлар билан тузган қўшимча келишувлари бекор қилинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг