Дунёда рўйхатга олинган коронавирус ҳолатлари сони 22 млн дан ошди, 780 мингдан ортиқ одам вафот этди. Энг кўп касалланиш ҳолатлари АҚШ, Бразилия ва Ҳиндистонда кузатилмоқда.
Малида ҳарбий кучлар ғалаён кўтариб, президент ва бош вазирни ҳибсга олишди. Армия ва ҳукумат ўртасидаги можаронинг сабаби тўловлар миқдорининг пастлиги бўлиши мумкин. БМТ қўзғолонни қоралаб, конституцион тузумни тезда тиклашга ва мамлакат раҳбарларини қўйиб юборишга чақирди.
UzAuto Motors автомобиллар нархларини 3 млн сўмдан 19 млн сўмгача асоссиз оширгани аниқланди. Компанияга нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиш ва автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берилди.
Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, ушбу тадбирларни иш кунлари кундузи 10:00 — 18:00 орасида 2 соатдан ошмаган вақт давомида ўтказишга рухсат берилади. Бу каби тадбирларни ўтказишга рухсат олиш учун ариза намойишлар ўтишидан ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатдан олдин тақдим этилиши лозим — батафсил.
Ургут туманида 21 ёшли «ЗИЛ» ҳайдовчисининг йил давомида учинчи бор ЙҲҚ бузиши қонли аварияга сабаб бўлди. Хавфли бурилишда қарама-қарши йўлдан юрган юк машинаси рўпарадан чиққан Cobalt билан тўқнашди. Енгил машинадаги 4 киши қурбон бўлди, яна 3 киши жароҳатланди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида «Москвич» ҳайдовчиси йўлни велосипедда кесиб ўтаётган беш ёшли болани уриб юборди. Бола шифохонада вафот этди.
Ўзбекистонда 242 та янги коронавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилди. Янги ҳолатлар Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида аниқланган. Тошкент шаҳрида 2 нафар коронавирус бемори вафот этди. Ҳозирда коронавирусдан даволанаётганларнинг 411 нафари оғир аҳволда, 125 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Аҳолини грипп ва пневмонияга қарши эмлаш мақсадида чет элдан вакциналар олиб келинади ва жойларда эмлаш пунктлари ташкил қилинади. Эмлаш ишлари сентябрь ойидан бошланиши кутилмоқда.
Қўқон ҳокимлиги шаҳар кўчаларини исириқ билан «дезинфекция» қилинаётганлиги акс эттирилган видео «Тоза ҳудуд» корхонаси ходимларининг ҳазили эканлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 20 августдан қайта тикланадиган поезд қатновлари жадвалини эълон қилди.
Тошкент ва Бўстонлиқ туманининг Юсуфхона қўрғони ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилди. Кун давомида 18 та қатнов амалга оширилади, чипта нархи 10 минг сўм.
Кун давомида 591 та коронавирус ҳолати аниқланди ва умумий кўрсаткич 36,5 мингдан ошди. Соғайганлар сони эса 32,2 мингтани ташкил этмоқда
BEVERLee Businees молиявий пирамидага асослангани ва ўз маҳсулотларини коронавирусга даво сифатида пуллаётгани ҳақидаги хабарлардан сўнг Бош прокуратура компания фаолиятини ўрганишни бошлади.
1 сентябрдан ҳожатхоналар билан таъминланмаган АЁҚШларга нефть маҳсулотлари ва газ етказиб бериш тўхтатилиши, улар лицензияси бекор қилиниши мумкин. Улар ушбу талабни 1 мартга қадар бажаришлари керак эди, бироқ муддат узайтирилди.
Самарқандда Миллий гвардияга ишга киритиб қўяман, деб 27200 доллар олган фирибгар ушланди. У яна 300 доллар талаб қилиб, пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга туширилган.
Тошкентнинг Миробод туманида маст ҳайдовчи бошқараётган автомобиль бетон тўсиққа бориб урилди. Йўловчи воқеа жойида ҳаётдан кўз юмди.
Илон Маскнинг бойлиги 2020 йил бошидан 57,2 млрд долларга ўсиб, умумий 84,8 млрдни ташкил этди. Асосий сабаблардан бири йил бошидан Tesla компаниясининг акциялари 339 фоизга ўсганлиги бўлди.
Нукусда Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган саноат ходими Атаулла Худайбергенов ҳаётдан кўз юмди.
Қашқадарёда рағбат пулини ололмаётган тез ёрдам ҳайдовчилари ва ҳамширалар вилоят ҳокимлиги биноси олдида тўпланди. Вилоят ҳокимлиги мурожаатчиларнинг аксарияти диспечерлар экани ва уларнинг рағбатлантирилувчилар рўйхатида йўқлигини маълум қилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши 17 августни шаҳар куни деб эълон қилиш ва ҳар йили ушбу байрамни кенг нишонлаш таклифини илгари сурди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг