Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси давлат мудофаа буюртмаси тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Ҳужжат хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш билан боғлиқ давлат мудофаа буюртмаси масалалари бўйича муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
ИИВ ички ишлар органларида пенсияга чиқиш учун хизмат муддатини 25 йилгача узайтириш мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этиб, бундай таклиф ёки қўшимчалар кўзда тутилмаганини билдирди. Ҳозирда бу муддат 20 йилни ташкил этади.
Йил бошидан буён 168,6 млн долларлик 206,9 минг тонна истеъмол дизели импорт қилинди, бу 2023 йилнинг январь-июлига нисбатан 22 фоиз, 2022 йилникига нисбатан эса 7,3 баробар кўп. Божхона қўмитаси ва Энерговазирлик аниқлик киритишича, дизелнинг барча турлари ҳисобга олинса, импорт қисқарган.
Президент қарори билан, ИИО, божхона, миллий гвардия ва ҳарбий хизматдаги махсус унвонлар учун хизмат қилиш муддатларига ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон аҳолисининг 1980 йилдан аввал туғилган қисми чин чечак касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Санэпидқўмитанинг таъкидлашича, чин чечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймунчечакка қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.
«Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2024 йил 2-мавсумидаги лойиҳаларга овоз бериш бошланди. Жараён 31 август соат 23:59 га қадар давом этади. Лойиҳалар учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Рақобат қўмитаси «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ Фарғона филиали воситачилик йиғими сабаб йўловчилардан 660 млн сўмга яқин ортиқча маблағ ундирганини, шу сабабли жарима жазоси қўлланишини айтганди. Темирйўл компанияси қарор юзасидан апелляция беради, чунки «йиғим ташувчи томонидан мустақил белгиланган».
Май ойида ҳалок бўлган Эрон президенти Иброҳим Раисий вертолёти ноқулай об-ҳаво шароити ва ортиқча юк — меъёрдан кўп йўловчилар туфайли қулагани аниқланди.
Saneg Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги иккита водород ишлаб чиқариш блокини АҚШнинг Air Products компаниясига 140 млн долларга сотмоқда. Шартнома ҳали тўлиқ хусусийлаштирилмаган завод улушини ўтказишни назарда тутмайди, дея аниқлик киритди Saneg масъуллари.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёев таклифига биноан 22−23 август кунлари Ўзбекистонда бўлади. Тошкентда давлатлараро олий кенгаш биринчи мажлисини, шунингдек, икки мамлакат бизнес вакиллари учрашувини ўтказиш режалаштирилган.
Зомин туманидаги фермер хўжалиги раҳбари ерни насос орқали суғориш мобайнида ускуналарни ўзгартириб, қарийб 1,4 млрд сўмлик электр энергиясини ўғирлагани маълум бўлди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
2025 йилдан Ўзбекистонда ер участкалари ва капитал қурилиш лойиҳалари ягона классификаторини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу билан асосий фаолият турини қайсиларига алмаштириш мумкинлиги, қандай ёрдамчи иншоотларни жойлаштира олиш аниқ белгилаб берилади.
Йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиш жиддий қоидабузарлик сифатида баҳоланиши керак. ЙТҲлар вақтида таҳлил қилинмаяпти, аҳоли гавжум жойларда светофорлар йўқ, ҳокимликлар зарур чораларни кўрмаяпти. Сенатда ЙҲХХ янги раҳбари билан муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Демократик партия Камала Ҳаррисни президентликка номзод сифатида расман тасдиқлади. У Америка етакчи партияларидан бирининг давлат раҳбари лавозимига номзоди илгари сурилган биринчи қора танли аёл ва биринчи осиёлик аёлга айланди.
Сергели туманида фуқаро 1 туп можжевельник (арча) кесгани аниқланди. Оқибатда табиатга 8,8 млн сўм зарар етган. Ҳуқуқбузар жами 17 млн 340 минг сўм товон тўлаши белгиланди. Компенсация тарзида эса 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилди.
ИТИМнинг лингвистик таҳлилига кўра, Шавкат Мирзиёев Нукусда ўтган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда салкам 5000 та сўздан фойдаланди. Энг кўп ишлатилган сўзлар «тадбиркор», «корхона», «хизмат», «экспорт», «бозор», «ер», «банк» ва бошқалар бўлди. Батафсил.
Ўзбекистон ва Қирғизистондаги йўлкира тўловларининг автоматлаштирилган тизими операторлари АТТО ва Tulpar интеграция қилинади. Жараён тугагач, Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонда Tulpar карталари орқали, Ўзбекистон фуқаролари эса Бишкекда АТТО орқали тўлов қилишлари мумкин бўлади.
«Ўзтемирйўлйўловчи» компанияси йўловчиларнинг чипталаридан воситачилик йиғим қиймати бўйича 660 млн сўмга яқин ортиқча ҳақ ундиргани аниқланди. Рақобат қўмитаси унга ва худди шу ҳолат бўйича «Шаҳар атрофида йўловчи ташиш» компаниясига молиявий жарима қўллади, пуллар истеъмолчиларга қайтарилади.
Марказий сайлов комиссияси барча сиёсий партияга Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлар сайловида қатнашиш учун рухсат берди.
Ўзбекистонда 2023 йилда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган шахслар қайта рулга ўтириб, 707 та ЙТҲ содир этди. Уларда 212 нафар шахс вафот этди, 546 нафар шахс жароҳатланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг