Россия президенти Владимир Путин Шавкат Мирзиёевга Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига нисбатан Ўзбекистоннинг «нейтрал ва ўта мувозанатли» сиёсати учун миннатдорлик билдирди.
Financial Times Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбарияти учун тайёрланган ҳисоботга таяниб, корхонага газ савдосини урушгача бўлган ҳажмга қайтариш учун камида 10 йил вақт керак бўлишини ёзди. Ҳисобот муаллифлари давлатнинг сезиларли ёрдамисиз янги бозорларни топиш қийин бўлишини айтган.
Ўзбекистон Марказий банки томонидан илк бор захираларни диверсификация қилиш мақсадида хорижий давлат қимматли қоғозларига бирламчи инвестиция киритилди ва тегишли портфеллар шакллантирилди.
Олтиариқ туманида фермер хўжалиги еридаги сунъий сув ҳавзасига чўмилиш учун борган 3 киши (бир эркак ва 2 нафар вояга етмаган бола) чўкиб кетиб, ҳалок бўлди. Прокуратура терговга қадар текширув олиб бормоқда.
Самарқанд вилояти Нуробод туманида 25 ёшли «КамАЗ» ҳайдовчиси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакчасида икки болали аёлни уриб юборди. Иккала бола ҳам ҳалок бўлди.
Таиланд ОАВ 1 июндан 36 та давлат (жумладан, Ўзбекистон) учун визасиз режим жорий қилиниши ҳақида ёзганди. Ўзбекистон ТИВ бу бўйича Таиланд ҳукумати қарори борлиги, аммо ҳали расман маълумот берилмаганини маълум қилди. Таиланддан расмий нота олиниши билан қўшимча хабар берамиз, дейилади хабарда.
«Бахти Ташкентский» номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев иши бўйича очиқ суд жараёни давом этмоқда. Унда 37 нафар судланувчининг ҳар бирига қандай айблов қўйилаётгани ўқиб эшиттирилди. Уларнинг 3 нафари айбига қисман иқрор бўлди, қолганлари айбловни рад этмоқда.
Каттақўрғон шаҳрида турмуш ўртоғи билан видеомулоқот чоғида жанжаллашиб, ўғлини бўғишга уринган аёлга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Аёлнинг айтишича, эри Россияда бошқа аёлга уйланган ва қайтишни истамаяпти. Боламни бўғмадим, эримни шундай қилиб қўрқитмоқчи бўлдим, деди у.
Тошкентда болалар онкологияси ва гематологияси бўйича ўтказилаётган биринчи халқаро конгресс 300 га яқин иштирокчини бирлаштирди. «Болалар соғлом бўлиши, тўлақонли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни ишга солиш бурчимиздир», — деди форумда сўзга чиққан биринчи хоним Зироат Мирзиёева.
Блогер Мурод Махсудов 7,5 йилга ҳукм қилинди, у жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Суд уни туҳмат, товламачилик ва ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбдор деб топди.
Ўзбекистонда кичик атом электр станциясининг биринчи реакторини 5 йилдан кейин ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Атом энергияси агентлиги Spot`га. Лойиҳа нархи махфий маълумот бўлиб, ошкор этилмайди, дея таъкидлади агентлик.
Украинадаги икки йиллик уруш давомида 210 мингга яқин турли бино, жумладан, 900 дан ортиқ мактаб, касалхона ва черковлар шикастланган ёки вайрон бўлган, дейилади New York Times таҳлилида. Ҳарбий ҳаракатлардан энг кўп жабр кўрган шаҳарлар Мариуполь, Харьков, Ирпень, Рубежное ва Марьинка бўлди.
Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик парламент сайловлари натижалари сарҳисоб қилинди. Нарендра Моди учинчи бор бош вазир лавозимини эгаллайди, бироқ унинг партияси парламентдаги мутлақ устунликни йўқотди ва энди коалицион ҳукумат тузишга мажбур.
БМТ Бош ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган «Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этишда ягона фронт бўлиб ҳамкорлик қилишга тайёрлиги» резолюциясини маъқуллади.
Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов лавозимини тарк этади. У Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази директори этиб тайинланиши кутилмоқда.
Президент «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат давлат органлари ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ компанияларга нисбатан татбиқ этилади. Қонун 6 ой ўтгач кучга киради.
Президент расмий ташриф билан Туркияга учиб кетди. Давлат раҳбари Анқарада Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида иштирок этади.
Шавкат Мирзиёев ва ЖСТ бош директори Нгози Оконжо-Ивеала учрашувида Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиш борасидаги амалий ишлари муҳокама қилинди. Томонлар электрон савдо ва рақамли хизматлар экспортини ошириш, мамлакатда Савдо сиёсати бўйича компетенция маркази ташкил этиш масалаларига тўхталди.
Президент Бухоро вилоятига ташрифи доирасида янги лойиҳа бўйича таъмирланаётган йўлни кўздан кечирди. У 20 йилгача хизмат қилиши керак бўлган янгича қатламли асфальт-бетон билан қопланган. Шавкат Мирзиёев лойиҳани янада кенгайтириш бўйича топшириқ берди.
Хивада фуқаро 2 нафар танишини ишлаш учун Норвегияга юбориш эвазига 5600 доллар сўрагани аниқланди. У аванс олаётганда ушланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг