Валижан Ниязимбетов Элликқалъа туманига ҳоким этиб тайинланди. Шу пайтга қадар у Тўрткўл тумани ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаб келаётганди.
Тўрткўл туманидаги 5-сонли мактаб-интернатда тарбиячи 10 ёшли қизнинг юзига тарсаки туширгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат ўтган йилнинг октябрь ойида содир бўлган. Болалар омбудсмани тарбиячи қонун доирасида жавобгарликка тортилиши шартлигини билдирди. Терговга қадар суриштирув ишлари кетмоқда.
Ўзбекистонда 16−18 февраль кунлари ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши сабаб АГТКШлар иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. «Ҳудудгазтаъминот» ҳайдовчилардан автомобилларни ёнилғи билан тўлдириб олишни сўради.
Янгиҳаёт туманидаги саноат зонасида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган 110 минг қути тамаки маҳсулоти ёқиб юбориш йўли билан йўқ қилинди. Маълум қилинишича, 2023 йилда ушлаб қолинган ноқонуний тамакилар миқдори 2022 йилга нисбатан 3,5 баробарга ошган.
Тошкентда велосипед ва мототранспорт воситаларини оммалаштириш мақсадида хавфсиз ва қулай йўл ҳамда йўлаклар қуриш, улар учун алоҳида светофорлар, белгилар ва ёритиш мосламаларини ўрнатиш режалаштирилмоқда. Мототранспортларни харид қилиш учун нархининг 25 фоизигача субсидиялар берилиши ҳам мумкин.
Тошкентда йўловчи аёлнинг эгнидаги либоси ҳақида гапириб, ҳар хил шаҳвоний сўзлар билан шилқимлик қилган такси ҳайдовчиси ва Хоразмда қизга телефон орқали ишқий муносабатда бўлишни таклиф этиб, шилқимлик қилган эркакка нисбатан суд ҳукмлари ўқилди. Айбланувчиларнинг иккиси ҳам 5 суткага қамалди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари 2023 йилда хизмат сафарлари, халқаро ва расмий тадбирларда жами 33 млн сўмлик 26 та ҳадя олганини маълум қилди. Энг юқори қийматли совғалар Қатардаги давлат ташкилотлари томонидан берилган.
Гулистон шаҳрида 15 кунлик ўғлини 40 минг долларга, Термиз туманида 20 кунлик қизини 25 млн сўмга, Наманган шаҳрида 10 ёшли боласини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёллар ушланди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатга совуқ ҳаво оқимлари кириб келиши туфайли экин ҳамда ўсимликларни қисқа муддатли қаттиқ совуқдан асраш ва совуқ кунлардан беталафот ўтиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.
Президент пайшанба куни Андижонга ташриф буюради. Давлат раҳбари саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳа объектлари ва маҳаллалар ҳаёти билан танишиши режа қилинган.
Чилонзор туманида уч нафар 20 ёшли йигит пиёдалар ўтиш жойидан стретч плёнкаларга ўралган ҳолда ўтгани учун 10 суткага қамалди. Йигитлар буни шарт бажариш сифатида қилгани, шунингдек, интернетга чиқиб кетиш орқали машҳур бўлмоқчи бўлганини билдирди. Уларнинг оталари ҳолат учун узр сўради.
Индонезия ҳукумати 14 февралдан бошлаб Балига ташриф буюрадиган барча хорижий сайёҳлар учун 10 доллар миқдорида йиғим жорий этди. Маблағлар орол атроф-муҳити ва маданиятини муҳофаза қилишга сарфланади.
Saneg нефть-газ компанияси Италиянинг мой ва мойлаш материаллари ишлаб чиқарувчи CGC Lubricants Italy компаниясини сотиб олди. Битим Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги мойлар учун формулалар, технологиялар ва Европа хавфсизлик сертификатларини олиш соҳаларида тажриба алмашишни ўз ичига олади.
Кўп сонли можаролар дунёда «жуда беқарор муҳит»ни юзага келтирмоқда. Бу «ҳақ кучлилар томонда бўлади» ёндашуви кенг тарқалувчи ҳозиргидан ҳам хавфли ўнйилликнинг башорати ҳисобланади, дейилади Халқаро стратегик тадқиқотлар институти ҳисоботида.
Россия ТИВ Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзлари муносабати билан норозилик билдирди. Россия ТИВ журналистнинг Ўзбекистонда ўзбек тилини билмайдиганлар ҳақидаги сўзларини ҳақоратомуз деб атади.
2024 йилда Тошкентда ҳар бири 729 ўринли камида 4 та етти қаватли автотураргоҳ қурилади. Жой нархини автомобилнинг зарарли чиқиндилари даражасидан келиб чиқиб аниқлаш режалаштирилган. Шунингдек, 2022 йилдан бери муҳокама қилинаётган пуллик тўхташ жойлари қуришни бошлаш ҳам кутилмоқда.
Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи Самарқанддаги анжуманда Марказий Осиёда ҳайвонлардан одамларга юқадиган касалликлар хавфини камайтиришга қаратилган «Марказий Осиёда ягона саломатлик» ташаббусини илгари сурди. Лойиҳа қиймати 11 миллион еврони ташкил этади.
Uzum Market ва Ўзбекистон селлерлар ассоциацияси томонидан «2024-трендлари» форуми ташкил қилиниб, унда соҳа мутаҳассислари бизнесни ривожлантириш бўйича тажрибалари билан бўлишадилар.
Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларидаги қурилиш ишлари учун қўшни давлатлардан минглаб меҳнат мигрантларини ёлламоқда, аммо уларнинг баъзилари хандақ қазиш ва фронтда жанг қилишга мажбур бўлмоқда, деб ёзди Bloomberg. Ўз мамлакатида эса улар ёлланганлик учун қамалиши хавфи мавжуд.
Шерзодхон Қудратхўжага кўра, Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилиши керак. Шунингдек, у россиялик сиёсатчиларнинг баёнотларига жим туриш мумкин эмаслигини айтди. «Россотрудничество» у ва унинг тузилмалари билан алоқаларни узишини билдирди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг