Тошкент шаҳридаги Содиқ Азимов кўчасининг бир қисмини ҳам 24 соатлик гастрономик кўчага айлантириш режа қилинмоқда. Аввалроқ Тарас Шевченко кўчасини гастрономик кўчага айлантириш режалаштирилганди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳеч қандай ўйин ўтказмасдан ФИФА рейтингида 1 поғона юқорилаб, 61-ўринни эгаллади. Парагвай очко йўқотиб, рейтингда пастлагани бунга сабаб бўлди.
Ўзбекистонда Йўл ҳаракати қоидаларига индивидуал ҳаракатланиш воситалари (ИҲВ), жумладан, электросамокатлар ҳаракатини тартибга солувчи ўзгартиришлар киритилди. ИҲВ тротуарларда 10 км/соатгача (6 км/соатгача бўлиши таклиф қилинган эди), автомобиль йўлида 20 км/соат тезликда юришига рухсат берилди.
АҚШ президенти Жо Байден учинчи марта COVID-19 билан касалланди. Касаллик енгил кечмоқда ва у ўзини изоляциялаган ҳолда ишлайди, дея таъкидлади Оқ уй.
Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарувчи тадбиркор юридик шахслар учун лимит 10 фоиздан ошиб кетганда, электр энергияси учун тўланадиган икки бараварли тарифни бекор қилишни сўради. Унинг фикрича, «Энергетика вазирлиги тизимдаги айбини тадбиркорлар ҳисобига ёпмоқчи».
Ўзбекистонга икки кунлик давлат ташрифи билан келган Қирғизистон президенти ва унинг рафиқасини Тошкент халқаро аэропортида Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси кутиб олди. Фото.
Автомобиль йўллари қўмитасининг Сирдарё вилояти бошқармаси тизим ташкилотларининг 37 млрд сўмлик давлат харидларида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда иш қўзғатилган.
2019 йилнинг ноябрь ойидан бери Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини бошқариб келган Олим Саидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Шерзод Ибрагимов эгаллади.
Москва шаҳридан Самарқандга учган маст ҳолдаги йўловчи ёлғондан самолётда портловчи модда борлигини айтгани маълум бўлди. Унга нисбатан иш очилди.
2024 йилнинг биринчи ярмида 2389 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилди (+34,4%). Улар, асосан, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, фирибгарлик ва пора олди-бердиси билан боғлиқ жиноятларга қўл урган.
Каттақўрғон туманида Isuzu йўлнинг белгиланмаган қисмидан ўтаётган пиёдани уриб юборди. Жабрланувчи кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан шифохонада вафот этди.
Шу йилдан Аризона давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Тошкентдаги Америка технология университети талабаларни қабул қила бошлайди. Унга тўлиқ академик мустақиллик берилади. Олийгоҳ нафақат ушбу университетнинг, балки АҚШда тан олинган бошқа хорижий ОТМларнинг ҳам дипломини беради.
2021 йил мартидан буён Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Шарлотта Адриан дипломатик миссиясини якунлади.
Шавкат Мирзиёев ва Эроннинг янги президенти Масъуд Пезешкиён телефон орқали мулоқотда Ўзбекистон-Эрон муносабатларини ривожлантириш, аввал эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, минтақа кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилди.
18 июлдан бошлаб Тошкент-Андижон-Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поезд «Қува» бекатида ҳам 2 дақиқа тўхтаб ўтади. Транспорт вазирлиги рейслар жадвалини эълон қилди.
Юнусобод туманида қисқа туташув сабаб Lada Largus машинаси ёниб кетди. Ёнғинда ҳеч ким жароҳатланмади. Ҳозирда ҳолат сабаблари ўрганилмоқда.
Ўзбекистонда газ ресурслари савдоси билан шуғулланувчи Ultimo Group Limited директори Туҳфатхўжа Анвархўжаев унинг компанияси ҳақида суриштирув эълон қилган «Озодлик» ва мазкур ОАВ журналистини судга берди. Тадбиркор раддия эълон қилиш ва 100 млн сўм товон пули тўлашни талаб қилмоқда.
Президент қарори билан, «Ўзтўқимачиликсаноат» собиқ раиси Илхом Хайдаров ташқи ишлар вазири ўринбосари этиб тайинланди. У бошқа ишга ўтиши сабаб лавозимини тарк этган Раҳматилла Нуримбетов ўрнини эгаллайди.
«Бахти Ташкентский» ва жами 37 кишига нисбатан очиқ суд иши давом этмоқда. 15 июль кунги томонлар музокарасида адвокатлар ва судланувчилар тингланди. «Биз террорист, коррупционер бўлмаганмиз, одамхўр эмасмиз. Иложи бўлса, шу ерда ўтирган болаларга енгиллик берсангиз», — деди Бахтиёр Қудратуллаев.
Президент бундан буён туман ҳокимлари ўз ҳудудларида маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга масъул бўлишини маълум қилди. Қолаверса, Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон туманларининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш борасидаги тажрибасини кенгайтириш бўйича кўрсатма берилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг