Иқтисодиёт ва молия вазирлигига фуқаролар томонидан ихтиёрий пенсия бадаллари ҳисобига акция сотиб олиш, ходимларга ўз корхонаси акцияларини харид қилиш устувор ҳуқуқ бериш, дивидендлар бўйича имтиёзларни 2028 йил охиригача узайтириш кабиларни назарда тутган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Экология вазирлиги томонидан 40 минг нусхада Қизил китоб нашр этилган бўлиб, улар Ўзбекистон бўйлаб мактаб ўқувчиларига «экологик онг ва маданиятни шакллантириш» мақсадида тарқатилмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори билан «Ибратли оила» кўкрак нишонини бериш тартиби белгиланди. Ушбу кўкрак нишони билан оила институтини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни сақлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган намунали оилалар тақдирланади.
«Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» давлат унитар корхонаси «Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси» АЖга ўзгартирилади ва унинг устав капиталидаги давлат акциялари пакети Марказий банкка ўтказилади. Шунингдек, «Миллий клиринг маркази» ташкил этилади.
Август ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда 0,5 фоизлик инфляция қайд этилди, йиллик инфляция эса 9 фоиздан пастлигича қолмоқда. Ўтган ойда тухум, гуруч, гўшт, сут қимматлади, ун, ёғ ва шакар эса арзонлади. Бензин, метан ва пропан нархи ошишда давом этмоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан 3 сентябрь куни Yangi Nafas оммавий югуриш мусобақаси ташкил қилинди. Ўзбекистоннинг 16 шаҳридан 100 мингга яқин югурувчилар иштирок этди.
Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали фаоллар зали томидан плита қулаб тушди. Университет хабар қилишича, воқеа сабаб икки талаба жароҳатланган.
Туркияда гимнастика бўйича бўлиб ўтган World Challenge Cup series мусобақасида Оксана Чусовитина олтин, Абдулазиз Мирвалиев кумуш медални қўлга киритди.
Марҳамат туманидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи болалар танасининг турли қисмларига тарсаки туширгани аниқланди. У лавозимидан озод этилиб, боғча раҳбариятига интизомий чора қўлланди.
Ўзбекистон бюджет кўрсаткичлари ёмонлашишининг сабабларидан бири — электр энергияси тарифлари ислоҳоти кейинга қолдирилгани, дея қайд этди Fitch агентлиги. Тўлиқ миқёсдаги энергетика ислоҳоти қанчалик узоққа чўзилса, йил охирида 5,1 фоиз бўлиши кутилаётган бюджет тақчиллиги шунчалик секин пасаяди.
Ўзбекистон ҳудудида ҳафтанинг биринчи ярмида +26…+29 даража, иккинчи ярмида +29…+32 даражагача кўтарилади. Ҳаво асосан ҳаво қуруқ ва кам булутли бўлади. Кечаси ва эрталаб салқин бўлади.
Тижорат банклари 4 сентябрь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 12 040−12 070 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 12 110−12 165 сўм.
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан айрим давлат хизматларини жойларга чиққан ҳолда кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Жойларга чиқиб кўрсатилган хизматлар учун қўшимча бир маралик тўлов ундирилади.
Халқаро молия корпорацияси Япония ҳукумати билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукуматига янги инвестиция қонунчилигини тайёрлашда ёрдам беради. Бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпроқ жалб қилиш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш мақсад қилинган.
Душанбадан Тошкентда еттита янги автобус йўналиши ва энг тиғиз вақтларда ишловчи учта вақтинча экспресс йўналиш ташкил этилди. Август ойи охирида учта йўналиш ҳаракати қисқартирилди.
Тошкент вилоятида 4 сентябрдан бошлаб тезликни назорат қилувчи 11 та мобил радарлар иш бошлади. Рўйхат.
Президент қарори билан Тоир Алиматов қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари этиб тайинланди.
Ўзбекистонда янгиланган асосий дори воситалари рўйхати (АДВР) тасдиқланди. Ундан 65 гуруҳга мансуб дорилар ўрин эгаллаган. Рўйхатдан тиббиёт муассасалари эҳтиёжини таҳлил этиш, бундай дорилар мавжудлигини мониторинг қилиш, нархини шакллантириш ва бошқа мақсадларда фойдаланилади.
Тармоқларда «заправка»лар учун кунлик газ лимити киритилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Энергетика вазирлиги шартномаларда «соатлик, кунлик, ойлик ва йиллик» ҳажм белгиланиши мумкинлиги кўрсатилганини билдирди. Истеъмолчилар қўшимча газ сўраб мурожаат қилиши мумкин, дейди вазирлик.
Венгрияда бўлиб ўтган 35-Халқаро информатика олимпиадасида Дилёрбек Валижонов ва Дилшодбек Хўжаев бронза медалларини қўлга киритди. Бу Ўзбекистон учун ушбу фан бўйича олимпиададаги илк медаллар бўлди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг