Учқудуқ ва Конимех туманларининг чўл ҳудудларига 600 та йўрға тувалоқ қўйиб юборилди. Қушлар БАА молиялаштирувчи «Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази» томонидан етиштирилган. Қушлар Ўзбекистон қизил китобига киритилган.
Ташқи ишлар вазирлиги собиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги биносига кўчди. ТИВ биносида эса янги ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жойлашади.
Бу ҳафта Ўзбекистонда ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари ҳарорат +35…+40, жанубда ва чўл ҳудудларда +42 даражагача исийди. Айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фуқароларнинг ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатларсиз қурилган уй-жойлари жойлашган ер участкасига ижара ҳуқуқи, унда жойлашган бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқи эътироф этилади.
Покистоннинг Бажаур туманида сиёсий партия йиғилишида худкуш портлаш уюштирди. Дастлабки маълумотга кўра, 44 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган. Ўзбекистон ТИВ қурбонларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Тижорат банклари 31 июль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 540−11 610 сўмдан сотиб олмоқда, сотув курси эса 11 650−11 660 сўм.
Ангор туманида 2 кунлик қиз чақалоғини 35 млн сўмга сотмоқчи бўлган эркак аниқланди. У 1400 доллар ва 10 млн сўм олаётган пайтда қўлга олинди.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров салбий мазмундаги мақолани тарқатмаслик эвазига 10 минг доллар талаб қилганликда айбланиб, ҳибсга олинганди. Унинг укаси Салимжон Ҳайдаров «Газета.uz»га айтишича, гумондорнинг уйида тинтув ҳам ўтказилди.
Навоийда фуқарога $30 минг эвазига олтин қазиб олиш учун шароит яратиб берган ИИБ инспектори, Наманганда $3 минг эвазига фирманинг 383 млн сўмлик солиғини бартараф этмоқчи бўлган солиқ инспектори, Андижонда $5 минг эвазига фуқарони ишга киритиб қўйишни ваъда қилган Миллий гвардия ходими ушланди.
Президент қарори билан хориждан келган ҳар бир турист учун туроператорларга тенг улушларда 20 дан 100 долларгача субсидия ажратилади. Шунингдек, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетида ўқимоқчи бўлган айрим хорижий мамлакатлар фуқаролари учун давлат грантлари шакллантирилади.
2002 йилда қасддан одам ўлдиришда гумонланиб, қидирувга берилган 48 ёшли эркак Қозоғистондан, 2015 йилда босқинчиликда гумонланиб, қидирувга берилган шахс эса Россиядан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Туркия давлатлар жўғрофия кенгаши ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котибларининг Истанбулда бўлиб ўтган учрашувида иқлим ўзгариши, экологик муаммолар, энергия ресурслари тақчиллиги каби глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга келишиб олинди.
Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноятда гумонланиб, ҳибсга олинди, дея маълум қилди Фарғона вилояти ИИБ. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда.
Ўзбекистонда 1 августдан зарур иш стажига эга бўлмаган кексаларга бериладиган нафақа миқдори 535 минг сўмдан 568 минг сўмга оширилади. Бу ўзгариш боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун тўланадиган миқдорга ҳам тааллуқли.
Оқдарё тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда бир гуруҳ фуқаролар автобус йўлини тўсиб, унга тош отди. Самарқанд вилояти ИИБ можаро ҳайдовчилар йўл талашгани ортидан келиб чиққани ва 14 кишига нисбатан 15 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланганини билдирди.
Фарғонада 6 кишининг ўлимига сабаб бўлган ёнғин бўйича прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилди. Ачилбой Раматов бошчилигидаги ҳукумат комиссиясига вафот этганларнинг оиласи ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ҳамда бахтсиз ҳодисани текшириб, ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Шавкат Мирзиёевнинг фармонига кўра, 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан бир гуруҳ шахсларга «Дўстлик», II даражали «Соғлом авлод учун» орденлари ва «Шуҳрат» медали берилди (рўйхат).
Фарғона шаҳридаги 4 қаватли бино ертўласида жойлашган караоке кафесида ёнғин содир бўлиши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди. 7 киши шифохонага олиб кетилган. Президент топшириғига кўра тузилган Ҳукумат комиссияси Фарғонага жўнаб кетди.
Тошкентнинг Бунёдкор шоҳкўчасида учта енгил автомобиль тўқнашиб кетди, бир машина ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчиси жароҳатланди.
Андижон вилоятида яшовчи 30 ёшли шахс Суриядаги жангарилар сафига қўшилмоқчи бўлгани учун 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилди. У Туркияда яшаган пайтида бир неча бор Сурияга ўтишга уринган, сўнг Ўзбекистонга депортация қилинган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг