АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги Америка делегацияси Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Тошкентда унинг «минтақавий ва икки томонлама масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш» бўйича музокаралар ўтказиши режалаштирилган. У 1 март куни Ҳиндистонга жўнаб кетади.
Тошкент ҳокимлиги «Росатом»нинг энергия самарадорлиги ва инфратузилма ечимлари лойиҳа бюросини Ўзбекистон пойтахтининг электр ва иссиқлик таъминотини яхшилаш ҳамда коммунал инфратузилмани модернизация қилишга жалб этмоқчи.
Япония Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Урганчдаги мактабда санитария ҳолатини яхшилаш ҳамда Термиздаги иккита боғчани ўқув жиҳозлари билан таъминлаш учун грантлар ажратди.
ЎзДЖТСУ Фарғона филиалида ўтказилган касбий имтиҳонларда 356 нафар абитуриент тўплаган балларга сохта ёзувлар киритилиб, уларнинг 322 нафарига балл қўшиб берилгани, 34 нафарининг баллари эса камайтирилгани аниқланди. Натижада юқори балл тўплаган 145 нафар абитуриент ўқишга кира олмаган.
Ўзбекистон ва Покистон савдо ҳажмини 1 млрд долларга етказиш учун савдогарларни қўллаб-қувватлаш воситаларини жорий этиш, автомобиль ва транзит ташиш тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш ҳамда икки давлат ўртасида электрон тижоратни ривожлантиришни ўз ичига олган ҳаракатлар режасини келишиб олди.
Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Қишлоққурилишбанк, Асакабанк, Капиталбанк, Анорбанк ва Равнақ-банк йўл қўйган камчиликлари учун огоҳлантирилди.
Қорақалпоғистондаги июль воқеалари бўйича жиноий ишда судланган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси ва адвокати Ринат Тажимуратов Ўзбекистон Олий судига апелляция шикоятини киритди. У жазони енгилроғига алмаштириш ва моддий зарарни тўлашдан озод қилишни сўради.
1−8 март кунлари Food City савдо мажмуасида баҳорги ярмарка ва чегирмалар акцияси бўлиб ўтади.
Самарқанд-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Isuzu Сирдарё йўл-патруль хизмати масканида тўхтатилганда унда истеъмолга яроқсиз салкам 2,6 тонна гўшт борлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.
Ургут туманидаги мактабда директор ўқувчини ургани оқибатида боланинг қулоқ пардаси йиртилганди. Суд ҳукмига кўра, собиқ директорга нисбатан 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг 3 йилга таълим соҳасида мансабдор сифатида ишлаши тақиқланди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Давлат назорати органлари ўртасида юқори хавф туғдирадиган маҳсулот ҳақида тезкор хабар бериш тизими яратилади.
Президент қарори билан АИ-80 бензини учун акциз солиғини «ноль» ставкада қўллаш муддати 2023 йил 31 декабрга қадар узайтирилди. Шунга кўра, бензин нархи март ойидан ошмайди.
28 февраль ёввойи ҳайвон ва қушларни овлашга рухсат этилган сўнгги кун бўлиб, 1 мартдан ов мавсуми якунига етади. Овчилардан уларга берилган йўлланмаларни 10 кун муддатда тегишли тартибда топшириш сўралди.
UzAuto Motors янгиланган Chevrolet Malibu XL сотуви бошлангани ҳақида хабар берди. Redline линияси услубида ишлаб чиқилган автомобиллар 3 та комплектацияда тақдим этилиб, 334,8 млн сўмдан 374,1 млн сўмгача (ҚҚСсиз) сотилади.
Хўжайлидаги 21-мактаб директори ходимлардан комиссия учун 20 минг сўмдан йиққани сабабли ишдан бўшатилди. Маблағ баннерларни янгилаш мақсадида йиғилгани айтилмоқда, аммо ходимлар пул комиссияни овқатлантириш учун сарфланишини билдирди.
ДХХ ходимлари прокуратура, суд, Миллий гвардия ва адвокатура ходимларини қўлга олди. Уларга фирибгарлик, пора олиш каби айбловлар қўйилган.
FIFA 2022 йилнинг энг яхшиларини тақдирлади: Лионель Месси энг яхши футболчи, Эмилиано Мартинес энг яхши дарвозабон, Лионель Скалони эса энг яхши мураббий бўлди. Уларнинг барчаси 2022 йилда жаҳон чемпиони бўлган Аргентина терма жамоаси аъзоларидир.
Нодавлат таълим ташкилотларида ахборот технологиялари соҳасида ўқиётган ёшларга таълим кредитлари ажратилади. Улар БҲМнинг 65 бараваригача бўлган миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатгача 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахсларга берилади.
Наманган туманида Damas ҳайдовчиси қоидаларга зид равишда 25 нафар боғча боласини олиб кетаётгани аниқланди. Унга огоҳлантириш берилиб, ўрнатилган тартибда чора кўрилди.
Тижорат банклари 28 февраль куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 270 — 11 320 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса аксарият банкларда 11 375 сўм.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг