БАА Федерал Олий кенгаши бир овоздан шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённи амирлик президенти этиб сайлади. У 13 май куни вафот этган шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаённинг укаси ҳисобланади.
Апрель бошида 8 нафар шри-ланкалик Тошкентдан Лондонга учишга уринганида рейсдан тўхтатиб қолинди. Экспертиза улардаги 2та Италия ва 6 та Франция паспорти қалбаки эканлигини аниқлади. Хорижлик фуқароларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Оксана Чусовитина тасвирланган граффитига етказилган зарарни тўғрилаш сўралган пойтахтдаги мураллар муаллифи Хасан Майчеев воқеа аслида қандай бўлганини сўзлаб берди. У бошқаларнинг ишини бузиш нияти бўлмаганлигини айтиб, ҳамкасбидан узр сўради. Шанбага ўтар кечаси Inkuzart граффитидаги ўзининг логосини ўчириб ташлади.
Ҳукумат қарори билан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганларга жариманинг 20 фоизи миқдорида пул мукофотини тўлаш тартиби белгиланди. Фуқаролар терминал мавжуд эмаслиги, нақд ва карта орқали тўловда тафовут, товарларни қалбаки маркировкалаш ва хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш каби ҳолатларни аниқласа Soliq мобил иловаси орқали хабар бериши мумкин.
Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида автобус ЙТҲга учраши оқибатида жабрланган 23 нафар ўзбекистонлик эвакуация қилинди. Вафот этган икки фуқаро жасади яшаш манзиллари — Бухоро ва Хоразм вилоятларига юборилди. Шанба куни жароҳат олганларнинг яна бири оламдан ўтди.
Учкўприк тумани ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев Навоий вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда Саъдулло Истамовнинг ўрнини эгаллади.
Қовурилган гулкарам, газ печи ҳамда пишлоқли клярда пиширилган гулкарам, товуқ гўшти билан тайёрланган котлетлар, гулкарамли крем шўрва — Zira.uz гулкарамдан тайёрланадиган таомлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Тошкент вилоятида жанжал оқибатида қайнона келинини пичоқлаб қўйди, у касалхонада вафот этди. Келиннинг уч нафар фарзанди бор эди.
Ўзбекистонда интернетда ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш ва иқтидорли талабаларни муносиб рағбатлантиришга қаратилган WikiStipendiya марафонига старт берилди. Ўзбекча Википедиянинг энг фаол муҳаррирлари 50 млн сўмгача бир марталик стипендияни қўлга киритиши мумкин. Апрель ойида Википедиянинг ўзбекча саҳифалари 14,6 млндан ортиқ маротаба кўрилган.
Шавкат Мирзиёев Фарғона фаоллари билан суҳбатда энди иш бошлаган пайтлари вилоятнинг экспорт салоҳиятини 50 млн долларга етказиш мўлжаллангани, ўтган йили эса бу миқдор 801 млн долларга етганини айтди. «Ҳозир 1 млрд доллар экспорт тўғрисида гаплашяпмиз», — деди у. Шунингдек, президент тадбиркорларга шароит яратиб, «уларни сийласак, улар халқни сийлайди», дея таъкидлади.
Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. У маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишлашга киритишни ваъда қилганлиги айтилмоқда. Туман ҳокимияти «ҳоким ёрдамчиси аввалги иш жойидаги имконияти туфайли пора олгани, ҳозирги лавозими унга бундай ваколатлар бермаслигини» таъкидлади.
Ҳуқуқшунос Камолиддин Баҳавадинов «тонировка»га қўйилган талаб мантиқсизликдан бошқа нарса эмаслиги ва унга қўйилган нарх «космик» даражада қимматлигини танқид қилди. «Одам ёзда ўзини бироз қулай ҳис қилиши учун 6 ойлик ойлигини емай, ичмай бериши шахсан мен учун мантиқсизлик. Бу инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол қилиш», — деди у. Қолаверса, машина орқа ён ойнасига парда тақишга рухсат борлиги ва «тонировка» мумкин эмаслигини ҳеч ким тушунтириб бера олмаслигини айтди.
Марҳамат тумани ҳокимининг «Полвонтош» маҳалласи бўйича собиқ ёрдамчиси, 38 ёшли фуқаро ўз хонадонидаги молхонада осилган ҳолда топилди. Унга нисбатан тазйиқ, ҳақорат ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмагани айтилмоқда. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Нуробод тумани ҳудудидан ўтувчи йўлда Nexia автомобили бетон тўсиққа урилиб, пастликка ағдарилган. Машинада ёнғин чиқиб, 4 нафар йўловчи вафот этган. Ҳайдовчи оғир тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.
Душанбе шаҳрида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон ва Тожикистон ТИВ раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи ва бошқа соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятга эътибори сусайиб бораётганини таъкидлади, гарчи «у ердаги вазият оғир иқтисодий инқироз ва қийин гуманитар вазият кескинлигича қолиб, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидлар сақланиб қолмоқда». У июль ойида Тошкентда Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказилишини маълум қилди.
Жума куни БАА президенти шайх Халифа бин Зоид Ол Наҳаён 73 ёшида вафот этди. Амирликда 40 кунлик миллий мотам эълон қилинди.
Forbes’нинг энг кўп ҳақ тўланадиган спортчилар рўйхатида Лионель Месси етакчилик қилмоқда. У ўтган 12 ой ичида умумий ҳисобда 990 млн доллардан кўпроқ даромад олган атлетлар ўнталагида энг даромадли (130 млн доллар) спортчи бўлиб турибди. Мессидан кейин Леброн Жеймс (121,2 млн доллар) ва Криштиану Роналду (115 млн доллар) жой олган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Россия томонидан Украинада инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги тахминларни текшириш бўйича резолюцияни қабул қилди. 33 та мамлакат тергов учун овоз берди, Хитой ва Эритрия қарши чиқди, 12 мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон бетараф қолди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет «Киевнинг шимолидаги ҳудудларида суддан ташқари қотилликлар кўлами даҳшатли» эканлигини таъкидлади.
Бош вазир Абдулла Арипов Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида автобус ва трактор иштирокидаги аварияда жабрланган ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш учун қўшни давлатга махсус ишчи гуруҳни юборди. Унга фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Азизбек Латифжонов бошчилик қилмоқда.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг