Тармоқларда Тошкент вилоятида «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилган 2 ёшли бола вафот этгани айтилган хабар тарқалди. Вилоят ҳокимлиги буни рад этиб, шу пайтгача 9 нафар бола ушбу доридан заҳарланганини, 4 нафарининг аҳволи эса барқарор ҳолатдалигини маълум қилди.
Бўстонлиқ туманида 61 ёшли Россия фуқароси тақиқланган ҳудудда чанғи учиб, қор кўчкиси хавфини юзага келтирган ва қор уюмлари остида қолиб ҳалок бўлди.
Пешку туманида 21 ва 24 ёшли аёллар уйида ўзини осиб қўйди. Уларнинг иккиси ҳам вафот этди. Туман прокуратураси томонидан текширув бошланди.
Бир гуруҳ фуқаролар Бўстонлиқ туманидаги тоққа дам олиш мақсадида чиқиб, улардан бири сойга тушиб кетди. ФВВ ходимлари уни қутқариб қолди ва пастга олиб тушди.
9 январдан Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб кела бошлайди. 10−15 январь кунлари ҳаво ҳарорати кечалари −12…−17 даражагача, кундуз кунлари −5…−8 даражача, чўл ҳудудларда эса −25…−27 даражагача пасаяди.
1 июлдан Тошкент шаҳрида тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилади. Пойтахтдаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохона компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминлаш учун 30 млрд сўм берилади. Навоий вилоятида бу тизимни ишга тушуришни вазирлик ўзига мажбурият сифатида олди.
2019 йилда 10 йилга қамалган Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров шартли равишда озодликка чиқарилди. У товламачилик, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш ва бошқа жиноятларни содир этишда айбланган.
Андижон вилоятида 17 ёшли бола тўрт нафар синфдоши билан Spark машинасида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги юк машинасига бориб урилди. Оқибатда улардан бири тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этди.
Тижорат банклари 5 январь куни аҳолидан 1 АҚШ долларини 11 200 — 11 290 сўмдан сотиб олмоқда, сотиш курси эса 11 320 сўм.
2022 йилда жамоатчилик Қирғизистон президенти Садир Жапаров гардеробидаги деярли 2,5 млн сомлик (қарийб $29,2 минг) ёки унинг йиллик даромадининг 2,5 баробарига тенг кийимларига эътибор қаратди. Мисол учун, ўтган йилнинг октябрида президент $15,3 минглик итальян курткасида кўриниш берди.
Ишдан кетган Тошкент бош имом-хатиби, Сирдарёда 7 болага ножўя таъсир қилган «Док-1 Макс», Путин билан телефонда гаплашган Мирзиёев, 348 млн сўмга сотилган энг қиммат авторақам, шартнома тузишни вақтинча тўхтатган UzAuto Motors, ЙТҲда вафот этган 4 киши ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
2022 йилда онлайн-аукционлар орқали умумий қиймати 304 млн сўмдан ортиқ бўлган қарийб 120 мингта автомобиль давлат рақамлари харид қилинди. Энг қиммат рақам автомобиль эгасига 348 млн сўм, энг арзони 494 минг сўмга тушган.
ССВга кўра, «Док-1 Макс» дорисидан болаларнинг оммавий ўлими кузатилганидан сўнг уйма-уй юрган ҳолда «Хонадон дори қутиси» назоратдан ўтказилади. Quramax Medical компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш юзасидан зарур чоралар кўрилади.
Вазирлар Маҳкамаси Ангрен иссиқлик электр станциясини ишончли бошқарувдан чиқарди. 2019 йилдан бери ИЭС ҳукуматнинг ёпиқ қарори асосида Central Asia Energy компанияси томонидан бошқарилаётган эди. Уч йил давомида станция кўп млрд сўмлик зарар кўрди, ваҳоланки аввал у фойда келтирувчи корхона бўлган.
Шаҳрисабз туманида эркак таниши томонидан калтакланган аёл туман шифохонасида вафот этди. Гумонланувчи ҳибсга олинди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Раҳматуллоҳ домла Сайфуддинов ўз аризасига биноан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига «Абу Сахий» жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчиси этиб тайинланди.
Ўзбекистоннинг 6 та вилоятида 5−10 январь кунлари кутилаётган вақти-вақти билан ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратидаги ўзгаришлар сабабли қор кўчиш хавфи эълон қилинди.
Шуҳрат Ғаниев президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача бош вазир ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан телефон орқали гаплашди. Мулоқотда иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, турли соҳаларда, жумладан, энергетика соҳасида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.
Самарқанд туманида AUDI икки нафар пиёдани уриб кетди. Оқибатда уларнинг иккиси ҳам вафот этди. Гумонланувчи ҳибсга олинди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг