Байден маъмурияти Украина учун 725 млн долларлик қурол-яроғ пакетини тайёрламоқда. Унга пиёдаларга қарши миналар, дронлар, ракеталар ва HIMARS ракета тизимлари учун ўқ-дорилар киради.
Жума кунидан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво ҳарорат пасая бошлайди. Жойларда ёмғир ёғади, айрим ҳудудларда у қорга айланиши мумкин. Кечалари ҳарорат −8…+2, кундуз кунлари −2…+8 даража бўлиши кутилмоқда.
Россия президенти Владимир Путин Остона музокаралари якунида Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини кўпайтириш режаларини маълум қилди.
Ўзбекистон Марказий банки бир фойдаланувчига бериладиган карталар сонини чекламоқчи. Регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраевнинг таъкидлашича, айрим мижозлар юзлаб карталарга эга бўлиб, бу фирибгарлар томонидан карталардаги маблағ ўзлаштирилишига олиб келмоқда.
ССВ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини тиббий суғурта, фармацевтика ва тез тиббий ёрдам каби еттита асосий йўналишда ўзгартиришга ёрдам бериши керак бўлган етти нафар туркиялик мутахассисни жалб қилди. Ҳозир улар барча даражадаги тиббиёт муассасаларини ўрганмоқда ва ҳудудларга сафар уюштирмоқда.
Май ойида Spark Тошкентнинг Юсуф Хос Ҳожиб кўчасидаги тартибсиз ўтиш жойида аёлни уриб юборганди. Жабрланувчи шифохонада вафот этган. Суд ҳайдовчини 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Жазо манзил-колонияда ўталади. Ушбу кўчадаги пиёдалар ўтиш жойлари ҳамон хавфсизлик талабларига жавоб бермайди.
Ўзбекистонда йил бошидан буён 75 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Ҳолатларнинг аксарияти Фарғона, Хоразм ва Жиззах вилоятларига тўғри келади. «Ҳудудгазтаъминот» компанияси газ тўпланганда автоматик тўхтатадиган ёки овозли хабар берадиган ускуналарни ўрнатишни тавсия этмоқда.
«Адолат» партияси депутати Муҳаммад Валиев сўнгги ойларда пропан нархи кескин ошгани сабабли масъул идораларга сўровлар йўллади. Сўровларда нархлар ошишининг сабаблари, уларни барқарорлаштириш ва нарх шаклланишининг шаффофлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги саволлар кўтарилган.
Самарқанд шаҳрида трамвайнинг 3-йўналиши очилиши мумкин. Ҳозирда бу учун Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик қилинмоқда.
1 декабрдан бошлаб Россияда эксперимент тарзида хорижлик ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мамлакатга киришда биометрик маълумотларини тақдим эта бошлайди. Биринчи босқичда йиғиш Москва ва Москва вилояти аэропортларида, шунингдек, Оренбург вилоятидаги «Маштаково» назорат пунктида амалга оширилади.
Президент ҳузурида хорижий инвестиция жалб қилиш соҳасидаги натижалар танқидий таҳлил қилинди. Давлат раҳбари ёндашувларни тубдан ўзгартириш, инвестицияларнинг нафақат ҳажмини, балки сифатини ҳам ошириш зарурлигини айтди. Ҳар бир доллар саноатни ривожлантириши, янги иш ўрни яратиши керак, деди у.
Самарқанддаги корхоналардан бирининг ҳисобчиси 6,4 млрд сўмни ўзлаштириб, кейинчалик маблағни интернетдаги қимор ўйинларида ютқазиб қўйди. У сохта маълумотлар орқали пулларни ўз номига очилган пластик карталарига ўтказиб олган.
Тошкент шаҳри суди апелляция инстанцияси ёзда 20 йилга озодликдан маҳрум этилган Саидазиз Саидалиевга («Саидазиз медгородок») нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Товламачилик иши бўйича судланган яна 13 нафар шахснинг шикояти ҳам рад этилди.
Бино қурилиши ва реконструкциясида дарахтларга кимёвий моддалар орқали шикаст етказиш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Ток ва портловчилардан фойдаланиб овчилик ва балиқчилик, шунингдек, экология инспекторлари ишига тўсқинлик қилганлик учун жарималар кучайтирилди.
Ўтган ҳафта Россия томонидан Украинанинг Днепр дарёси бўйлаб учирилган «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасида портловчи моддалар бўлмаган ва «сезиларсиз» зарар етказган, деб хабар берди Reuters.
Ўзбекистонга Тошкент атрофидаги қатновлар учун Россияда ишлаб чиқарилган ЭП3Д электропоезди келтирилди, дея хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев. Президент янги йил арафасида Бухоро ва Хива ўртасидаги электрлаштирилган линияни ҳам ишга тушириши кутилмоқда.
Иш берувчилар томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига мажбурий жамғариб бориладиган пенсия бадалларини ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
«Йўлдош» мавзеси ҳудудидаги ёғоч уйлар бузилиши режалаштирилганди. Пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Toshkent Invest компанияси мавзеда замонавий дарахтзор барпо этиш режалаштирилганини маълум қилди. Ёғоч уйларда яшаётган аҳоли «Йўлдош» мавзесидан 1,5 км узоқликдаги «Гулшонобод» маҳалласига кўчирилади.
Эндиликда ҳар ой маҳаллалардаги фаол уч нафар нуронийга 577,5 минг сўм пул берилади. Бунинг учун улар оилаларни камбағалликдан чиқариши, фарзандларини таълим олишга кўмаклашиши ва пиёда юришни тарғиб қилиши керак. Кексаларни спортга жалб қилиш учун маҳаллаларга йилига 10 млн сўм ажратилади.
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» Ливан-Исроил чегарасидаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олди. Энди Исроил 60 кун ичида Ливандан ўз қўшинларини олиб чиқиши керак бўлади. Нетаньяҳу агар «Ҳизбуллоҳ» келишувнинг бирор қисмини бузса, Исроил зарба беришда иккиланмаслигини айтди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг