Жаҳон банки вице-президентини қабул қиладиган Шавкат Мирзиёев, бошланаётган совуқ кунлар, Паркентда мактабга жар ёқалаб кетаётган болалар, йирик ЙТҲ сабаб ёпилган Тошкентдаги Нукус кўчаси, куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун ажратиладиган 2 млрд сўм пул ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга Ижевскдаги мактабда содир бўлган отишма оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 15 кишига етган.
Пойтахтнинг Нукус кўчасида тўртта автомобиль тўқнашиши натижасида улардан бири ағдарилиб кетди. Икки ҳайдовчи жароҳатланган. Кўча транспорт ҳаракати учун вақтинча ёпилди.
Ҳукумат қарори билан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп хонадонли уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун 1,99 трлн сўм (давлат бюджетидан атиги 10,6 млрд сўм) йўналтирилади. Ишлар бош вазирнинг биринчи ўринбосари бошчилигидаги комиссия томонидан мувофиқлаштирилади.
Янгийўл тумани ҳокимлиги фуқарога «Ёшлар меҳнат гузари ишлаб чиқариш цехлари» мажмуасини қуриш учун 2 гектар ер берган. Бошқа фуқаро шериклари билан унинг 1 гектарини $400 мингга сотиб олишга келишиб, 30 минг долларини олаётган вақтларида ушланган. Ҳозир ҳолат бўйча жиноят иши очилди.
26 сентябрдан 2 октябргача Tashkent Dance Fest доирасида шаҳарнинг 60 та локациясида флеш-моблар ва рақс жамоалари мусобақаси бўлиб ўтади.
Номаълум шахс Россиянинг Ижевск шаҳридаги мактабда отишма уйиштирди. Унда 13 киши, жумладан 7 бола ҳалок бўлди, 21 киши эса яраланди. Гумонланувчи ўз жонига қасд қилди. Удмуртияда тўрт кунлик мотам эълон қилинди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 18,15 сўмга қимматлаб, 11 048,28 сўм этиб белгиланди. Евро курси эса яна пасайди, рубль кўтарилди.
29−30 сентябрь кунлари Мўйноқда «Орол балиқларидан 99 тур таомлар» гастрономик фестивали бўлиб ўтади. Фестивалдан мақсад ҳудуд гастрономик туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, маданий ҳамда кўнгилочар тадбирлар ўтказиш ва бу орқали туристлар сонини янада кўпайтириш экани қайд этилган.
Душанба куни эрта тонгда 38 ёшли аёл «Хўжадавлат-Бухоро-1» йўналишидаги поезд уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. У ўз жонига қасд қилишга урингани айтилмоқда.
6 октябрь куни Тошкентда йирик бизнеснинг рақамли трансформациясига бағишланган форуми бўлиб ўтади. Тадбирда қатнашиш бепул.
Қозоғистон ТИВ Донбасс, Запорожье ва Херсондаги Россияга қўшилиш тўғрисидаги референдумларга изоҳ берди: «Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва тинч-тотув яшаш тамойилларига таянади».
Марказий банк 26 сентябрь кунги долларнинг расмий курсини 11 030,13 сўм этиб белгилаганидан сўнг, тижорат банклари ҳам мижозлар учун ўз таклифини янгилади.
27 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига совуқ ҳаво массалари тарқалади, кундузги ҳарорат +22…+27 даражагача пасаяди. Баъзи жойларда шамол чанг-тўзонлар билан 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Тоғли ҳудудларда ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган президент қарори лойиҳасига кўра, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва ҳокимиятлар ҳузурида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади. Унга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва ҳокимлар раҳбарлик қилади.
Президентнинг ҳафталик иш режаси маълум қилинди. Унга кўра, давлат раҳбари душанба куни электротехника саноатида вазифалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботини тинглайди. Ҳафта давомида Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерде билан учрашув ўтказади.
Дания ҳукумати Ўзбекистонда фахрий консуллик очишга қарор қилди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида икки давлат ташқи ишлар вазирларининг музокараларида маълум қилинди.
Булунғур туманида юк машинаси ўзи билан бир йўналишда велосипедда ҳаракатланиб кетаётган 10 ёшли болани уриб юборди. ЙТҲ оқибатида бола воқеа жойида ҳалок бўлди.
Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузияда амалий ташриф билан бўлди. Унда икки давлат ўртасида божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича Ҳамкорлик меморандуми ҳамда Ахборотларни олдиндан алмашиш бўйича баённома имзоланди.
Фарғонада жорий йил якунигача электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Корхона йилига 10 минг электромобиль ишлаб чиқаради ва 40 фоизини экспортга йўналтиради. Қолаверса, қатор эҳтиёт қисмлари маҳаллийлаштирилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг