Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланган Зойир Мирзаев, унинг президентга киритган таклифлари, ишдан олинган 4 нафар туман бош имоми, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси фуқароларни даъватларга берилмасликка чақиргани, Жиззахдаги ЙТҲ ва бошқалар — «Газета.uz»да кун дайжести.
Эронда ҳижоб туфайли полиция томонидан ҳибсга олинган қизнинг ўлими сабаб тартибсизликлар бўлди. Унда камида 8 киши, жумладан, 2 ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлди. Айрим ҳудудларда ижтимоий тармоқлар ва интернетдан фойдаланиш чекланган. Аёллар норозилик сифатида ҳижобларини ёқиб, сочларини кесмоқда.
Россия яқинда мамлакат фуқаролигини олган Марказий Осиёдан бўлганлар учун мажбурий ҳарбий хизматни қонунийлаштирмоқчи. «[Бу] ташаббус ушбу мамлакатлар расмийларининг ўз фуқароларининг махсус операцияда иштирок этишини тақиқлаганига адекват жавоб бўлади», дейилади хабарда.
Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон президенти Туркманистон президентини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, туркман халқига эса фаровонлик тилади.
15−16 сентябрь кунлари саммит ўтказилган жойда COVID-19 касаллигини аниқлаш учун ташкилотчи ва иштирокчиларнинг тести амалга оширилди.
АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 30,32 сўмга қимматлаб, 11 010,33 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси пасайди, рубль эса кўтарилди.
22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, тадбиркорлик, саноат, аграр соҳа ривожи, туризм ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича Зойир Мирзаев тақдим этган лойиҳалар билан танишди ва тегишли кўрсатмалар берди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, иқтисодий тармоқлар учун зарур электр энергия ресурсини режалаштириш бевосита сув оқими ҳажмини прогнозлаштириш имкониятлари ва салоҳиятига боғлиқ.
Президент дам олиш кунлари Бўстонлиқ йўлида тирбандликлар бўлишини танқид қилди. «Нега Паркентда ҳам шунақа тизим қилмаймиз? Паркент шашлиги ва сомсасини кўпчилик яхши кўради-ку», — деди у. Вилоятда фавқулодда ҳолат эълон қилинади, Паркент, Ангрен ва Оҳангаронда туризм кластерлари ташкил этилади.
Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши сессияси ўтказилди. Унда 2021 йил ноябрь ойидан буён Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Зойир Мирзаев номзоди вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди.
Президент келгуси йилдан Тошкент вилоятида «Менинг биринчи уйим» ипотека дастури ишга туширилишини маълум қилди. Вилоятда яшовчи ҳар бир фуқаро янги хонадондан бир марта имтиёзли ипотека кредити асосида олиш имкониятига эга бўлиши керак, деди у вилоят кенгаши сессиясида.
Шавкат Мирзиёев Нурафшонда халқ вакиллари билан суҳбатда Қирғизистон билан чегара борасидаги келишувларга тўхталиб ўтди ва илгари чегара ҳудудларда миналар бўлганини айтди. «Одамлар қариндошларининг на тўйига бора оларди, на азасига. Шахсан ўзим назорат қилиб миналарни олдирдим», — деди президент
Марказий банк 22 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 10 980,01 сўм этиб белгилади. Ўзгаришдан сўнг тижорат банклари ҳам ўз таклифларини янгилади.
Жиззах вилоятида ўрмон нозири 14 дона терак ва қайрағоч дарахтлари ноқонуний кесилгани ҳолати юзасидан жарима қўлламаслик эвазига 3 млн сўм пора талаб қилганликда гумонланяпти. Унга нисбатан жиноят иши очилди.
Тошкент, Самарқанд ва Жиззахда электр энергияси учун кўп миқдорли қарздорликни ўчириб беришни ваъда қилган ҳудудий электр таъминоти корхоналари ходимлари қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноий иш очилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ўз вазифасига виждонан ёндошмаган ва имомлик мақомига муносиб бўлмаган 4 нафар туман бош имоми ишдан олди. Шунингдек, 1 нафарига «ҳайфсан» интизомий жазоси берилди.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ватандошларга Ўзбекистон фуқароси бўлган шахслар бошқа давлат фуқароси сифатида эътироф этилмаслигини эслатди. Уларнинг хорижий давлатлар ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмагани учун фуқарога 63 та маъмурий жарима расмийлаштирилган. МИБ унинг Cobalt машинасини хатлаб олгач, фуқаро 50 млн сўмни тўлашга мажбур бўлди.
Жиззах вилоятида салонида 5 нафар шахс бўлган Cobalt трактор тиркамасига урилди. Ҳайдовчи ва уч нафар йўловчи жароҳат олган, бир нафар йўловчи вафот этган.
Қўқон шаҳридаги ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин чиқди. Уни бартараф этиш учун 13 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилинди. Жароҳат олган ва ҳалок бўлганлар йўқ, тахминан 300 кв.м майдоннинг том қисми зарарланган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг