Шавкат Мирзиёев бу ҳафта Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонгни қабул қилади. Қолаверса, сентябрь ўртасида Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммитига тайёргарлик жараёнлари муҳокама қилинади.
Ўзбекистон ТИВ Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги масжидда содир бўлган террорчилик ҳаракатини қатъий қоралади. «Бу каби қабиҳ ҳаракатлар Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ҳамда миллий тотувликнинг ўрнатилишига тўсқинлик қилади», — дейилади баёнотда.
Ўзбекистонда душанбадан 5 баллик магнит бўронлари кузатилади, сешанба кунига келиб бўрон таъсири камая бошлайди. Мутахассисларнинг фикрича, бу вақтда артериал гипертония ва бронхиал астмаси борлар азият чекади, кўпчиликда орқа бош мияда оғриқ туради, шу боис камроқ ҳаракат қилиш тавсия этилади.
Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари пойтахтдаги меҳмонхоналарда тонги соат 5:00 дан бошлаб дам олаётганларни уйғотиб, ҳужжатларини текширмоқда. ИИВ бу ҳолатни «дунёда одатий ва тўғри қабул қилинади», дея изоҳлади. Туризм вазирлиги эса ИИВдан текширув нега ўтказилганини тушунтиришни сўраб, хат киритди.
Депутат Расул Кушербаев давлат умумий ўрта таълим давлат томонидан кафолатлангани учун мактаб дарсликлари ижараси учун тўловнинг мавжудлигини Конституцияга зид, деб ҳисоблайди. Парламент аъзоси тушунтириш бериши учун Конституциявий судга мурожаат қилишни режалаштирмоқда.
14−17-сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанднинг 16 та кўчаси, шу жумладан, жамоат транспорти ҳаракати учун ёпилади. Бу кунларда шаҳарга кириш ҳам ёпилади, транзитчилар учун айланма йўллар ташкил этилади (харита).
Ўзбекистон расмийлари Россияга қарши санкцияларга риоя қилиш истаги борлигини ва уларни четлаб ўтувчи давлатга айланиш ниятида эмаслигини тасдиқлади, деди АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Дэниел Розенблюм. Унинг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати АҚШ билан санкциялар режими бўйича маслаҳатлашган.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон аҳолисини USM холдингига алоқадорлиги айтилаётган лойиҳаларга сармоя киритишга, шунингдек, шерик бўлишга ёки Алишер Усмоновдан ёрдам олишга чақирувчи рекламалар тарқалмоқда. Компания буни фойдаланувчиларни алдаш учун яратилган фирибгарлик лойиҳалари деб атади.
Жорий ўқув йилида мактабларда ўқув дарсликларининг ўртача ижара нархи икки бараварга ошди. ХТВ буни қоғоз нархлари ва транспорт харажатлари ошгани билан изоҳлади.
Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили этиб тайинланди.
ЕТТБ Ўзбекистонга Янгиобод ва Чоркесардаги уран майдонларини рекултивация қилиш учун 7 млн евро грант ажратади. 2023 йилда бошланиши режалаштирилган ишлар эски уран конларини ёпиш, ифлосланган саноат иншоотларини демонтаж қилиш, дренаж каналларини реконструкция қилиш ва бошқаларни ўз ичига олади.
Президент Қатағон қурбонларини хотирлаш кунида мамлакатни озод қилишга урингани учун тоталитар тузум репрессиясига учраган ўзбекларни тилга олди. Унинг сўзларини Россия ОАВлари «СССРни ўзбек миллатининг гултожларини йўқ қилишда айблаш» деб талқин қилди, Дума депутати эса буни спекуляция деб атади.
2022/2023 ўқув йили учун фақат бакалавриат таълим йўналишларининг табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт суммаси 10 фоизга камайтирилди.
Шавкат Мирзиёев бундан 6 йил аввал вафот этган Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. «Биринчи президентимизга ҳурмат ўз тарихимизга ҳурмат ифодасидир», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Аҳолиси кучли сув тошқинларидан азият чеккан Покистонга Ўзбекистондан инсонпарварлик ёрдами жўнатилди. Оғирлиги салкам 40 тонна бўлган юк таркибида ўсимлик ёғи, ун, гуруч, гўшт консервалари ва бошқалар бор.
Қозоғистонда муддатидан олдин президентлик ва парламент сайловлари ўтказилади, январь ойидаги намойишлар иштирокчиларининг бир қисми амнистия қилинади, дея маълум қилди президент Қасим-Жомарт Тоқаев. У президентлик ваколатини қайта сайланиш ҳуқуқисиз 7 йиллик муддат билан чеклашни таклиф қилди.
Мустақиллик байрами шарафига пайшанба куни соат 21:00 да «Янги Ўзбекистон» боғида мушакбозлик бўлади.
Шавкат Мирзиёев аёлларга нисбатан зўравонликка йўл қўйиб бўлмаслигини айтди. «Бу бизнинг миллатга хос бўлмаган чидаб бўлмас иллат», — дея таъкидлади президент.
Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш учун 150 млн доллар кредит ва 3 млн доллар грант ажратади. Лойиҳа ҳукуматнинг юқори қийматли экинларни етиштиришга ўтиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича устувор йўналишларини қўллаб-қувватлайди.
31 август куни давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш услубиёти рўйхатдан ўтказилди. Бунда коррупциявий хавф-хатарлар ички ва ташқи ахборот манбалари асосида аниқланади. Натижалар «E-anticor.uz» электрон платформасига ҳар йили 1 февралга қадар киритилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг