Япония ташқи ишлар вазири Йосимаса Хаяси апрель охирида Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Шунингдек, Япония ТИВ раҳбари июнь ойи охиригача Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари йиғилишини ўтказиш ва Хитой кредитлари хавфи ҳақида огоҳлантиришни режалаштирмоқда.
2021 йил учун Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индекси юзасидан ўтказилган мониторинг якуни бўйича тузилган рейтинг эълон қилинди. Унда вазирлик, қўмита, агентлик ва марказлар, шунингдек, вилоят ҳокимликларининг натижалари қайд этилган.
Президент йил бошидан бери мамлакатга 3 мингга яқин хорижий IT-мутахассис келгани ва уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режалаштираётганини маълум қилди. Хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1000 нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини оширишга кўрсатма берилди.
Президент Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. «Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қарши шаҳар ҳокимлиги, Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ва Қурилиш бўлимининг 7 нафар ходими қонунга зид равишда 318 та ҳолатда 105 гектар ерни аукционсиз бериб юборгани аниқланди. Ушбу ер майдонларининг бозордаги баҳоси 156,4 млрд сўмни ташкил қилади. Гумондорларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга юборилди.
Rost24 нашри бош муҳаррири Анора Содикова таҳдид ва босимлар туфайли тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани олиб ташлашга мажбур бўлганини маълум қилди. Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас», дея таъкидлади.
Ҳукумат қарори билан шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистонда туғилган барча шахсларга туғилганликни қайд этиш жараёнида, қолаверса, мамлакатда вақтинча бўлиб турган хориж фуқароларига ҳам ЖШШИР берилади. 1 июндан эса бу борада давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги можародан кейин журналист ва блогерларга мурожаат қилиб, қўшни давлатлар билан можаролар ҳақида гап кетганида, маълумотларни бузиб кўрсатмаслик ва давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилмасликка чақирди. У, шунингдек, чегара масаласида муаммолар борлигини тан олиб, президентлик муддати тугагунга қадар уни ҳал қилиш ниятида эканини билдирди.
Ўзбекистон президенти телефон орқали мулоқотда Венгрия ҳукумати раҳбарини «ФИДЕС» — Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ушбу мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Heritage Foundation`нинг «Эркин савдо» кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганини маълум қилди. Бироқ, «Иқтисодий эркинлик» индексида Ўзбекистон 117-ўринни эгаллаб, «асосан эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди. Қолаверса, «Суд фаолияти самарадорлиги», «Солиқ юки», «Фискал саломатлик», «Бизнес юритиш», «Меҳнат бозори эркинлиги» индексида ҳам KPI`га эришилмагани танқид қилинди.
Адлия вазирлиги 2100 та умумий овқатланиш корхоналарини ўрганган ҳолда ушбу соҳада жуда кўп текширувлар ва мураккаб солиқ маъмуриятчилиги мавжудлигини аниқлади. Умумий овқатланиш корхоналарининг 60 фоизи солиқ тўлашдан бўйин товлайди, 30−40 фоизи эса «сояда» ишлайди, дея ҳисоблайди вазирлик.
Ўзбекистонда хотин-қизларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлар орасида эса 25 фоизга етди. Ўзбекистон тараққиётида хотин-қизларнинг ролига бағишланган форумда аёлларнинг сиёсатдаги иштироки муҳокама қилинди.
Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзо Эроннинг Тойинобод шаҳрида қурдирган масжид деворида Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий ёзиб қолдирган битиклар аниқланди. Айни пайтда битикларни илмий жиҳатдан ўрганишга доир ишлар олиб борилмоқда.
Тошкент метрополитени 15 апрелдан аҳоли қўлида қолган жетонларни амалдаги йўл ҳақи нархида сотиб олади. Жетонлар кассаларда эмас, балки Тошкент метрополитени ДУК биносида қабул қилинади.
Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланди. Комиссия долзарб илмий, техник, инновацион ва муҳандислик масалалари бўйича малакали маслаҳат ёрдамини кўрсатиш учун ташкил этилган.
Украинадан Руминияга гуманитар йўлак орқали қочиб ўтган ўзбекистонлик опа-сингиллар ватанга олиб келинди. Уларга Туркиядаги ҳомийлар маблағлари ҳисобидан авиачипталар харид қилинган.
«Ўзтрансгаз» компанияси 257 млн доллар, шу жумладан «Газпромбанк» дан 57,5 млн доллар миқдорида қўшимча қарз маблағларини жалб қилади. Компанияга табиий газ бўйича дебиторлик ва кредиторлик қарзларини қисқартириш, давлат корхонасининг молиявий ҳисоботини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш юзасидан топшириқлар берилди.
Самарқанд вилоятида электр таъминоти корхонаси раҳбари электрдан 57 млн сўм қарзи бор МЧЖ эгаси томонидан пичоқланди. Жабрланувчи касалхонага ётқизилган, аҳволи қониқарли, гумондор эса қамоққа олинган.
Тошкент ҳокими 10 кун ичида асосий йўллардаги чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Бунда «шаҳардаги мавжуд барча техникаларни» жалб қилиш ва зарур ҳолларда кечалари ҳам ишлаш режалаштирилмоқда. Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолидан таъмирталаб кўчалар суратларини «Халқ назорати» порталига юборишни сўради.
Ҳукумат қарори билан Давлат органларининг вазифалари ва функцияларини волонтёрлик орқали нисбатан самарали ва тежамли шаклда амалга ошириш тартиби тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди. Унда кимлар волонтёр бўлиши, қайси тузилмаларга волонтёрларни жалб қилиш мумкинмаслиги белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг