Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бош директори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Илкка Ряйсянен мазкур давлатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.
15 мартдан бери Адлия вазирлиги тиббиёт ва таълим соҳалари ходимлари манфаати йўлида судларга салкам 7,2 млрд сўмлик даъво киритди. Натижада 5,2 млрд сўмлик иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар ундирилди, қолаверса, 398 та шахс интизомий, 33 та шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Мурожаатларнинг энг кўпи Андижон, Қашқадарё ва Навоий ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, ССВ, Олий таълим, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.
ДХХ ўтказган тезкор тадбирда самарқандлик икки фуқаро ёнида 1 кгдан ортиқ гашиш моддаси билан ушланди. Уларга наркокурьерлик учун 1 млн сўмдан берилиши айтилган. Бундан ташқари, Тошкент шаҳри, Наманган ва Сирдарё вилоятларида ҳам гиёҳванд моддалар савдоси билан алоқадор бир нечта гумонланувчилар қўлга олинди.
1 июлга қадар талаб юқори бўлган 120 турдаги дори воситасини маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3 йилга кафолатли харид қилиш бўйича шартномалар тузилади. Бунинг учун шу йилнинг ўзида 300 млрд сўм ажратилади. Бундан ташқари, доривор ўсимликларни етиштирувчиларга бир қатор имтиёзлар тақдим этиш ҳам режалаштирилмоқда.
Шукрулло Жаҳонгиров қурилиш вазирининг янги ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Тошкент шаҳар ҳокимлигида мутахассис, Mimar Group компаниясида бош архитектор бўлиб ишлаган.
Вазирлар Маҳкамаси янги йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади. Аҳоли пунктларида стандарт максимал тезлик ўзгаришсиз (70 км/соат) қолдирилди. Республика комиссияси уни йирик шаҳарларнинг маълум жойларида 60 км/соатгача камайтириши мумкин. Мактаблар ва болалар боғчаларида тезлик 30 км/соат, аҳоли турар жойларида 20 км/соатни ташкил этди.
Бухорода ДХШ асосида янги аэропорт терминали қурилиши, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги темир йўл линияси бошқаруви ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкинлиги, МИБ ишига аралашганлик учун белгиланган жавобгарлик, 822 минг сўмгача бўлган қарздорликнинг иш ҳақидан ундирилиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 12 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистон халқ артисти, «Ватандошлар» жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Шерали Жўраев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Президент тегишли фармонни имзолади.
Нью-Йорк метросида номаълум шахс томонидан содир этилган отишма оқибатида энг камида 13 киши яраланди. Ҳозирда у полиция томонидан қидирилмоқда.
Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун зарур дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламайди. Шу ва бошқа 50 га яқин муаммога ечим топилмагани президент иштирокидаги йиғилишда танқид қилинди.
«Анжир» жонли мусиқа ва шаҳар маданияти фестивали пойтахтнинг Дўстлик боғида бўлиб ўтади. Дастурдан — open air (очиқ осмон) форматида ўтадиган жонли ижродаги концертлар ва рақс жамоаларининг саҳна чиқишлари, шеърият тадбирлари, йога бўйича мастер-класслар, кўргазмалар ўрин олган.
Тошкентда дўстига Ғафур Ғулом номидаги боғда янги аттрационлар сотиб олиш ва ўрнатиш лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилган шахс берилган 60 минг долларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси ва яна бир қанча шахслар фуқарога 5,3 гектар ерни ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилганликда гумонланмоқда. Улар ушбу пулдан 1500 доллар ва 5,6 млн сўмини олганида қўлга тушган.
«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси корхонаси «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Афғонистонда операцион шартномаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда бошқарувни ҳукумат хизматлари анча арзон бўлишини кутаётган маҳаллий компанияларга топшириш режалаштирилмоқда.
Президентга Бухоро аеропортида ДХШ асосида янги халқаро йўловчи терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Инвестиция ҳажми 136 млн долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Лойиҳани 2022−2024 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўтган йили Нукусда шифокорлар янги туғилган чақалоқни хато туфайли ўлган деб қайд этиб, патология бюросига бериб юборишган. Патолого-анатомик чақалоқнинг кўкрак қафасини очганида уни ҳали тирик эканлигини аниқлаган, бироқ, унга биринчи ёрдамни кўрсатмасдан, шифокорларга қайтариб берган. Чақалоқ вафот этди, уч кишига нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат тажрибасига эга аёлларни ОТМларга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилиш таклифини билдирди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида тавсиянома 3 йилга берилиши, уларга алоҳида квота ажратилиши ва бундай абитуриентлар ўртасида алоҳида тест синовлари ўтказилиши белгиланмоқда.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга кўра, ундирув қарздорнинг мол-мулкига эмас, балки унинг банкдаги ҳисобрақамига қаратилади. Қолаверса, 822 минг сўмгача бўлган қарздорлик иш ҳақи, стипендия, пенсия ёки бошқа даромаддан ундирилиши мумкин.
Қонунчиликка суд ҳужжатларининг мажбурий ижросига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди. МИБ ишига аралашиш ҳолати маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам содир этилса, 1 йилдан 3 йилгача озодликни маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Президент фармони билан хусусий тиббиёт муассасаларининг лицензия олиш тартиби соддалаштирилади. Қолаверса, хорижлик шифокорларга Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошириш тасдиқномаси учун йиғим 6 бараварга камайтирилади, 1 ойга келган шифокорлардан эса тасдиқнома талаб этилмайди. Қолаверса, даволаниш мақсадида келган хорижликлар туристик йиғимдан озод этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг