2022−2023 ўқув йилида Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 918 та мактабда «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» ҳамда «Математика» фанларидан бошланғич синфлар учун янги дарсликлар синовдан ўтказилади. Улар USAID ва Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилган. Жорий ўқув йилида худди шу ҳудудларда инглиз тили (1−11-синфлар) ва информатика (5−11-синфлар) бўйича янги дарсликлар жорий этилганди.
Президент «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясини трансформация қилиш, ривожлантириш ва хусусийлаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Тариф сиёсатини такомиллаштириш ва ташувларни франшиза асосида хусусий секторга бериш кўзда тутилмоқда. Шавкат Мирзиёев августда компания раҳбарига юк ташишдаги монополияни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берганди, бироқ ҳозиргача ўзгариш бўлмади.
Пойтахтда тажриба асосида намунавий дизайнга эга 14 та бекат реконструкция қилинди, йил охиригача уларнинг сони 280 тага етказилади. «Газета.uz» га Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси аниқлик киритишича, бекатларнинг якуний дизайни ҳануз тасдиқланмаган. Бу борадаги Тошкент ҳокимининг қарори лойиҳаси ҳам урбанистлар томонидан қайта кўриб чиқилмоқда. Пойтахтда 2016 йилдан бери автобус бекатлари кўринишини бир неча маротаба ўзгартиришга уринишмоқда.
1 майдан хорижликларга Ўзбекистонда қурилаётган кўчмас мулкка сотиб олиш тарзида инвестиция киритиш ҳуқуқи берилди, уларнинг рўйхати ҳукумат томонидан тасдиқланади. Бундан ташқари, хориж фуқароларига Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олиш учун Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида харид қилиш талаб этиладиган кўчмас мулк қиймати ҳам камайтирилди.
Tesla 2023 йилда Optimus робот моделини ишлаб чиқариши мумкин. Илон Маск яратиладиган робот «одамлар қилишни истамайдиган ишларни бажаришга қодир» бўлишига ваъда берди. Бироқ, ҳали унинг прототипи намойиш қилинмади. Миллиардер Tesla`нинг ўзи роботларнинг биринчи фойдаланувчисига айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳукумат қарори билан моддий маданий мерос объектларидан фойдаланишда ҳуқуқбузарлик содир этган ёки экологияга зарар етказганларни фото ва видеога олиб, юборган шахсларни рағбатлантириш тартиби тасдиқланди. Ҳуқуқбузарлик ҳақида биринчи бўлиб хабар берганларга БҲМнинг 1 баравари — 270 минг сўм тўланади.
Украинадаги уруш оқибатлари туфайли март ойида жаҳон бозорида буғдой, маккажўхори ва ўсимлик ёғи нархлари рекорд даражага кўтарилди, дея маълум қилди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти. Шунингдек, шакар, гўшт ва сут маҳсулотлари нархлари индексида сезиларли ўсиш кузатилган. Ташкилот 2022 йилда глобал миқёсда дон маҳсулотлари етиштириш ва истеъмол бўйича прогнозларини тақдим этди.
Шоколад ва творогли пирог, творогли булочкалар, пишириқлар, тез тайёрланадиган пирог — Zira.uz творогли пишириқлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Ислом цивилизацияси марказига борган Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон нега қўшни давлатларга мактаб қуриб бераётганини тушунтирган ХТВ раҳбари ўринбосари, Сурхондарёда очиладиган Афғонистон фуқаролари учун қисқа муддатли ўқув курслари, пластик картага пенсия оладиганларга 1 фоиз қўшимча тўлов тўланиши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 8 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкентдаги меҳмонхона ва ҳостеллар бандлиги март ойининг сўнгги кунларида 83,6 фоизни, республикада эса 70,8 фоизни ташкил этди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу рақамлар туризм соҳасининг тикланишидан далолат беради. Йил охиригача Ўзбекистонда 4,5 миллионгача сайёҳ келиши кутилмоқда.
Қирғизистон президенти протокол хизматини бошқарган Муса Жаманбаев мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг Брюсселдаги учрашувида икки давлат ўртасида тинчлик шартномасини тайёрлаш бўйича келишувга эришилди.
Россия Марказий банки асосий ставкани 20 фоиздан 17 фоизга туширишга қарор қилди. Регулятор буни инфляциянинг секинлашиши, жумладан, рублнинг мустаҳкамланиши билан изоҳлади. Мамлакат Марказий банки яқин келажакда ставкаларни янада пасайтиришга рухсат бериши мумкин.
Жума куни Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдан бери давом этмоқда, бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуанинг биринчи қаватида музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш хоналари жойлашган. Бинонинг 65 метр баландликдаги гумбази остига эса Ислом оламининг дурдонаси бўлмиш Усмон мусҳафи қўйилиши режа қилинган.
Компания UZDIGITAL муқаддас Рамазон ойи муносабати билан «Қулай имконият» акциясини йўлга қўйди. Энди хизматларга уланиш ва Telecard атиги 40 минг сўм бўлади.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси кетма-кет тўртинчи кун пасайиб, 11 344,69 сўмга тенг бўлди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди. Рубль курси эса кўтарилиб, 147,94 сўмни ташкил қилди.
2021 йилда 735,4 мингдан зиёд хорижлик Россия фуқаролигини қўлга киритди. Ушбу кўрсаткич камида 2000 йилдан буён рекорд натижа ҳисобланади. Ўтган йили Россия паспортини олган ўзбекистонликлар сони эса 2020 йилга нисбатан 8,8 минг кишига кўпайиб, 31,9 минг нафарни ташкил этди.
ХТВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев Ўзбекистон ўзи мактабларга муҳтож бир вақтда, нега қўшни давлатларга таълим муассасалари қуриб бераётганини изоҳлади. «Қирғизистон Риштонда мактабгача таълим муассасаси, Тожикистон Ургутда мактаб қуриб берган… Бу фақат қўшниларнинг ўртасидаги ҳамкорлик», — деди у. Қолаверса, Ўзбекистонда 1,2 млн ўқувчи ўрнини яратиш учун алоҳида дастур ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича резолюцияга қарши овоз берди. Мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов бундай қарорлар «гумонланаётган инсон ҳуқуқлари бузилишининг пухта тергови натижасига» асосланган бўлиши кераклигини таъкидлади. Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари вакиллари ҳам шунга ўхшаш баёнотлар билан чиқишди. CNN Россия ташкилот аъзо-давлатларига резолюцияга овоз бериш «оқибатлари» ҳақида огоҳлантириб, нота жўнатганлигини таъкидлади.
Украинанинг Краматорск темир йўл вокзалига тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинишини кутаётган вақтда ракета ҳужуми уюштирилди. 30 киши ҳалок бўлди, 100 га яқин одам яраланди. ДХР зарбани Украина хавфсизлик кучлари амалга оширганини айтмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг