«Росавиация» икки йил аввал Ўзбекистон ва яна еттита давлатга парвозлар учун коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида киритилган чекловларни бекор қилди.
Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари ўринбосарлари сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар режасини имзоладилар. У 20 та тадбир, жумладан, Россия ва Ўзбекистон туризм йилини ўтказиш ва «Буюк ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик йўналишини ишга туширишни ўз ичига олади.
Ўзбекистонда келаси ҳафтанинг биринчи ярмида вақти-вақти билан ёғингарчилик бўладиган беқарор об-ҳаво давом этади. Бундай об-ҳаво атмосферада жуда фаол жанубий фронтал зоналар мавжудлиги ҳисобига, республика ҳудудига доимий равишда нам булутли массивлар кириб келиши билан боғлиқ, дея тушинтиради Ўзгидромет.
Туркиянинг Odaş Enerji CA компанияси томонидан Хоразм вилоятида қурилган янги ИЭС Ўзбекистон ягона электр тармоғига қувват беришни бошлади. 105 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига бунёд этилган ИЭС йилига 1,4 млрд кВт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Хоразм вилоятида 2002−2004 йилларда туғилган тўрт нафар шахс Суриядаги террористик ташкилотлар аъзолари билан алоқага киришиб, улар сафига бориб қўшилишни режалаштирганликда гумонланмоқда.
Бўз-сув сув олиш иншоотининг Д-1000 тармоғи носозлик туфайли ўчирилди. Бунинг оқибатида Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларининг айрим ҳудудлари вақтинча сувсиз қолади.
Ўзбекистонда тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат МТМларига болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилди. Бунда тарбияланувчилар пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилинади.
Пайшанба куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони ортди (70 киши). Бир кун аввал бор-йўғи 14 киши вирус юқтиргани маълум бўлган эди.
Украина Россиянинг ҳарбий операцияси сабаб икки ҳафта ичида 100 млрд долларлик зарар кўрганлиги айтилди, бу мамлакат ЯИМнинг ярмига тенг. Уруш сабаб Украинадаги корхоналарнинг 50% фаолиятини тўлиқ тўхтатган.
Тошкентда Ўзбекистон ва Эрон хавфсизлик бўйича қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия тузиш тўғрисидаги ҳужжатни Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Шамхоний имзолади.
2021 йилда коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1,2 трлн сўм зарар етказилган. Ҳокимликларнинг бюджетдан орттирилган маблағларни очиқлаш мажбурияти жорий қилингач, автомобиль сотиб олиш ёки ҳокимиятни таъмирлаш кескин камайган, деди Антикоррупция агентлиги раҳбари. Акмал Бурхонов бу амалиёт ҳокимлик бюджетининг кўпроқ ижтимоий-инфратузилмага йўналтирилаётганига сабабчи бўлганлигини таъкидлади.
Қозоғистоннинг Air Astana авиакомпанияси Россияга амалга ошириладиган парвозлар тўлиқ тўхтатилганини маълум қилди.
Украинани тарк этган 98 нафар Ўзбекистон фуқароси Бухарест (Руминия) аэропорти орқали Молдовадан эвакуация қилинди. Яна бир рейс 11 март куни Польшадан амалга оширилиши режалаштирилган. У ерда 200 дан ортиқ ўзбекистонликлар қолмоқда.
Россия Марказий банки янги валюта чекловларини жорий қилди. 10 сентябрга қадар бизнес вакилларига 5 минг доллар ёки шу миқдор эквивалентидаги евро, япон иени ва фунт стерлингда пул ечиш тақиқланади. Хорижий компаниялар ёки тадбиркорлар эса ушбу валюталарни умуман ечиб ололмайди.
Суд Қўқон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарига 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. У 2021 йилнинг августида аукционда тадбиркорнинг фойдасига қарор чиқартириб бериш эвазига 180 минг доллар талаб қилиб, шундан 10 минг долларни олганида қўлга тушганди.
Ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилган Cotton Campaign, Украина ва Афғонистонга ёрдам бергани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирган АҚШ, 1 майдан йўлга қўйиладиган «Автомобиль тарихи» хизмати, алиментдан қарзи борларга автомобиль ҳайдаш ва уйланиш тақиқланиши мумкинлиги, Молдовадаги ўзбекистонликлар Бухарест орқали эвакуация қилиниши ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 10 мартдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Дин ишлари бўйича қўмита хабарига кўра, Саудия Арабистонига сафар қилаётган зиёратчилар учун манфий ПЗР-тест маълумотини тақдим этиш тартиби бекор қилинди. Энди сафарга борувчилар фақат коронавирусга қарши эмланган бўлиши лозим.
Қурилиш вазирлиги шаҳарсозлик меъёрларига ўзгартишлар киритиб, янги кўп қаватли уйларнинг яримертўлаларига яшаш хонадонларини жойлаштиришга рухсат берди. Бироқ бунинг учун участкадаги ер ости сувлари даражаси, иссиқлик ҳимояси, ёритилиш даражаси, эвакуация ва бошқалар билан боғлиқ қатор талаблар мавжуд.
Мораторий эълон қилинганига қарамай Қўқон шаҳрида фуқаро рухсатсиз 3 туп чинор дарахтини кесиб ташлагани аниқланди. Давлат экология қўмитаси бунинг оқибатида табиатга 103 млн сўмдан кўпроқ зарар етказилганини маълум қилди.
Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Илк бор ўзбек пахтасига 2009 йилда бойкот эълон қилинганди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг