Олий Мажлис Сенати 5 февраль куни бўлиб ўтадиган 12-ялпи мажлисда бир қатор қонунлар, шунингдек, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини кўриб чиқади.
Guardian, Al Jazeera, The Diplomat халқаро нашрлари учун ёзадиган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилди. Аккредитация бўйича жавоб қонун бўйича 2 ойда эмас, 6 ойда берилган. Журналист ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганини, ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини айтмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимида ишлаган Дилмурод Набиев Қарши давлат университети ректори этиб тайинланди.
Инвестицион лойиҳалар тақдимотида Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевга мурожаат қилиб, шаҳар ичидаги қурилиш лойиҳалари ҳақида танқидий фикрлар билдирди. «Мен Тошкентда 4−5 йил ишлаганман оғайни. Бу ерга 120 мм ли кичкинагина канализация қўйганмиз… Сен эса у ерда 9 қаватли уй қурибсан», — деди президент.
Бош вазир ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов энди Ўзбекистон шахмат федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. Шунингдек, у бир вақтнинг ўзида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори ва «Ипак йўли» халқаро туризм университети ректори ҳам ҳисобланади. Абдуҳакимовнинг меҳнат фаолияти ҳақида батафсил.
Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов президент фармони билан ишдан олинди. Унинг ўрнига Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритган Даврон Ҳидоятов вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Олдинроқ президент битта ҳоким ва вазир ишдан олинишини эълон қилганди. «Садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Аравани тортмаяпти», — деганди президент ишдан кетадиган ҳоким ҳақида гапириб.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги биринчи президент Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
30 январь — Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримовнинг туғилган куни. Ушбу сана муносабати билан «Ўзархив» агентлиги томонидан тақдим этилган мустақил Ўзбекистоннинг биринчи раҳбарининг 19 та фотосурати билан бўлишамиз.
Қонунчилик палатаси сайлов кунини кўчириш бўйича Конституцияга ўзгартиш киритишга оид қонунни қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилади. Агар Сенат ҳам ушбу қонун лойиҳасини маъқуллаб, президент имзо чекса, унда 2021 йилга президент сайловлари 24 октябрга тўғри келиши мумкин.
Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров BBC’га берган интервьюсида президентлик муддати давомида авторитар ҳокимият ўрнатиш хоҳиши йўқлигини айтиб, Ўзбекистон мисолини келтирди. «Каримов даврида кучли диктатура эди. Шавкат Мирзиёев келгач, диктатурани олиб ташлаб, дунёга эшигини очди. Агар диктатура ўрнатаман деса, Каримовнинг диктатурасини давом эттирса бўларди. Давом эттирмади-ку. Бу ҳар бир одамнинг ўзига боғлиқ», — деди Жапаров.
Президент иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсидида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасини илгари сурди. Ҳар бир ҳудуддан 100 тадан ғоя — жами 1400 та ғоя йиғилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ва Корея Республикаси президентлари онлайн-саммит якунлари бўйича рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум, EDCF билан ҳамкорлик бўйича 1 млрд долларлик дастурни амалга ошириш бўйича битим ва бошқа ҳужжатларни имзоладилар.
Тошкент шаҳар ҳокимининг матбуот котиби лавозимида фаолият юритиб келган Фурқат Маҳмудхўжаев пойтахт ҳокимининг ўринбосари — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди.
Давлат хавфсизлик хизмати энди ёшлар дастурларини амалга оширишда, шунингдек, ёшларнинг ижтимоий муаммоларини мувофиқлаштириш ва тизимли ўрганишда иштирок этади. «Пастда ёшлар билан ишлаш тизими яратилган, лекин минг афсус, биз кутган натижа бўлмагани учун бугун мана шундай тизимни яратяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Илгари эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон ва Корея президентлари онлайн учрашув ўтказади. Кун тартибидан стратегик шериклик муносабатлари ўрин олган. Саммит якунида эса янги ташаббусларни илгари суриш кўзда тутилган ҳужжатлар имзоланади.
Шавкат Мирзиёев яқин орада бир ҳоким ва бир вазирни ишдан олишини маълум қилди. лекин уларнинг исмларини айтмади. Ҳоким ҳақида гапирар экан, «Садоқатли одам, лекин ишни бажара олмаяпти. Аравани тортмаяпти», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга туманлар бўйлаб коррупция сабабларини ўрганишни буюрди. «Сувга, светга шунча қарз олинди. Ҳамма жойда ўғирлик. Мактаб, коллежлар қурилишида ҳам. Ҳамма жойда коррупция», — таъкидлади давлат раҳбари.
«Кераксиз мажлисларни ўтказишни тугатиш керак» — деди президент видеоселектор йиғилишида. Давлат раҳбари 40 дақиқадан кўпроқ йиғилиш ўтказадиган давлат органлари раҳбарлари ишдан кетишини айтди.
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Акшагул Тулегенованинг маълум қилишича, сайловларнинг декабрда ўтказилиши сайловлардан кейинги сиёсий тадбирлар янги йилнинг биринчи чораги охирига қадар чўзилишига олиб келиб, натижада Давлат дастурини қабул қилиш ва бошқа ислоҳотлар кечиктирилишига сабаб бўлиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни ёшлар масалалари бўйича йиғилиш ўтказади. Йиғилишда илк бор расмий статистикада ҳисобга олинмаган ёшлар орасидаги ишсизлик кўрсаткичлари эълон қилиниши кутилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг