Қорақалпоғистонга ташриф буюрган президент, ўқишга кирган 186 минг абитуриент, маймунчечак сабаб чегара назоратини кучайтирган Қозоғистон, камроқ уй ҳамда автомобиль сотиб ола бошлаган ўзбекистонликлар ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кунлик дайжестида.
Президент 2024 йил октябрь ойида Абу Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлашга доир қарорни имзолади. Шу муносабат билан унинг иккита асарини академик таржима қилиш ва шарҳини тайёрлаш, «Ислом — тинчлик ва эзгулик дини» мавзусида конференция ўтказиш режалаштирилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимига ҳужум қилингани акс этган видео тарқалди — Тошкентда автомобиль ҳайдовчиси машинасини бошқа жойга қўйишдан бош тортди ва ППХ ходимини урди. Тошкент шаҳри ИИББ ҳолатга изоҳ берди.
Президент Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Қорақалпоғистон филиалида бўлди. Бу мустақиллик йилларида Қорақалпоғистонда «нолдан» қурилган биринчи кўп тармоқли шифохона, деб таъкидлади давлат раҳбари матбуот хизмати.
Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги боғчада 2 нафар тарбияланувчи овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилди. Текширув ишлари бошланди.
Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича собиқ ўринбосари Саидаҳмад Султонов 7 йил 6 ойга қамалди. У жуда кўп миқдордаги маблағларни ўзлаштириш, талон-торож, шунингдек, фирибгарликда айбдор деб топилди.
2024/2025 ўқув йили учун 186 871 нафар абитуриент талабаликка тавсия этилди. Хусусан, 41 153 нафари давлат гранти, 145 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Грантда ўртача ўтиш балли — 121,7, контрактда эса 94,7 бўлди.
Мирзаобод туманидаги хусусий боғчада 2 ёшли бола вафот этди. Боланинг ўлимига нафас йўллари овқат билан беркилиб қолгани оқибатида юзага келган механик асфиксия сабаб бўлган.
Тошкентда ўзини «Ўзбекфильм» масъули дея таништирган шахс маҳкума аёл ҳаётига бағишланган сериал суратга олиш эвазига фирибгарлик йўли билан 20 минг доллар олганда ушланди. Тошкент вилоятида эса чет тили бўйича сохта сертификат олиб бермоқчи бўлган консалтинг фирма раҳбари $3500 устида қўлга олинди.
Самарқанд туманидаги Миронқул-Оҳалик тоғида адашиб қолган 18 ёшли йигит қутқарилди. У тоғнинг 1000 метр баландлигидан соат 01:30 да топилган.
Душанбадан ҳарорат аста-секин кўтарилади, лекин нисбатан қулай бўлади. Кундузи ҳаво +30…+35, баъзи жойларда +37 даражагача исийди. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Мустақиллик байрами ва «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали муносабати билан 25 август-3 сентябрь кунлари Самарқанд-Тошкент-Самарқанд йўналишида қўшимча «Афросиёб» электропоезди ҳаракати йўлга қўйилади.
«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.
«Ўзсувтаъминот» ичимлик суви ва канализация хизматларидан қарздор истеъмолчиларга кредит бермаслик таклифи ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Ўзбекистондаги 5 млн хонадоннинг 50 фоизга яқинида қарздорлик мавжуд.
«Газета.uz» хотин-қизлар ҳақидаги стереотипларни йўққа чиқариб, ўз фаолияти билан тарихда ўчмас из қолдирган аёллар ҳақидаги ҳикояларни давом эттиради. Бу галги қаҳрамон — Менделеевнинг элементлар даврий жадвали бойишига, фан ва тиббиёт ривожига улкан ҳисса қўшган Мария Склодовская-Кюри.
СЭС бошқармаси бошлиғи Рустамжон Икромов Ўзбекистонга маймунчечакнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди. Унинг айтишича, вирусология мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган, жойларга тест системалари тарқатилмоқда.
Маданият вазири Тошкент давлат циркини хусусий бошқарувга бериш ва ҳайвонларсиз ҳам томоша кўрсата оладиган механизмни ишлаб чиқиш кераклигини айтди. «Давлат учун циркдаги битта ҳайвонни боқиш бир инсонни боқишдан қимматга тушмоқда», — деган Озодбек Назарбеков циркка оид режаларни санади.
18 августдан ОТМнинг бакалавриат босқичи кириш тестлари натижасидан норози бўлган абитуриентларнинг апеллация аризаларини қабул қилиш бошланди. Жараён 10 кун давом этади, шикоятларни кўриб чиқиш эса 22 августдан бошланади.
Тармоқларда абонентларнинг «ўтган йиллар учун электрдан қарзи борлиги» ҳақида шикоятлар келиб тушди, бу эса уларнинг таъминотдан узилишига сабаб бўлди. «ҲЭТ»нинг хабар беришича, бу эски тизимдан янгисига архив маълумотларини ўтказиш билан боғлиқ. Компания вазиятга ойдинлик киритмоқда.
Россиянинг Курск, Брянск ва Белгород вилоятларидаги Ўзбекистон фуқароларига кўчага алоҳида заруратсиз чиқмаслик ва жамоат жойларига боришни чеклаш, талабаларга эса онлайн таълимга ўтиш тавсия этилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг