Андижон вилояти Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ҳолат юзасидан Халқ таълими вазирлиги ўрганиш ишларини якунлади. Натижада туман ҳокимлиги ташаббусига асосан ташкил этилган мазкур тадбирга қонуний баҳо бериш учун ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилди.
2021 йилда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди, унда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳат олган. Авариялар оқибатида 2,5 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, шундан 263 нафар ёш бола ҳисобланади. Президент видеоселекторда Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙХҲБ бошлиқларини ишдан олишга кўрсатма берди.
Президент қарорига кўра, Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Наманганда шоирга ҳайкал ўрнатилади. Унинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш учун ДХХ ва Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишишга шароит яратилади. Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади.
Ўзбекистон Economist Intelligence Unit`нинг «Демократия индекси» да 150-ўринни эгаллади. Тадқиқотчиларнинг фикрича, мамлакатда демократия билан боғлиқ вазиятда ҳеч қандай ўзгаришлар қайд этилмаган, у «авторитар режимлар» гуруҳида қолмоқда.
Санитария-эпидемиология хизмати ҳозиргача бустер доза олиши мумкин бўлган 5,2 млн нафар фуқародан 733,8 минг нафари ушбу доза билан эмланганини маълум қилди. Таъкидланишича, бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиши мумкин. «Бустер доза билан эмланиш „альфа“, „дельта“, „омикрон“ штаммидан ҳимоя қила олади», — дейилади хабарда.
Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов аҳолининг 65 фоизи олий таълимга ҳалиям ишонмаслиги ҳақида сўровларни кўрганлигини таъкидлади. Вазир соҳада коррупция камайган бўлса-да, тизим атрофида фирибгарлар кўпайганлигини қайд этди. «Халқ, раҳбарият олий таълимнинг „ювелир“ даражада тоза бўлишини хоҳлайди», — деди у.
Пайшанба куни 625 кишининг коронавирусга топширган тест таҳлилида мусбат натижа қайд этилди, бу бир кун олдинги кўрсаткичга қараганда 67 тага кам. Қолаверса, кун давомида 103 нафар кишида пневмония аниқланди. Вирус асоратлари оқибатида 2 киши вафот этди.
Мактабларда она тили дарсликлари турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади, деб хабар берди Республика таълим маркази. Қолаверса, бундан кейин «ўтимли ва ўтимсиз феъллар», «воситали-воситасиз тўлдирувчилар», «феъл кесим ва от кесим», «сифатловчи-сифатланмиш» ва шу каби мавзулар она тили дарсликларидан чиқариб ташланади. Шунга мувофиқ, келгусида ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар йиғилиш тафсилотларини сўзлаб берди. Уларнинг айтишича, ота-оналар билан учрашув сценарий асосида ўтган, бунда улар саҳнага чиқиб, ўз фанларини ёмон ўргатганликлари учун узр сўрашлари керак эди. «Керак бўлса йиғлашимизни айтишди», — дейди педагоглардан бири.
Самарқандга ташриф буюрган Шавкат Мирзиёев, мартда очиладиган Самарқанд халқаро аэропорти, Беҳзод Мусаевга юборилган парламент сўрови, Тошкентга трамвайни қайтиши, 1−2-синфлар учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш бекор қилиниши, Самарқандда 10 нафар амалдорни ишдан бўшатган президент ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 10 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Aкадемик, археолог-олим, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Ртвеладзе 80 ёшида оламдан ўтди. Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини ўрганган, Окс Александрияси шаҳрини топган.
2022−2023-ўқув йилидан 1−2-синф ўқувчилари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш ва баҳолаш бекор қилинади. Қолаверса, ушбу дарсликдан йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти тугатилади. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига тез ўқиш талаби қўйилмайди. Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева янги тартиблар бўйича тушунтириш берди.
2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун давлат бюджетидан жами 4,2 трлн сўм маблағ ажратилган. ССВ 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги маблағлар нимага сарфланганини очиқламаган. Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги ҳисоботларида ҳам бу маълумотлар ўз аксини топмаган. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юборди.
Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги 59-сон кўзи ожизлар мактаб-интернатининг тўрт ўқувчиси ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинишини таъкидлади. Ўқитувчилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиясини қайта ҳисоблаш муддатини ёшартириш ҳамда 2009 йилдан буён янгиланмаётган брайл ёзувидаги айрим ўқув дарсликларини қайта ишлаш зарурлигини айтди. Президент эса ушбу масалалар ҳал этилишини маълум қилди.
Тошкентда кўп қаватли уйларнинг аксарияти — 632 таси 1966 йил — кучли зилзила содир бўлган йилда қурилган. Уйларнинг аксарияти икки қаватли, кўпи ёғочдан қурилган. Кейинги чўққи 2019 йилга тўғри келди — шаҳарда 463 та уй пайдо бўлди, улар асосан етти қаватли бўлиб, ғиштдан қурилган. Ҳокимликнинг Рақамли ривожланиш департаменти шаҳардаги 100 йиллик қурилишларга оид маълумотларни тақдим этди.
Ўзгидромет 11−12 февраль кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида шамол секундига 17−22 метргача кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилишини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини маълум қилди. Давлат раҳбари трамвай бўйича фуқаролардан кўплаб хатлар ва мурожаатлар келаётганлигини таъкидлаган.
Президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилиши кутилаётганини маълум қилди.
Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, энди ўқувчилар ва талабалар ўқиши давомида 23 ёшгача боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиши мумкин (илгари 18 ёшгача бўлган). Қолаверса, болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди (илгари 3 йил эди).
Янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, дори воситаларини таниқли шахслар ва тиббиёт ходимлари реклама қилиши, қолаверса, олимларнинг тавсиялари, алоҳида шахсларнинг миннатдорчилиги, дори таъсири ҳақида фикрларидан фойдаланиш тақиқланиши кутилмоқда. Шунингдек, телеканалларда 10 дақиқадан кам бўлган кўрсатувлар орасида реклама беришга йўл қўйилмаслиги мумкин. Ҳужжат сенаторлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг