Январь ойида Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига мурожаат қилган беморларнинг 96% коронавирусга қарши вакцина олмаганлиги айтилди. Касалланганларнинг фақат 4,1 фоизи ковидга қарши эмланган, улар орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган. ССВ вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилганлигини таъкидлади.
Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги мактаблардан бирининг директори ва ўқитувчилари таълим сифати ҳамда битирувчиларнинг ОТМларга кириш даражаси пастлиги учун ота-оналардан кечирим сўрашга мажбур қилинди. Бу иш ҳоким ёрдамчиси ва туман ХТБ раҳбарининг ташаббуси экани айтилмоқда. ХТВ ҳолатни кескин қоралади. Жамоатчилик фаоллари ҳодиса учун вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов жавоб бериши кераклигини айтишмоқда. Туман ва вилоят ҳокимлиги ҳам муносабат билдирди.
8 февраль куни соат 03:00 ларда Нукус шаҳрининг Гоне қала ҳудудида кўчага янги туғилган чақалоқ ташлаб кетилгани аниқланди. Буни кўрган фуқаро зудлик билан тез ёрдамга мурожаат қилган. Унинг айтишича, тез ёрдам фельдшери Икрам Жуманиязов совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида чақалоқни уст кийимига ўраган ва биринчи тиббий ёрдамни кўрсатган. У ҳозирда реанимацияда, оғир аҳволда. Чақалоқнинг онаси аниқланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Лукашенконинг Ўзбекистон ҳақидаги фантазияларини муносабат билдирган сиёсатчилар ва жамоатчилик фаоллари, президентни ҳақорат қилгани учун 3 йилга қамалган блогер, сўм рамзини яратиш бўйича танлов эълон қилган Марказий банк, Республика махсус комиссияси фаолияти юзасидан изоҳ берган Русланбек Давлетов, «шакар заводлари бизга керакми?» деган саволни ўртага ташлаган Миркомил Холбоев ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 8 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
2021 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил аралашуви билан 53 нафар маҳкум озодликка чиқарилди. Жумладан, 48 нафар маҳкумга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш ишларига, 3 нафар маҳкумни жазоси эса шартли равишда озод этишга ва 2 нафар маҳкумники уй қамоғига алмаштирилган.
Андижон шаҳар халқ таълими бўлими раҳбарлари 57 млрд сўм миқдоридаги молиявий қонунбузарликлар, камомад ва ўзлаштиришда гумон қилинмоқда. Ҳозирда прокуратура мазкур ишни ўрганмоқда.
Бухоро вилоятида XVI-XX асрларда бунёд этилган Чор-Бакр ёдгорлик мажмуасининг муҳофаза теграларидаги ер участкалари ижара ва мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилгани аниқланди. Ушбу мажмуа ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш учун номзод сифатида кўрсатилган.
2021 йилда 2700 дан ортиқ фуқаро банк карталаридан пул ўғирланганлиги бўйича ички ишлар органларига мурожаат қилган. Сўнгги пайтларда банк карталаридан пул ўғирлаш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. ИИВ фуқаролардан банк карталари маълумотларини ва тасдиқлаш кодларини ҳеч кимга бермасликни сўради.
«Тошкентшаҳаргаз» корхонасининг собиқ ходими оилавий корхонани газ тармоғига улаш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига 16,5 миллион сўм олаётган вақтида қўлга олинди.
Жалолиддин Усмонов Халқаро пресс-клубнинг янги раиси этиб сайланди. Бунгача пресс клуб раиси бўлган Шерзодхон Қудратхўжа эса Фирдавс Абдуҳолиқовнинг ўрнига ЎзЭОАВМА бошқарув раиси этиб тайинланганди.
Антимонополия қўмитаси самарқандлик тадбиркор 100 тонна чигит маҳсулотини Қашқадарёдан олиб чиқиб кета олмаган ҳолатни ўрганиб, ўз муносабатини билдирди. Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят ИИБ томонидан «Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 12-моддаси талаблари бузилган. Қўмита тадбиркор зарар кўрган ҳолатда вилоят ҳокимлиги ва ИИБ устидан судга мурожаат қилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
ЮНИСЕФ ва Киберхавфсизлик маркази Хавфсиз интернет миллий марказини ташкил этишни режалаштирмоқда. Ушбу онлайн-платформада интернетдаги зўравонликдан ҳимояланиш ҳақида маълумотлар эълон қилинади, болалар ва ота-оналарга маслаҳат ёки кўмак бера оладиган оператор фаолият юритади.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳамда амалдаги президент Шавкат Мирзиёевни ҳақорат қилишда айбланган блогер, Собиржон Бобониёзов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Telegram`даги гуруҳлардан бирида давлат раҳбарларини ҳақоратловчи видео эълон қилганлиги айтилди. Блогер ушбу ҳаракатларини маст ҳолатда такроран содир этган.
Адлия вазири Русланбек Давлетов Республика махсус комиссиясининг фаолияти қонун билан тартибга солинганини айтди. Қолаверса, унинг қарорлари нима сабабдан эълон қилинмаслигига изоҳ берди. «Комиссия қарорларида ёзилган ҳамма нарсани бериб бўлмасди. Энг асосийси комиссиядаги қоидалар вақтида етказиб турилди», — деди у. Блогер Отабек Бакиров эса «махсус комиссия тугатилиши ва қонунчиликка қайтилиши» кераклигини айтмоқда.
Ўзбекистонда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларнинг жами 280 140 нафари коронавирусга қарши тўлиқ вакцина курсини олган. Бу умумий эмланишларнинг 5 фоизини ташкил қилади.
Адлия вазири уч марта суиқасд уюштирилган Юнусободдаги дарахтлар муаммоси юзасидан фикр билдириб, мораторийга барча амал қилиши шартлигини айтди. «Юнусободдаги дарахтлар кесилмайди, тамом… Сиз уни қайси мақсадда олган бўлсангиз ҳам тегина олмайсиз. Тегсангиз сиз жиноят қилган бўласиз», — деди Русланбек Давлетов. Бунга Давлат экология қўмитаси масъуллиги, қолаверса, прокуратура органлари ҳам назорат ўрнатиши лозимлиги қўшимча қилинди.
Душанба куни Ўзбекистонда 773 нафар кишида коронавирус аниқланди. Бу аввалги кунга нисбатан 59 нафарга кам. Пневмонияга чалинганлар сони ҳам камаймоқда. Вирус қурбонлари эса кеча яна 2 нафарга ортди.
7 февралдан анъанавий таълим босқичма-босқич бошлангач, ҳудудлардан пойтахтга 36 738 нафар талаба етиб келди. Уларнинг қарийб ярми ижара уйларига, 27 фоизи талабалар ётоқхонасига, 23 фоизи эса яқин қариндошлариникига жойлашган.
2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими 119 та коррупциявий жиноят содир этган. Бу 2020 йилга нисбатан 2 баробарга кўп. Уларнинг аксарияти ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва пора «олди-берди"си билан боғлиқ.
Сирдарё вилоятининг Боёвут тумани ва Ширин шаҳрида тажриба тариқасида ҳокимнинг халқ депутатлари кенгаши раиси мақоми бекор қилинмоқда. «30 та депутат ичидан кенгаш раиси сайланади. У мени бошқарадида энди… Бир умрлик орзуйим шу», — деди Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова. Унинг сўзларига кўра, доимий ишловчи депутат ва сенаторлар фаолият йўлга қўйилади, уларга ойлик маош тўланади. Энди ҳоким ўзига эмас, балки кенгаш олдида ҳисобот беради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг