Сенаторлар қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи билан боғлиқ янги жавобгарлик чораларини кўзда тутган қонунни рад этдилар. Бу ҳал қилиш зарур бўлган тизимли муаммолар мавжудлиги билан боғлиқ бўлиб, улар ҳал қилинганидан кейин жавобгарлик чоралари ўрнатилиши лозим, дея маълум қилди сенатор Фарҳод Боқиев. У «турли салбий оқибатлар»га олиб келиши мумкин бўлган қатор омилларни санар экан, Қозон шаҳридаги мактабда содир бўлган отишмани мисол қилиб келтирди.
«ВКонтакте», Twitter ва WeChat ижтимоий тармоқлари ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини қонунга зид равишда қайта ишламоқда, дея маълум қилди «Ўзкомназорат». Инспекция ижтимоий тармоқларга эгалик қилаётган Mail.ru Group, Twitter ва Tencent компанияларига «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Қонуннинг 271-моддаси талабларига амал қилиш, яъни серверларини Ўзбекистонга жойлаштириш бўйича кўрсатма берди.
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи фуқаронинг 100% куйиб кетган жасади топилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Жамолиддин Узаков «Ўзбекконцерт» давлат муассасасига раҳбар этиб тайинланди. Ушбу лавозимда 2020 йилнинг ноябрь ойидан бери Aнваржон Тожибоев ишлаётган эди.
Қамаши тумани собиқ ҳокими Рашид Муҳаммадиев 57 ёшида вафот этди.
Ўзбекистонда маданият ва санъат ходимлари куни белгиланиши, сенаторларнинг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни маъқуллаши, Хоразмдаги иккит авария, ИИВнинг Aндижонда 5 ойлик келиннинг зўрлангани юзасидан расмий маълумоти — «Газета.uz»нинг 29 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Сенат Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилди. Шу билан Ўзбекистон ногиронлар учун инфратузилмаларни такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича халқаро мажбуриятларни зиммасига олмоқда.
«Ўзкомназорат» инспекцияси оператор ва провайдерларга 1 июндан бошлаб интернет тезлиги тарифларини «…гача» қўшимчасисиз кўрсатиш бўйича кўрсатма берди.
ИИВ Андижонда 5 ойлик келиннинг зўрлангани ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари давомида аниқланган маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, «аёл айрим шахслар мажбур қилгани учун иложсизликдан ёлғон кўрсатма берганини айтган». Суд тиббий экспертизаси эса жабрланувчи баданида зўрлик аломатлари йўқлигини аниқлаган. Жиноят ишининг олти нафар гумондорга тегишли қисми тугатилади.
Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида Nexia автомобили 11 нафар юқори синф ўқувчиларини уриб кетди. Олган тан жароҳатлари оқибатида улардан уч нафари воқеа жойида, яна бир нафари шифохонада оламдан кўз юмган. Урганч туманида содир бўлган бошқа бир ЙТҲда юк машинаси 2-синф ўқувчиларини уриб юборган, улардан бири воқеа жойида вафот этган.
Қулупнайли мохито, бананли коктейль, мевали лимонад ва компот — Zira.uz салқин ичимликлар рецептлари рўйхатини тақдим этади.
Хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар сони, 2020 йилда Ўзбекистон ташқи қарзни нималарга сарфлагани, болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилиши, Пирогов номидаги Россия тиббиёт университетининг филиали очилиши, президентнинг видеоселекторда берган топшириқлари — «Газета.uz»нинг 28 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Тошкентда 24 ёшли кар-соқов бўлган аёлни калтаклаб, тан жароҳати етказган шахс қўлга олинди. Жабрланувчига ҳимоя ордери берилди.
Тошкентнинг туристик салоҳиятини ошириш мақсадида пойтахт ҳокимлиги шаҳарнинг қадимий 12 та дарвозаси ва қалъа девори ўрнини аниқламоқда. Тошкент ҳокимлиги Рақамли ривожланиш департаменти директорининг ўринбосари Камолиддин Файзуллаев эски хариталарни излаш ва шаҳарнинг бир ярим аср давомида қандай ўзгаргани ҳақида гапириб беради. Хариталарнинг қисми биринчи маротаба эълон қилинмоқда.
Қорақалпоғистонда жайрон овлаган икки браконьер «Жанубий Устюрт» табиат боғи инспекторларининг машинасига ҳужум қилди. Овчилар қурол билан таҳдид қилиб, машина ғилдиракларини тешишган ва ходимларнинг телефонларини олиб қўйишган. Орол денгизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда.
Ховос туманида 22 ёшли аёлни поезд уриб юборди. У олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ҳолат юзасидан Ховос транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Н. И. Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университети билан ҳамкорлик тўғрисида келишувни имзолади. Мамлакатда мазкур таълим муассасасининг филиали очилади.
Дам олиш кунлари илиқ ҳаво кириб келиши кучаяди, жуда иссиқ об-ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Ҳаво ҳарорати 36−39 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларида 40−42 даражагача кўтарилиши кутилмоқда.
Тошкентда болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ташкил этилади, вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида болалар гематологияси ва онкология бўлимлари очилади. Республика гематология ва онкология ва радиология марказлари янги биноларга кўчиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланади. Туман поликлиникаларида аёлларни оммавий текширувдан ўтказиш учун «Онко-назорат» хоналари ташкил этилади.
Ўзбекистон Осиё тараққиёт банкидан 40 йилга 100 млн доллар, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкидан эса 30 йилга 100 млн доллар қарз олади. Маблағлар Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига қарши шошилинч чораларни кўриш лойиҳаси доирасида сарфланади. Жумладан, 35 млн долларга 1000 та тез тиббий ёрдам машинасини харид қилиш режалаштирилган.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг