UzAuto Motors компанияси ноябрь-декабрь ойларида автомобили етказиб берилишини кутаётган харидорларга транспорт воситалари 2 ойдан кейин берилишини маълум қилди. Бунга сабаб сифатида бутловчи қисмлар етишмовчилиги ҳамда глобал логистика муаммолари кўрсатилган.
Ўзгидромет хабарига кўра, 1−2 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Эрон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика бўйича шамол 17−22 м/с гача, баъзи жойларда 25−28 м/с гача кучайиши мумкин. Айрим вилоят ва туманларда чангли бўрон ҳамда чанг ғуборлар кўтарилиши кузатилиши айтилди.
Фарғона ва Бухоро вилоятларида фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Корея ва Австралия давлатларига юборишни ваъда қилган ва бунинг эвазига пул талаб қилган шаслар қўлга олинди. Уларга нисбатан фирибгарлик моддаси билан жиноий иш қўзғатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасалари шифокор ва ҳамширалари ҳозирда 26 турдаги журнал ва 33 турдаги ҳисобот шакллари, қолаверса, беморлар учун ўнлаб турдаги бланкларни тўлдиришга мажбур бўлаётганини маълум қилди. Тизимдаги қоғозбозликни бартараф этиш учун ишчи гуруҳ тузилди.
26 ноябрь куни Қамчиқ довонида йўлида ҳаракатланиб кетаётган енгил автомашинага жойлаштирилган елим идиш ёрилиб, ичидаги балиқлар йўлга сочилиб кетган. ЙТҲ оқибатида жабрланганлар йўқ, балиқ чавоқларининг асосий қисми нобуд бўлмасдан йиғиштириб олинган.
Тошкент шаҳрида йўл ҳақи 3000 сўм бўлган янги экспресс автобус йўналишини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ушбу йўналиш 4 та жадвал асосида 23 дақиқалик оралиқ интервал билан ҳаракатланади.
Фарғонада корхона раҳбари 0,5 гектар ерни 100 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди. Наманганда эса фермер хўжаликлардан бирида раҳбар 5 гектар ерни боғ учун ажратиб бериш эвазига 96 млн сўм сўрагани айтилмоқда. Уларга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан иш қўзғатилди.
Пойтахтда фуқара бошқа бир шахсдан 3 300 долларни 35,3 млн сўмга сотиб олган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент ер усти ҳалқа метро линияларини қуриш учун 354,3 млн доллар ажратилиши, 4 йил ичида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштирганлик учун судланганлиги, «Бунёдкор» ўз ходимларига 1,5 млрд сўмдан кўпроқ маошларни тўлаб беришни кечиктириши — «Газета.uz»нинг 29 ноябрдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Совуқ фасллар кириб келиши билан биноларда ёнғин хавфи ортади. Ёнғинга қарши курашнинг энг самарали воситаси ўт ўчиргич ҳисобланади. Уларни кўпинча офисларда ва машиналарда учратиш мумкин, аммо ҳамма ҳам улардан қандай фойдаланиш тўғрисида маълумотга эга эмас. Ўт ўчиргичнинг турлари ва улардан тўғри фойдаланиш қоидалари ҳақида ўт ўчирувчи Алексей Сорочин «Газета.uz»га сўзлаб берди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков тўлиқ эмланганларда коронавируснинг янги штамми енгил ўтишини маълум қилди. «Вакциналар COVID-19`нинг ҳар қандай мутацияга учраган штаммида самара беради», — деди у. Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, Omicron`нинг иккинчи ва учинчи мамлакатлар орқали кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас, бироқ янги штамм учун алоҳида протокол ишлаб чиқиш заруриятини вақт кўрсатади.
Сўнгги бир ярим йил ичида давлат харидлари соҳасида қонунбузарликка йўл қўйган мансабдорларга нисбатан 21 та жиноий ва 24 та маъмурий иш қўзғатилди. Соҳалар кесимида қонунбузарликларнинг энг кўпи қурилиш ва соғлиқни сақлашга, ҳудудлар кесимида эса Тошкент шаҳри, Андижон, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларига тўри келмоқда.
Тошкент вилояти ҳокимлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари иш вақтидан сўнг ушлаб ўтирилгани, дам олиш куни ҳам ишга чиқишга мажбур қилинаётгани айтилмоқда. Бундан ташқари, 18:00 дан кейин тайинли иш бўлмасада, раҳбарият сабабсиз ходимларни ушлаб ўтиргани маълум қилинган. Вилоят ҳокимлиги эса ишдан ташқари ишларга жалб қилиш учун «ходимларнинг розилиги» олинганини айтмоқда.
Пойтахтнинг Олмазор, Шайхонтоҳур ва Юнусобод туманларида туманларидаги дорихоналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган кучли таъсир қилувчи «Регапен», «Karbaleks», «Карбамазепин», «Тропикамид», «Селофен» ва «Зардекс» дориларининг ноқонуний савдоси тўхтатилди.
Axelot Ўзбекистондаги энг йирик ритейлерлардан бири Маkrо`нинг янги дистрибьюторлик маркази учун омборларни бошқариш WMS тизимини муваффақиятли жорий этди.
2016 — 2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг 1-ярми давомида 62 нафар Ўзбекистон фуқароси терроризмни молиялаштириш учун судланган. Уларнинг аксарияти террористик ташкилот, уларнинг вакиллари ёки унга алоқадор шахсларга пул маблағларини тақдим этиш ёки уларнинг ҳисоб рақамларига пул кўчириш билан шуғулланган.
«Бунёдкор» футбол клуби 393 нафар ходимларининг октябрь ойи учун 1 млрд 532 млн сўмдан кўпроқ ойликларини тўлаб беришни кечиктирган. Клуб айни вақтда ҳомийси ҳисобланган «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маблағлар ажратилаётганлигини маълум қилган.
1−2 декабрь кунлари мамлакатга илиқ ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Жума куни республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати +17…+22 даража атрофида бўлади.
«Тутқунлик» фильми Россияда бўлиб ўтган «Волоколамский рубеж» ҳарбий-ватанпарварлик кинофестивалида «Гран-при» бош соврини билан тақдирланди. Ушбу фильмда 2019−2020 йилларда ўтказилган мазкур «Меҳр» операцияси жараёнлари акс эттирилган.
Президент қарорига кўра, 18 ёшгача бўлган болаларга ногиронликни белгилаш педиатрия тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. 2022 йил 1 августдан бошлаб Тошкент шаҳрида, 2023 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларида ногиронлиги бўлганларни ҳисобга олиш ва кўрикдан ўтказишнинг янги электрон ахборот тизими жорий этилади. Ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган, анатомик нуқсонлари бўлган шахслар ногиронлиги муддатсиз даврга белгиланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг