Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Менглибой Муродов 80 ёшида вафот этди. Адиб «Менинг бола қалбим», «Кўнгилдаги қўшиқлар», «Умидли дунё» китоблари муаллифи ҳисобланади. «Гуноҳ» романи мустақилликнинг 17 йиллигида ўтказилган «Энг улуғ, энг азиз» танловида 3-ўринга лойиқ кўрилган.
Ўзбекистон президенти Сурхондарёдаги Бойсун-Денов йўналиши бўйлаб йўл сифати юзасидан фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олиб, сифатсиз йўлда Malibu ҳайдади. Шавкат Мирзиёев бу йўлларда ҳаракат қилиб бўлмаслигини таъкидлади.
Экспертлар Сув хўжалиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликларининг коррупцияга қарши курашиш ишларини қониқарсиз деб баҳолади. Бунга раҳбарларнинг ушбу йўналишда шахсий ташаббуси етарли эмаслиги ҳам сабаб бўлган. Энг яхши натижа Солиқ қўмитасида қайд этилди.
Тўрақўрғонлик эркак ўзини Шимолий Фарғона каналига ташлаб, ҳалок бўлди. 54 ёшли фуқаронинг нега бундай қилгани ҳозирча номаълум. Ҳолат юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.
Қонун билан электр, иссиқлик, газ ёки водопроводдан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланиш ўғирлик деб белгиланди. МЖтК ва ЖКга киритилган ўзгартишларга кўра, энди ушбу жиноятни содир этганлар 6 млн сўмгача жаримага тортилиши ёки 5 йилга қамалиши мумкин.
Тармоқларда жиззахлик икки фуқаро ЙПХ ходимлари ҳақида суратга олган ҳазиломуз видео тарқалди. ИИВ маълум қилишича, уларнинг бири 15 сутка, бошқаси эса 10 суткага қамалди.
Олмазор туманида Epica, 2 та Cobalt ва Matiz тўқнашиб кетди. ЙТҲ оқибатида 2 ҳайдовчи ва йўловчилар жароҳатланди.
14 мартдан UNG Petro ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғида Аи-92 бензини бир литри учун 7500 сўмдан сотилмоқда. Шу вақтгача унинг нархи 9000 сўм атрофида эди.
Хатирчи тумани халқ таълими бўлими мансабдорларига жиноят иши қўзғатилди. Улар 43,6 млн сўм миқдоридаги рағбатлантириш ва иш ҳақларини ноқонуний ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилганликда гумонланмоқда.
Бир йил аввал Сирдарё вилояти прокурори этиб тайинланган Санжар Мавлонов ўз хоҳишига кўра ишдан бўшатилди. Унинг жиноят устида қўлга олинган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар рад этилди.
Россиянинг Украинага қарши можаросида Ўзбекистон қайси тарафдалигини айтган президент, Тошкентда ўзини 7-қаватдан ташлаган россиялик, амалдорларнинг хизмат сафарлари ва тадбирларда совға олиши тақиқлангани, мактабда тренддаги қўшиққа видео олган директор ва бошқалар — «Газета.uz»нинг кун дайжестида.
Тошкент марказида бир киши турар-жой биносининг 7-қаватидаги деразадан ўзини ташлаб ҳалок бўлди. Ўзбекистон Бош прокуратураси унинг Россия фуқароси эканлигини маълум қилди.
Яккасаройдаги 91-мактабда директор ва унинг ўринбосарлари машҳур «За деньги да» қўшиғига қалбаки доллар сочган ҳолда олган ҳазиломуз видеоси тарқалди. Туман ҳокимлиги педагоглар жиддий огоҳлантирилганини маълум қилди. Ўқитувчилардан бирини эса ишдан бўшатишмоқчи экани айтилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги хусусий мулкда бўлган моддий маданий мерос объектига зарар етказилгани ҳақида хабар тарқалди. Маданий мерос агентлиги айбдор тадбиркор озодликдан маҳрум этилганини маълум қилди.
ДХХ Оҳангарон туманида 420 минг гектар ерни $700 мингга сотишда гумонланган ферма раҳбари, унинг отаси ва маҳалла раисини қўлга олди. Шунингдек, Жиззах ва Андижонда ҳам ноқонуний ер сотиш ҳолатлари аниқланди.
Президент Сурхондарёга ўтган йиғилишда вилоятга ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга давлат дастурларида кўзда тутилган 1,5 трлн сўмга қўшимча равишда 465 млрд сўм ажратилишини маълум қилинди. Шунингдек, аграр соҳа, ичимлик суви ва тадбиркорлик лойиҳаларига қўшимча 328 млн доллар жалб қилинади.
Табиат ресурслари вазирлиги Чотқол давлат қўриқхонасида фотоқопқонга тушиб қолган Тянь-Шань қўнғир айиғининг ноёб кадрларини эълон қилди.
V International Tashkent Marathon ҳамда 14 шаҳарда бир вақтда ўтказилган Yangi Nafas мусобақалари югуриш бўйича спорт марафонлари мавсумини очиб беришди.
«Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилига мувофиқ ёшлар ҳар бир маҳалладаги фаол нуронийларга бириктирилади. Шунингдек, фаол кексалар муаммоли оилалар билан шуғулланади. Ишида ижобий натижа кўрсатган нуронийлар рағбатлантирилади.
Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оиласига бирйўла бериладиган нафақа уларнинг охирги маош йиғиндиси 150 бараваригача оширилади. Шунингдек, бепул тиббий ёрдам ва мактабгача таълим, ОТМ учун грант, даромад солиғидан озод этиш каби тартиблар татбиқ этилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг