Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Афғонистон мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Ёқуб билан учрашди. Улар чегара ва икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.
Боёвут туманида автомобилларга газ тўлдиришга ихтисослашган МЧЖ 41,6 млн куб метр табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бунинг ортидан давлатга 62,4 млрд сўмлик зарар етган. Муассаса мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилди.
Оҳангарон туманидаги манзил колонияси маҳкуми 28,5 минг доллар олаётганда қўлга олинди. Унга шерикликда гумонланган икки шахс аввалроқ 29 минг доллар олаётганида ушланган. Улар қурилиш компаниясига Хоразмда 72,5 млрд сўмлик сув тармоғи тортиш лойиҳасини тендерсиз олиб беришини айтган.
ДХХ Шайхонтоҳур туманида «логистика билан шуғулланувчи» уйда нарколаборатория ташкил этган икки шахсни ушлади. 26 килога яқин мефедрон, 400 килодан ортиқ кимёвий моддалар ҳамда асбоб-ускуналар расмийлаштириб олинди. Наркотик моддаларнинг қора бозордаги қиймати 900 минг долларга тенглиги айтилмоқда.
Самарқандда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими фуқародан 10 минг доллар олганликда гумонланмоқда. У фуқарога АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза олиб бериш ва уни Қўшма Штатларга юборишини айтган. ДХХ бундай ҳолатларни Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳам аниқлади.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг собиқ ҳокими ва яна 2 шахс 11,1 гектар ерни расмийлаштириб бериш учун фуқародан 6 млн АҚШ доллари талаб қилган. Улар пулнинг 200 минг долларини олаётган вақтда ушланди. Шунингдек, Тошкент, Андижон ва Навоий вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.
Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё, Фарғона вилоятларида пора олишга гумонланган шахслар қўлга олинди. Гумонланувчилар ишга жойлаб қўйиш, маҳкумни бошқа жазони ижро этиш муассасасига кўчириб бериш ва жиноят иши қўзғатмаслик учун пора олаётганда ушланган.
Наманган туман суди Ўзбекистондан Қирғизистонга 590 минг АҚШ долларини ўтказмоқчи бўлган 4 нафар шахсга ҳукм ўқиди. Айбланувчиларнинг 2 нафари 5 йилга, яна 2 нафари эса 5 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
ДХХ Россия ва Туркиядан келтирилган қалбаки 528 150 АҚШ доллари миқдоридаги купюраларни муомалага киритишга уринган шахсларни қўлга олди.
ДХХ ходимлари ва божхоначилар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 27,5 кг «гашиш» ва салкам 4 кг «опий»нинг Ўзбекистонда сотилишига чек қўйди. Бундан ташқари, Андижон вилоятида Қирғизистондан олиб келинган 4,5 кг дан ортиқ «Мефедрон» аниқланиб, мусодара қилинди.
ДХХ Қўқон, Самарқанд шаҳарлари ва Пастдарғом туманида АҚШга ноқонуний юбориш билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйди. Хусусан, бир ҳолатда 25 минг доллар эвазига Мексика орқали Америкага юборишни ваъда қилган шахс пулдан 15 минг доллар олган вақтида қўлга тушди.
«Кўмир таъминот» корхонасининг Тошкент вилояти филиали бошлиғи 50 минг доллар пора олишда гумонланмоқда. У фуқарога ишга киришда ёрдам бериш учун пул олаётганда ушланди. Шунингдек, корхонанинг Самарқанддаги омборлари мудирлари 2 минг тоннадан ортиқ кўмирни талон-торож қилгани аниқланди.
ДХХ Бекобод туманида 250 млн 800 минг сўм миқдоридаги 100 минг сўмлик қалбаки купюралар сотилишининг олдини олди.
ДХХ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 4 та ҳудудда ер майдонларини ноқонуний сотиш ҳолатларига чек қўйди. Хусусан, Давлат кадастрлари палатасининг Ўрта Чирчиқ тумани филиали ходими 15 минг доллар олган вақтида қўлга олингани айтилмоқда.
ДХХ Андижонда гумонланувчига ёрдам бериш эвазига $5 минг олган терговчи ва бунга кўрсатма берган прокурор ўринбосарини ушлаганини маълум қилди. Самарқандда эса прокурор ёрдамчиси айбланувчини қамоқдан чиқариш учун 3 минг доллар сўрагани айтилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Хоразм, Бухоро ва Тошкент вилоятларида 9 килограммдан ортиқ гиёҳванд модда савдосига чек қўйди. Хусусан, иккита ҳолатда Тожикистондан гашиш ва опий олиб келингани аниқланди.
Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштирган Олтинкўл туманида яшовчи 3 нафар фуқаро қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент вилоятида Солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистонда эса Давлат меҳнат назорати инспекцияси ходимларини пора олаётганда қўлга олингани айтилмоқда.
Андижонда ер майдонларини жами 48 минг долларга сотмоқчи бўлганлар, Қорақалпоғистонда эса 85 млн сўмга давлат ерини фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган шахс гумонланувчи сифатида ушланди.
ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари Тошкент ва Гулистон шаҳарларида фуқароларни 2000 ва 2300 доллар эвазига АҚШга юборишни ваъда қилган шахсларни қўлга олди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг