Қоракўл туманида Lacetti тунда пиёдалар ўтиш жойида қизил чироқда ўтаётган 3 нафар ўқувчи қизнинг 2 нафарини уриб юборди. Ҳодиса оқибатида улардан бири вафот этди, бошқаси шифохонада даволанмоқда.
Самарқанд шаҳрида тормози ишламай қолган «КамАЗ» олдиндаги 7 та енгил автомашинага урилиб, уларни суриб кетди. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар бўлмаган, ҳозирда суриштирув олиб борилмоқда.
Апрелда Хатирчи туманидаги маҳаллалардан бирида ўқитувчи Cobalt машинасини ҳайдаб кетаётиб, икки ўқувчи қизни уриб юборган. Улардан бири ЙТҲ жойида, иккинчиси икки кундан кейин шифохонада вафот этган. Ҳайдовчи судда чалғигани ва бошқарувни йўқотганини айтди. У 5 йил қамоқ жазосини олди.
Юқори Чирчиқ туманида Cobalt ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 11 ёшли ўқувчини уриб юборди. Тошкент вилояти ЙҲХБга кўра, қизга биринчи ёрдам кўрсатилган ва аҳволи яхшилиги сабаб уйига рухсат берилган.
Термиз туманида темирйўл кесишмасидан қоидаларни бузган ҳолда ўтмоқчи бўлган «Газел» ағдарилди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар бўлмаган, йўловчи поезд йўналишини кечикиб давом эттирган.
Қашқадарёнинг Кўкдала туманида Lacetti қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, Nexia билан тўқнашди. ЙТҲ оқибатида 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди, яна 4 нафари шифохонага ётқизилди.
Музработ туманида Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл четига чиқиб кетган ва газ қувурига келиб урилган. Оқибатда газ сизиб чиққан ва 915 та хонадон таъминотдан вақтинча узиб қўйилган. Воқеадан бир кун ўтиб газ етказиб бериш босқичма-босқич тикланган.
Май ойида Kia Stinger ҳайдовчиси Тошкентдаги автотюнинг устахонаси ҳудудидаги пойга вақтида avtotuning_uz Instagram саҳифаси асосчисини уриб юборган, у шифохонага олиб кетилаётганда ҳалок бўлганди. Августда у 3 йиллик қамоққа ҳукм қилинганди, аммо апелляция суди жазони енгиллаштириб, уни озод қилди.
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида Nexia ҳайдовчиси йўл четидаги тиркамага бориб урилди. Оқибатда у шифохонада вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида Matiz билан тўқнашган Nexia-3 автомашинаси ёниб кетди, бир ҳайдовчи жароҳатланди. Бошқа ҳолатда Lacetti’да ёнғин чиқди. Суриштирув ишлари бошланди.
Янгиҳаёт туманида 117- ва 55-сонли йўналиш автобуслари иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ, автобуслар техник шикастланган.
Тошкент шаҳри Яккасарой туманида Malibu-2 ва Lacetti машиналари тўқнашди. ЙТҲ оқибатида ҳайдовчилар ва яна бир нафар йўловчи жароҳатланди.
Олмазор туманида Cobalt, Tracker ва «гармошка»ли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙТҲ оқибатида 3 киши жароҳат олди. Дастлабки маълумотга кўра, ҳодиса Cobalt ҳайдовчиси айби билан келиб чиққан.
Самарқанд шаҳрида Tracker-2 ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 12 ёшли велосипедчини уриб юборди. Жабрланувчи шифохонага ётқизилди.
Тошкентда пиёдалар ўтиш жойида Gentra катта тезликда 19 ёшли қизни уриб кетди. Марҳуманинг отаси ва гувоҳларга кўра, ҳайдовчи унинг машинаси «мурда ташувчи эмаслигини» айтиб, қизни шифохонага элтишдан бош тортган. Қизнинг яқинларидан бири бундай ЙТҲларда автомобилларни мусодара қилишни таклиф этди.
Сергели туманида BYD йўлдан ўтаётган 2015 йилда туғилган қизни уриб юборди. Қиз шифохонада вафот этди. Тергов ҳаракатлари бошланган.
Сариосиё туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган шахслар бошқарувидаги Nexia 2 ва «Жигули» машиналари тўқнашди. Оқибатда 3 нафар йўловчи воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган йўловчилар шифохонага мурожаат қилган.
Тошкентнинг Янги Ўзбекистон кўчасида Cobalt автомашинаси катта тезликда темир тўсиққа бориб урилди. ИИББнинг маълум қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, ҳайдовчи рулда ухлаб қолган. Камералар йўқлиги ҳақидаги хабарларга жавобан кўчада кўчма радарлардан фойдаланилаётгани айтилди.
Деҳқонобод туманида «КамАЗ»нинг тиркамаси ҳаракат вақтида асосдан чиқиб кетди. Бошқарувсиз қолган тиркама 3 та транспортга урилди. Ҳодисада ҳайдовчилардан бири жароҳатланди.
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бошқарув йўқотилиши оқибатида MAN юк машинаси ағдарилди ва пачоқланиб кетди. Ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатилди, жароҳатланганлар йўқ.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг