Хоразмнинг Боғот туманида Damas бир йўналишдаги велосипедчини уриб кетиши оқибатида жабрланувчи воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳайдовчи машинани тегишли ҳужжатсиз бошқарган.
Пойтахтда 2024 йилда 1280 авария содир бўлди. Оқибатда мингдан ортиқ одам жароҳатланди, 91 киши вафот этди. ЙҲХБ авариянинг ўчоқ нуқталарини аниқлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича ишлар олиб боради.
Жомбойда автобус Cobalt билан тўқнашиб ағдарилиши оқибатида 22 нафар аёл жабрланди, дея хабар берди Milliy телеканали. Бироқ бир кун олдин ЙҲХБ бу маълумотни яшириб, фақат бир киши ҳалок бўлганини таъкидлаган. Шифохона марҳум аёл киши бўлганини билдирди. ФВВ ҳодиса бўйича муносабат билдирмади.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 260-мактаб ёнгинасида Nexia-3 машинаси 10 ёшли мактаб ўқувчисини уриб юборди. Пиёда шифохонага ётқизилди.
Наманган шаҳрида Gentra ҳайдовчиси йўлни кесиб ўтаётган 67 ёшли фуқарони уриб юборди ва қочиб кетди. Пиёда воқеа жойида ҳалок бўлди. ЙҲХБ ҳайдовчини топиш мақсадида ҳудуддаги қора рангли Gentra’ларни бир ерга тўплаб, текширмоқда.
Пайариқ туманида Cobalt хавфли бурилиш пайтида «КамАЗ» билан тўқнашди. Оқибатда енгил автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчиси шифохонада вафот этди.
Уйчи туманида маст ҳолда машина бошқариб уч кишининг ўлимига сабабчи бўлган 19 ёшли йигитга суд ҳукми ўқилди. Суд уни 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Шайхонтоҳур туманида тунда Gentra ҳайдовчиси жанжал сабаб бир гуруҳ одамларни босиб кетмоқчи бўлди. Тармоқларда тарқалган видеоларда машина ойнаси тош билан тешилганини кўриш мумкин. Пойтахт ЙҲХБ ҳолат бўйича барча фуқаролар ИИБга топширилганини билдирди.
Қарши шаҳрида дрифт қилишга уринган 19 ёшли Nexia ҳайдовчиси йўл четидаги дарахтга урилди. Зарба кучлилиги оқибатида машинада бўлган унинг икки дўсти вафот этди.
2024 йилда Ўзбекистонда 9364 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, шундан 3045 таси (32,5%) юк машиналари ва йўловчи ташувчи транспортлар иштирокида содир бўлди. ЙТҲларнинг деярли ярми Damas иштирокида бўлган. 351 та ЙТҲда ҳайдовчилар рулда ухлаб қолган, оқибатда 189 киши ҳалок бўлган.
Олтиариқ туманида баённома тузилган BYD Song автомобилини олиб кетаётган ЙПХ инспектори ЙТҲга учради. 17 ёшли Damas ҳайдовчиси иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга чиқиб кетиб у билан тўқнашди. Оқибатда бола шифохонада вафот этди.
Шароф Рашидов туманида ичида йўловчилари бўлган автобус йўлларни тозаловчи махсус транспорт воситаси билан тўқнашди. Ҳодиса оқибатида уч кишига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилди.
Бухоро вилоятининг Жондор туманида ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилган Cobalt ҳайдовчиси тўсатдан ҳаракатланиб, улардан бирини уриб кетди. Воқеа юзасидан ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Миробод туманида автобус ҳайдовчиси руль бошқарувини йўқотиб, йўлни ажратиб турувчи бетон тўсиққа урилди. ЙТҲ оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ.
Термиз туманида Damas йўлни кесиб ўтаётган 1-синф ўқувчисини уриб юборди. Оқибатда 8 ёшли бола шифохонада вафот этди.
Юнусобод туманида Nexia, Lacetti ва Spark автомобиллари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. ЙҲХБ ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб бормоқда.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида «ГАЗель» белгиланмаган жойдан ўтаётган пиёдани уриб кетди, оқибатда у ҳалок бўлди. Машина бошқарувни йўқотиб, BYD ва Matiz билан ҳам тўқнашди. Аҳоли мазкур ҳудудда пиёдалар ўтиш жойи йўқлигини таъкидламоқда ва масъуллардан ҳаракат хавфсизлигини яхшилашни сўрамоқда.
Тошлоқ туманида юқори тезликда ҳаракатланган маст Damas ҳайдовчиси велосипедда кетаётган фуқаро ва 5 ёшли пиёдани уриб юборди. Оқибатда 71 ёшли эркак воқеа жойида, бола эса шифохонада вафот этди.
Навоий шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланган Kia Sonet автомобилининг 16 ёшли ҳайдовчиси тўхташ ишорасига амал қилмай, ЙПХ инспекторини уриб юборди. Бола воқеа жойидан қочиб кетган, инспектор эса ўша ерда ҳалок бўлган.
Самарқанд шаҳрида 10-синф ўқувчиси бошқарувидаги Spark пиёдани уриб юборди. Оқибатда 51 ёшли эркак вафот этди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг