Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Аманбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Kun.uz манбасига таяниб хабар берди. Бош прокуратура матбуот хизмати бу маълумотни «Газета.uz»га маълум қилди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz нашрининг ёзишича, Аманбоева Навоий шаҳар ҳокими орқали ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, қурувчи тадбиркордан катта миқдорда пул олган.

27 ёшли Мерей Аманбоева 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган. Ҳозирги лавозимида у 2024 йил 6 мартдан буён ишлаб келмоқда, унгача эса «Зарафшон» маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган.

2021 йил Кармана туманидаги қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш маросимида у давлат раҳбарига «сизнинг келганингиздан „дух“ олдик», деганди. Шавкат Мирзиёев унга президент совғаси сифатида Nexia 3 совға қилган.

Мерей Аманбаеванинг реакцияси

Жума куни Мерей Аманбоева ўзининг Facebook саҳифасида Kun.uz`дан «асоссиз маълумотларни» тарқатмасликни сўради.

«Ижтимоий тармоққа чиқаришдан олдин суҳбат қилинг, кейин чиқаринг. Асоссиз чиқарманг. Судлашиб юрмайлик», — деб ёзди у.

Савдо-саноат палатаси муносабати

Савдо-саноат палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, Меҳнат кодекси талабларига кўра, ходимни ишдан четлаштириш қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органларининг талабига кўра амалга оширилиши белгиланган.

«Бугунги кунга қадар палатага ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан М.Омонбоевани ишдан четлаштириш бўйича талабнома келиб тушмаган ва у палатанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.

Савдо-саноат палатаси Конституциясининг 28-моддасига асосан, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишини эслатиб ўтди.