Афғонистондаги террорчилик ҳаракатларини қоралаган Ўзбекистон, «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасидаги 101 та сохта экспонат, Андижондаги боғчада уйқу вақтида вафот этган болакай, Қашқадарёдаги сув, ижтимоий соҳа ва ишсизлик муаммоларини гапирган президент, дам олиш кунларидаги ёмғир ҳамда ёғиши кутилаётган дўл ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 22 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Болалар омбудсмани Алия Юнусова 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйида юз берган воқеага изоҳ берди. Ўрганишлар натижасида меҳрибонлик уйи маъмурияти болаларни психиатрия шифохонасига юбориб келганлиги, уларга нисбатан қўрқитиш ва нодўстона муносабатда бўлиб келингани аниқланди.
Қатарда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Ўзбекистонда МТРК томонидан намойиш қилинади. Компания ушбу мусобақанинг барча 64 та учрашувини ўз телеканалларида эфирга узатиш ҳуқуқини сотиб олган.
Март ойи ўрталарида Марказий банкнинг асосий ставкани 17 фоизга оширганидан сўнг кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ошиши кутилган эди. Аммо ўтган ойда тадбиркорлик субъектлари учун ажратиладиган кредитлар 1,1 фоизга арзонлашди. Марказий банк нима учун бундай бўлганини тушунтирди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 41,80 сўмга арзонлаб, 11 260,28 сўмни ташкил қилди. Евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Фуқароларнинг никоҳини ФҲДЁга ариза берилганидан бир ой ўтиб расмийлаштириш тартибини бекор қилиш таклиф этилмоқда. Никоҳни тиббий кўрикдан сўнг қайд этиш мумкин.
Февраль ойида ҳукуматнинг ўзбек имо-ишора тилини шахслараро мулоқот воситаси сифатида ривожлантириш тўғрисидаги қарори жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унда яна ногиронликнинг ижтимоий модели эмас, тиббий жиҳатига эътибор қаратилган. Карлар ҳуқуқлари фаоли Маъмур Аҳлиддинов ва «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов ҳужжатнинг хом эканлигини таъкидлаб, уни такомиллаштиришни таклиф қилишмоқда.
Президент Қашқадарё вилоятига сафари давомида вилоятнинг долзарб муаммоларига эътибор қаратди. Жорий йилда вилоятга ижтимоий соҳа ва инфратузилмани яхшилаш учун республика бюджетидан қўшимча 360 млрд сўм ажратилади. Яккабоғ, Чироқчи, Қамаши, Шаҳрисабз ва Китоб туманларини сув билан таъминлаш учун «Аёқчисой» сел сув омбори қурилади. 9 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти қайта тикланади. Ишсизликни камайтириш учун 270 та саноат лойиҳалари дастури шакллантирилади. 40 минг гектардан ортиқ ерлар қайта фойдаланишга киритилади.
Марказий банк мамлакатда доллар ва евро танқислиги, шунингдек катта миқдордаги рублнинг кириб келиши кузатилмаётганини маълум қилди. Шунингдек, хорижий валюта операциялари бўйича чекловлар кўриб чиқилмаётгани қайд этилди. Регулятор журналист ва блогерлар саволларига берган жавобларнинг муҳим қисмлари «Газета.uz» материалида.
24−25 апрель кунлари ёмғир ёғиши, баъзи ҳудудларда ёмғир кучайиши ва момақалдироқ бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда дўл ёғиши мумкин, шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди. Шунингдек, Ўзгидромет республиканинг қарийб барча ҳудудларида сел-сув тошқинлари кузатилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Президент Қашқадарёда 143 та кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилишини маълум қилди. Вилоят аҳолисига жорий йилда 730 млрд сўм имтиёзли ипотека кредитлари ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 72 млрд сўм субсидия ажратилади. Шунингдек, 30 та қишлоқ ва маҳаллалар «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари билан қамраб олинади.
Олтинкўл туманидаги 31-мактабгача таълим ташкилотининг 4 ёшли тарбияланувчиси уйқу вақтида оламдан ўтди. У тарбиячи болаларни уйқудан уйғотган вақтида қайтиб ўрнидан турмаган. Ташкилот ҳамшираси болада ҳеч қандай касаллик аломатлари кузатилмаганини айтди.
Украинадан қайтган талабалар 26 апрелдан бошлаб ўқишларини Ўзбекистондаги университетларга соддалаштирилган тартибда кўчиришлари мумкин, бироқ истиснолар ҳам бор.
Адлия вазирлиги ва Ўзбекистондаги йирик савдо тармоқлари вакиллари озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш масаласини муҳокама қилмоқда. Шу мақсадда фудшеринг платформасини ишга тушириш режалаштирилган. Статистикага кўра, Тошкентда ҳар куни 2 тонна нон маҳсулотлари, республика бўйлаб йилига 3 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари чиқиндига ташланади.
БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовсканинг фикрича, «Яшил макон»нинг бутун мамлакат бўйлаб 1 млрд дарахт экиш бўйича катта лойиҳаси ҳавони тозалаш ва одамлар ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади. Шу билан бирга, дарахтларни экиш ва парваришлаш жараёнини бошқариш бўйича комплекс ёндашув қабул қилинмаса, дарахтларнинг тақдири мавҳум бўлиб қолади. Шунинг учун кўчат экишни техник-иқтисодий асослаш ва лойиҳа иштирокчиларининг саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириш тизими зарур.
Ўзбекистон ТИВ Афғонистоннинг Кобул, Мозори-Шариф ва Қундуз шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатларини қоралаб баёнот берди. Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди.
Шанба куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қуруқ ва илиқ ҳаво давом этади, якшанба куни ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат бироз пасайиб, кундузи +25 даражадан ошмайди.
2021 йил ноябрь ойидан буён Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Муротжон Азимов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.
«Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ўтказилган ўрганишларда ноёб деб келинган 101 та музей ашёсининг кирим китобидаги тавсифномалари ўлчам, материал, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқланди. Тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.
Самарқанд туманида фермер икки фуқарога туман ҳокимининг 2020 йилдаги сохта қарори билан 19,7 минг долларга ер майдонини сотгани аниқланди. Терговга қадар текширув давомида гумонланувчи 500 доллар ва 4,5 млн сўмни ихтиёрий равишда қайтарган.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг