Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 22,43 сўмга кўтарилиб, 11 281,80 сўмни ташкил қилди. Евро курси ҳам кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида мамлакатнинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини осонлаштиришга қаратилган битим имзоланди. Биринчи кредит шартномаси қиймати 150 млн еврони ташкил қилади.
«Бекободцемент» акциядорлик жамиятининг янги турдаги цементлари йўл қурилиши учун мўлжалланган. Маҳсулотлар мувофиқлик сертификатларига эга.
General Motors автоконцерни Россиядан бутунлай чиқиб кетади ва ушбу давлатдаги офиси ходимларини ишдан бўшатади. Шунингдек, дилерларга автомобиллар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш тўхтатилгани ҳақида хабар юборилган. GM 28 февралда Россиядаги фаолиятини тўхтатиб туришга қарор қилган эди.
Сенатнинг 25-ялпи мажлисини 28 апрель куни чақирилади. Унда 9 та қонун, шу жумладан, почта алоқаси, ичимлик суви таъминоти, қўриқлаш фаолияти, халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунлар муҳокама қилинади. Қолаверса, Вазирлар Маҳкмаси, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, бош прокурор ва адлия вазирининг ҳисоботлари тингланади.
Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази раҳбари Олим Нарзуллаевнинг айтишича, Афғонистондан «Шимолий йўналиш» орқали наркотик моддаларни олиб ўтиш ҳолатлари кўпайган. Бунда кўп кузатилган наркотик моддаларни олиб ўтишга уриниш Ўзбекистон транспорт инфратузилмаси орқали бажарилган.
Дислокация кўчирмаси билан танишиш мураккаблашганига қарамай, ЙПХ инспекторлари «назоратсиз қолмайди», — деди ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров. Лекин у нима сабабдан хайдовчилар дислокация кўчирмаси билан жойида танишиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига изоҳ бермади.
Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, жазони ўтаб бўлган шахсларга «Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» бериш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, озодликка чиққан шахсларни аҳолининг эҳтиёжманд тоифасига киритиш режалаштирилмоқда.
Пойтахтда автотураргоҳлар сонини қисқартириш ва жамоат транспорти ривожланиши учун кўпроқ шароит яратиш режалаштирилаяпти, деб маълум қилди Транспорт вазирлиги вакили Мурод Обидов. Унинг сўзларига кўра, Тошкентда автотураргоҳларни кенгайтириш учун ер йўқ, уларда автомобилларни эрталабдан кечгача сақлаб туриш эса ер ресурсларидан фойдаланишнинг энг самарасиз усули ҳисобланади.
Бухоро вилоятида фуқароларга қалбаки авиачипталарни расмийлаштирган корхона раҳбари ва унинг шериги қўлга олинди. Январь-февраль ойларида улар сохта чипталарни Бухоро-Домодедово рейси бўйича 27 нафар фуқарога сотишган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Яндекс такси» компаниясининг МДҲ давлатлари бўйича бошқарувчи директори Кирилл Свинцов билан учрашув ўтказди ва унда компанияга Ўзбекистон IT-паркининг резиденти мақомини олишни таклиф қилди.
АҚШ Ўзбекистон ДХХ Чегара қўшинларига қиймати 2,5 млн долларлик 50 дона Toyota Hilux ва Fortuner автомобилларини топширди. Автомашиналар Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида тақдим этилди.
World Press Photo 2022 йилнинг энг яхши суратларини эълон қилди. Рўйхатдан дунёнинг 6 та минтақасидан 30 нафар фотожурналист жой олди. «Газета.uz» танловнинг айрим ғолиб суратларини тақдим этади.
Президент Шавкат Мирзиёев 21−22 апрель кунлари Қашқадарё вилоятига сафар қилади.
Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Давлат Умаров «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида 2018 йил Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида волонтёр сифатида қатнашгани ҳамда «Ливерпуль» футболчиси Стивен Жеррарднинг бутсасини илиб олишига бир баҳя қолганлиги ҳақида сўзлаб берди.
Microsoft билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича онлайн учрашувда АКТ вазирлиги компанияга Ўзбекистонда офис очишни таклиф қилди.
Кичик тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар эквивалентида кредит линияси ажратилади. Маблағларининг камида 70 фоизи шаҳарлардан ташқари ҳудудларда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларга ажратилади. Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада, 5 млрд сўмгача миқдорда ажратилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги шер боласи тишлаб олган боланинг аҳволи қониқарли экани, у пойтахтдаги 2-болалар поликлиникасида даволанаётганини маълум қилди. Боланинг аҳволини травматология ва нейрохирургия бўлими мудири ҳамда Ўзбекистон бош рабиологи назорат қилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Уткиржон Қодиров Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. У ушбу лавозимда Бахром Юсуповнинг ўрнини эгаллади.
Нукусда Ўзбекистондаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида илк диализ маркази иш бошлади.Май ойидан Урганч ва Боғот туманида ҳам шундай клиникалар иш бошлайди, йил охиригача эса Тошкентда энг йирик клиника ишга тушади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг