Эндиликда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган диний мазмундаги материаллар ижобий хулоса олингандан кейин голограмма билан тамғаланади. Шунингдек, сайт ва фуқаролар томонидан хорижда тайёрланган диний материалларни ижобий хулоса олмасдан тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,40 сўмга пасайиб, 11 278,02 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро курси ҳам пасайди, рубль курси эса кўтарилди.
Жанубий Африка Республикасида узоқ давом этган ёғингарчиликлар кучли сув тошқинига сабаб бўлди. 443 киши ҳалок бўлди, 40 минг киши бошпанасидан айрилди.
Жиззахда Nexia-2 ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишдаги Nexia-3 билан тўқнашди. Бунинг оқибатида машина ёниб, бир киши ҳалок бўлди, яна уч киши жароҳатланди. Сурхондарёдаги аварияда эса ҳайдовчи ва икки йўловчи машина салонида ёниб кетди.
Айдар-Арнасой кўллар тизимида тақиқланган ов қуроли — «Леска»дан тўқилган тўрлар ёрдамида 150 бошдан зиёд балиқ тутган эркак ушланди. Табиатга 31,2 млн сўмлик зарар етказилгани маълум қилинди.
Январь-март ойларида Ўзбекистонга 1,47 млрд долларлик пул маблағлари жўнатилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 фоизга кўпроқдир. Шунингдек, аҳоли ўртасида хорижий валютага талаб 69% га ошган.
Тошкентнинг Олмазор туманидаги 9,6 гектар майдонда жойлашган Агрегат заводи ер участкасини Build Power компанияси сотиб олди. Бу ерда кўп қаватли арзон уйлар қуриш режалаштирилган. Битим қиймати — 208,7 млрд сўм.
Тошкентда бўлиб ўтган бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичида Ўзбекистон гимнастикачилари 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди. Шулардан 3 та олтин ва 1 та бронзани терма жамоа ҳисобига Тахмина Икромова олиб келди.
Навоийда фуқаро ўзига давлат-хусусий шерикчилик шартлари асосида футбол майдончаси қуриш учун ажратилган 9,9 сотих ер майдонини 50 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди.
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари апрель ойи бошида 35,15 млрд долларгача қисқарди. Бу пасайиш асосан валюта захираларининг камайиши билан боғлиқ. Олтин захираларининг жисмоний ҳажми ўзгармаган, аммо қиймати озроқ ошган.
Ўзгидромет ҳафтанинг биринчи ярмида республика бўйича ёмғир ёғиши кутилаётганини маълум қилди. Чоршанба кунигача баъзи ҳудудларда шамол 17−22 м/с гача кучаяди, натижада айрим жойларда чанг тўзон кузатилади. Ҳаво харорати эса +20…+28 даража атрофида бўлади.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳайдовчиликка тайёрлаш бўйича курслар ўтган йилга нисбатан ўртача 15,2 фоизга, йил бошидан бери эса 13,9 фоизга қимматлашган.
«Ўзбекистон темир йўллари» Афғонистон темир йўллари бошқармаси (ARA) «Ҳайратон — Мозори-Шариф» йўналишини 2011 йилдан буён бошқариб келаётган ўзбек компанияси фаолиятидан «бутунлай қониқиш ҳосил қилгани»ни билдирди. Бир вақтнинг ўзида афғон матбуоти ARA назоратни босқичма-босқич ўз қўлига олиш ниятида экани ҳақида ёзмоқда.
Ғузор туманининг «Совбоғ» маҳалласида ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган 37 ёшли эркак ўзини осиб қўйди. Бунга унинг руҳиятидаги ўзгаришлар, шу жумладан қарзи кўпайиб кетгани ва кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.
Жиззах шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб Азиз Эргашев тайинланди. У «Ўзнефтгазинспекция» Жиззах вилоят бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасига тадбиркорлик субъектларининг имтиёзли кредитларини қоплаш учун бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилади. Ҳудудлардаги кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун банкларга 300 млн доллар ажратилади. Шавкат Мирзиёев: «Ажратиладиган ҳар бир доллар, ҳар бир сўм — бюджетданми, банкданми — бу ҳаммаси халқнинг пули», — дея таъкидлади. Шу билан бирга, у банклар энг катта порахўрлик билан шуғулланаётганини қайд этди.
ДХХ қарийб 1 кг «опий» моддасини Бухорога олиб келиб, 2,5 минг долларга сотмоқчи бўлган афғонистонлик наркокурьерни ушлади. Андижонда эса қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан олиб келинган 5,3 кг «гашиш» мусодара қилинди.
Офшор компаниялар хизматидан фойдаланиш бўйича «Пандора архиви»да бош вазир ўринбосари Сардор Умурзаковнинг рафиқаси Нодира Умурзакова ва қайнотаси Марлен Азизовнинг ҳам номлари борлиги маълум бўлди. ИТСВнинг билдиришича, Азизов 1990-йилларнинг бошидан буён бизнес билан шуғулланган, Умурзоқова эса ҳеч қачон хорижда ҳеч қандай актив ёки мулкка эгалик қилмаган ёки бенефициар бўлмаган.
Тошкентда кучукчани болалар кўз ўнгида калтаклаган шахс қидирилмоқда. Хабар қилинишича, у кулранг «Кобальт»да кетган.
Президент «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унга кўра, давлат органларининг ахборот ресурслари ва тизимлари мажбурий тартибда киберхавфсизлик экспертизасидан ўтказилади. ДХХ киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг