Тошкент ҳокими 10 кун ичида пойтахтнинг асосий кўчаларидаги барча чуқурларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан топшириқ берди. Шаҳарда жами 76 та шундай кўча бор — таъмирлаш жараёнида устуворлик даставвал айнан шу кўчаларга берилади. Рақамли ривожланиш департаментининг маълум қилишича, «Халқ назорати» порталига ариза топшириш орқали таъмирлаш ишларини тезлаштиришга ёрдам бериш мумкин.
Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати кун давомида +35 даражагача кўтарилади, бу апрель ойининг ўрталаридаги меъёрдан 6−8 даражага юқори. Ёғингарчилик кутилмайди, фақат шимолий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин.
15 апрелдан Тошкент ва Бишкек ўртасида автобус қатнови қайта тикланмоқда.
Ҳукумат қарори билан ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳақида хабар берганлар БҲМнинг 10 фоизи (27 минг сўм) миқдорида рағбатлантирилади.
15 апрель куни Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи старт олади. Россия, Беларусь ва Украина гимнастикачилари узоқ йиллар давомида биринчи марта Тошкент турнирида қатнашмайди. Томошабинлар учун мусобақаларга кириш бепул.
Сардор Абдуллаев Uzbekistan Airports бошқарув раисининг ахборот технологиялари бўйича ўринбосари бўлди. У бунгача Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари эди. Аввал президент девонида ишлаган Боходир Мирусманов эса персонал бўйича раис ўринбосари лавозимига тайинланди.
22 ёшли йигит қасддан ўзини метро поезди остига ташлади. Машинист поездни тезкор тўхтатиши натижасида у омон қолди.
БМТ комиссияси аъзоси этиб сайланган Ўзбекистон, мамлакатни минтақавий IT марказига айлантиришга кўрсатма берган президент, таҳдидлар туфайли мақоласини ўчиришга мажбур бўлган Rost24 бош муҳаррири, метро жетонларининг қайта сотиб олиниши, Ўзбекистонда раҳбарлик лавозимларини эгаллаб турган 27% аёллар ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 14 апрелдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Президент тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин, илгари бундай тартиб мавжуд эмас эди. Тўловга қобилиятсизик ҳолати суд томонидан кўриб чиқилади ва суд қарорисиз ундирувни мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ҳам ўз кучини йўқотди.
Япония ташқи ишлар вазири Йосимаса Хаяси апрель охирида Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Шунингдек, Япония ТИВ раҳбари июнь ойи охиригача Марказий Осиёнинг бешта давлати ташқи ишлар вазирлари йиғилишини ўтказиш ва Хитой кредитлари хавфи ҳақида огоҳлантиришни режалаштирмоқда.
2021 йил учун Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг Очиқлик индекси юзасидан ўтказилган мониторинг якуни бўйича тузилган рейтинг эълон қилинди. Унда вазирлик, қўмита, агентлик ва марказлар, шунингдек, вилоят ҳокимликларининг натижалари қайд этилган.
Президент йил бошидан бери мамлакатга 3 мингга яқин хорижий IT-мутахассис келгани ва уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режалаштираётганини маълум қилди. Хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1000 нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини оширишга кўрсатма берилди.
Президент Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бунинг учун IT экспортини йил якунигача 100 млн долларга етказиш, яна 6 та ҳудудда IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва камида 20 тадан компания фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги айтилди. «Ушбу соҳа ривожланмаса, бошқа бирор бир тармоқ олдинга юрмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Қарши шаҳар ҳокимлиги, Кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси ва Қурилиш бўлимининг 7 нафар ходими қонунга зид равишда 318 та ҳолатда 105 гектар ерни аукционсиз бериб юборгани аниқланди. Ушбу ер майдонларининг бозордаги баҳоси 156,4 млрд сўмни ташкил қилади. Гумондорларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга юборилди.
Rost24 нашри бош муҳаррири Анора Содикова таҳдид ва босимлар туфайли тадбиркор Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги мақолани олиб ташлашга мажбур бўлганини маълум қилди. Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «журналистга таҳдид қилишга, умуман таҳдидларга ҳеч ким ҳақли эмас», дея таъкидлади.
Ҳукумат қарори билан шахсий идентификация рақамини аниқлаш ва бериш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистонда туғилган барча шахсларга туғилганликни қайд этиш жараёнида, қолаверса, мамлакатда вақтинча бўлиб турган хориж фуқароларига ҳам ЖШШИР берилади. 1 июндан эса бу борада давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасидаги можародан кейин журналист ва блогерларга мурожаат қилиб, қўшни давлатлар билан можаролар ҳақида гап кетганида, маълумотларни бузиб кўрсатмаслик ва давлатлар раҳбарларини ҳақорат қилмасликка чақирди. У, шунингдек, чегара масаласида муаммолар борлигини тан олиб, президентлик муддати тугагунга қадар уни ҳал қилиш ниятида эканини билдирди.
Ўзбекистон президенти телефон орқали мулоқотда Венгрия ҳукумати раҳбарини «ФИДЕС» — Христиан-демократик халқ партияси коалицияси ушбу мамлакат парламентига бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонгани билан табриклади.
Сенат раиси Танзила Нарбаева Heritage Foundation`нинг «Эркин савдо» кўрсаткичида Ўзбекистоннинг ўрни рекорд даражада яхшиланганини маълум қилди. Бироқ, «Иқтисодий эркинлик» индексида Ўзбекистон 117-ўринни эгаллаб, «асосан эркин бўлмаган мамлакатлар» гуруҳида қолди. Қолаверса, «Суд фаолияти самарадорлиги», «Солиқ юки», «Фискал саломатлик», «Бизнес юритиш», «Меҳнат бозори эркинлиги» индексида ҳам KPI`га эришилмагани танқид қилинди.
Адлия вазирлиги 2100 та умумий овқатланиш корхоналарини ўрганган ҳолда ушбу соҳада жуда кўп текширувлар ва мураккаб солиқ маъмуриятчилиги мавжудлигини аниқлади. Умумий овқатланиш корхоналарининг 60 фоизи солиқ тўлашдан бўйин товлайди, 30−40 фоизи эса «сояда» ишлайди, дея ҳисоблайди вазирлик.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг