Ўзбекистон Яманда икки ойлик сулҳ ва ўт очишни тўхтатиш эълон қилинганини олқишлайди. Ташқи ишлар вазирлиги тегишли баёнот билан чиқди.
Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг директори Алишер Инаков матбуот анжуманида Даун синдроми бўлган болалар «ўқий олмаслигини» айтди. Бундай сўзлар ота-оналар ва жамоатчилик фаоллари норозилига сабаб бўлиб, агентликни улар билан учрашув ташкил қилишига ундади. «Газета.uz» колумнисти Дилмурод Юсупов мазкур вазият юзасидан болаларнинг ўқишга ҳуқуқи ва амалдорлар сўзининг кучи юзасидан шахсий фикрини билдирди.
Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчиси Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида, унинг таъбири билан айтганда, «урушда қурол сифатида фойдаланилаётган» Россия оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чекланиши, шунингдек, Владимир Путин ва унинг атрофидагиларга қарши киритилган санкциялардан кўзланган мақсад хусусида сўз юритди. Россия оммавий ахборот воситалари ва элчихонаси дипломатни танқид қилиб, мазкур интервьюни «йўқ жойдан шовқин кўтариш» деб атади.
Бу йил ҳам Қозоғистонда 7 май — Ватан ҳимоячилари ҳамда 9 май — Ғалаба кунларида ҳарбий парадлар ўтказилмайди. Лекин бутун мамлакат бўйлаб 50 га яқин ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ташкиллаштирилади.
Ҳукуматнинг 12 апрелдаги қарори билан эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва «техпаспорт»ни алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди. Унинг муддати ҳайдовчилик гувоҳномаси ва рўйхатга олиш гувоҳномаси берилган йилга боғлиқ. Агар улар 2010 йилгача берилган бўлса, 2023 йил 31 мартгача алмаштирилиши керак.
Ўзбекистоннинг янги Йўл ҳаракати қоидаларида йўлларга рухсатсиз сунъий тўсиқлар ўрнатиш тақиқланди. Одатда уларни фуқаролар ва компанияларнинг ўзлари ўрнатарди. Чунки масъул органлар пиёдаларни ҳимоя қилиш учун буни бажаришмайди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлик туманидаги «Сижжак» дам олиш маскани яна сотувга қўйилди. Харидор оромгоҳда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириши керак.
Вазирлар Маҳкамаси янги таҳрирдаги Йўл ҳаракати қоидаларини жамоатчилик муҳокамасисиз тасдиқлади. Бунга президентнинг 17 мартдаги фармони билан муҳокамага қўйиладиган ҳужжатлар таснифига киритилган ўзгартириш сабаб бўлган бўлиши мумкин. Унга кўра, энди фақатгина муҳим ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Олдинги тартибга кўра, барча ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамага қўйилиши шарт эди.
Ҳукумат қарори билан эндиликда ҳайдовчи ЙПХ ходимининг дислокация кўчирмаси билан ўша жойнинг ўзида таниша олмайди. Бунинг ўрнига ҳайдовчи саф бўлимидан ёзма маълумот талаб қилиши мумкин. Шунингдек, body camera`си бор ЙПХ ходими ҳайдовчининг мастлик ҳолатини алкотестер ёрдамида ҳодиса жойида ўзи аниқлаши ва баённома расмийлаштириши мумкин.
АҚШ элчиси Дэниел Розенблюм Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позициясини тушунишини маълум қилди. «Россия билан ҳам, Украина билан ҳам чуқур тарихий ва муҳим ришталарга эга. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур… Ўзбекистон биронтасининг ёнини олмаяпти», — деди у.
Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон 2020 йилда карантин қоидаларини бузганлиги учун жаримага тортилди. У мамлакат тарихида қоидабузарлик учун жазоланган биринчи бош вазирга айланди. Шунингдек, бош вазирнинг рафиқаси ва ғазначилик канцлери ҳам ушбу иш юзасидан жарима тўлаган.
Алексей Хен Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари этиб тайинланди. У ўзи ишлаб келаётган Рақамли ривожланиш департаментига раҳбар бўлди.
12 апрель куни кечқурун Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида отишма содир бўлди. Тожикистон томони бир киши, қирғизистонлик икки нафар ярадор ҳақида хабар берди. Кечаси томонлар келишув бўйича келишиб олишган, ҳозирда вазият барқарор.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳукуматда бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков раҳбарлик қилаётган тизимга ўтказилди. Бунга қадар вазирлик бош вазир Абдулла Арипов тўғридан-тўғри раҳбарлик қилган комплексда эди.
Украина ҳавфсизлик хизмати Путинга яқин деб ҳисобланган олигарх, Россияпараст «Мухолифат платформаси — Ҳаёт учун» партияси раҳбари Виктор Медвечукни қўлга олди. У мамлакатдан чиқиб кетишга уринган вақтда ушланган. Владимир Зеленский Россияга уни украин асирларига алмаштиришни таклиф қилди.
1 майдан бошлаб автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини тақиб олишлари шарт бўлади. Орқа ўриндиқларда хавфсизлик камарини тақиш ва махсус болалар ўриндиғидан фойдаланиш тавсия сифатида қолмоқда.
Ўзбекистонда оқ қоғоз нархи ўртача 2 баробарга ошди. Бу Россия заводларидаги оқартиргич импорти билан боғлиқ чекловлар туфайли қоғоз нархининг ошиши фонида содир бўлмоқда. Ўзбекистонда қоғоз ва картон импортининг деярли ярми Россия корхоналарига тўғри келади.
Жомбой туманида фуқаро давлат захирасидаги 80 сотих ерни танишлари орқали бошқа фуқарога расмийлаштириб беришига ишонтиргани ва бунинг эвазига 22 минг доллар талаб қилгани айтилмоқда. У олдиндан 11 минг долларни олганида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланди.
Финляндия Ташқи ишлар вазирлиги департаменти бош директори маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Илкка Ряйсянен мазкур давлатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди.
15 мартдан бери Адлия вазирлиги тиббиёт ва таълим соҳалари ходимлари манфаати йўлида судларга салкам 7,2 млрд сўмлик даъво киритди. Натижада 5,2 млрд сўмлик иш ҳақи, устама ва бошқа тўловлар ундирилди, қолаверса, 398 та шахс интизомий, 33 та шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Мурожаатларнинг энг кўпи Андижон, Қашқадарё ва Навоий ҳиссасига тўғри келмоқда. Қолаверса, ССВ, Олий таълим, Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирликлари тизимида ҳам ўрганишлар олиб борилмоқда.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг