Uzbekistan Airways авиакомпанияси Ростов-на-Дону ва Краснодар аэропортлари ёпилгани муносабати билан ушбу шаҳарларга парвозларни бекор қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқаролари, шу жумладан, Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида жойлашган ОТМлар талабалари учун хавотирланишга сабаб ва асослар йўқлигини маълум қилди. ТИВ агар фуқароларга таҳдид бўлса, ўз вақтида чоралар кўрилиши ва улар Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ва Ростов-Дондаги бош консулхонасига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини билдирди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков РФ президенти Украина раҳбари билан учрашиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Песковга кўра, Украина Россия томонидан қўйилган муҳим масалалар, яъни, ўзининг нейтраллик мақоми, қуролларни ўз ҳудудида жойлаштирмаслик сингари мавзуларда гаплашишга тайёр бўлса, у ҳолда президентлар учрашиши мумкин.
Президент қарори билан ҳарбий хизматга яроқли Ўзбекистон фуқаролари март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Мудофаа вазирлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур қарорнинг Украинада бўлаётган вазиятлар билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТО Украинада альянс кучларини жойлаштириш ниятида эмаслигини маълум қилди. Шу билан бирга, НАТО давлатлари альянснинг мудофаа режаларини амалга оширишга қарор қилгани билдирди.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 10,57 сўмга қимматлаб, 10 850,85 сўмгача кўтарилди. Бундан ташқари, евро ва рубль курслари пасайди.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга мурожаат қилиб, ўқишни Ўзбекистонда туриб масофавий шаклда давом эттиришни тавсия қилди.
Адлия вазирлиги 2021 йилда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича таълим муассасаларига 8,2 мингта, ҳокимликларга 2,6 мингта, соғлиқни сақлаш муассасаларига 1,5 мингта тақдимнома киритди. Ўрганишлар давомида Андижон вилоятида ишсизлик нафақаси бўйича жами 1,3 млрд сўм қарздорлик мавжудлиги аниқланган.
Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда жисмоний шахслар ва норезидентларга давлат қимматли қоғозларини харид қилиш ҳуқуқи берилади. Ҳозирги кунгача ДҚҚни жисмоний шахслар ва норезидентлар орасида жойлаштирилиши қонунан назарда тутилмаган эди.
Турли давлатлар раҳбарлари Россиянинг Украинага босқинидан кейин вазиятга ўз муносабатларини билдиришмоқда. Давлат раҳбарларининг аксарияти ўз чиқишларида РФнинг ҳаракатларини қоралаб, Украинага ёрдам бериш зарурлигини таъкидлашган.
Шавкат Мирзиёев Беруний туманидаги йиғилишда ҳудуддаги раҳбарлар умуман ишламаётганини танқид қилди. Сўзи давомида давлат раҳбари фаолиятига масъулиятсизлик билан ёндошгани учун ишдан олинган 10 нафар самарқандлик амалдорни мисол қилиб кўрсатди. «Уларнинг кўзларига қарадим, ҳаммаси мудраб ўтирибди, ишламаган», — деди у.
Бош вазир Абдулла Арипов ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши тўртта вакцина яратиш устида ишлаётганини маълум қилди. «Дунёдаги ҳеч қайси вакцинадан нусха олинмаган, алоҳида ўзининг структураси белгиланган вакцина турлари ишлаб чиқиляпти», — деди у.
Украина Қуролли кучлари рус қўшинларининг еттинчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. Шунингдек, ҳужумлар оқибатида 40 дан ортиқ украин аскарлари ҳалок бўлгани, ўнлаб кишилар яраланганини айтилмоқда. Киевда эса кучли портлашлар эшитилгани хабар қилинди. Украина атрофидаги вазият бўйича бошқа янги хабарлар.
Украина президенти Владимир Зеленский навбатдаги мурожаатида Россия билан дипломатик алоқалар узилганини эълон қилди. У шунингдек, россияликларни Украина билан урушга қарши митингларга чиқишга чорлади.
«Ўзагроэкспортбанк» 100 фоиз давлат улуши Россиянинг «Совкомбанк"и томонидан 4 млн долларга сотиб олинди. Ушбу битим очиқ тендер орқали тузилган. Тендерда 4 иштирокчи банкни харид қилиш истагини билдирган.
Украинада ҳужумлар натижасида камида 40 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани, 10 дан зиёд кишининг жароҳатлангани маълум қилинди. Жумладан, Киев вилоятининг Бровари шаҳридаги ҳарбий шаҳарчага уюштирилган авиаҳужум натижасида бир киши қурбон бўлди, олти киши жароҳатланди, Суми вилоятида эса автомобиль ўққа тутилиши натижасида болали аёл жароҳатланди.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида 100 МВт қувватли янги шамол электр станцияси қурилишига тамал тошини қўйди. «Тасаввур қилинглар фарзандларимиз, неваларимиз бундай лойиҳадан қандай манфаат кўради. Бу бир йиллик эмас, йилларга татийдиган лойиҳа», — деди Шавкат Мирзиёев.
БМТ Украинадаги вазият фонида шошилинч йиғилиш чақирди. Ташкилотга аъзо мамлакатларнинг доимий вакиллари томонидан «Россия томонидан бўлаётган тажовуз тўхтатилиши керак» деган баёнотлар янгради. Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя эса ўз чиқишида Ғарб мамлакатлари томонидан Россия агрессия ҳақида билдирилган фикрларни рад этди. Небензянинг сўзларига кўра, Россия агрессияси Украина халқига эмас, Киевда ҳукуматни қўлга олган хунтага қарши қаратилган.
Қорақалпоғистонда ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлади. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.
Uzbekistan Airways 27 февраль ва 2 март кунлари амалга оширилиши режалаштирилган иккита мантазам HY-3731/3732 Тошкент — Киев — Тошкент рейсларини бекор қилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг