Чоршанба куни Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга жўнаб кетди, бу сафар унинг ташрифи 3 кун давом этади. Биринчи рақамли борт эса илк бор Тошкентдан Мўйноққа қўнади.
Сешанба куни Ўзбекистонда 138 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди. Бу 5 январдан бери кузатилган энг паст кўрсаткич.
ОТБ Ўзбекистонда автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва янгилаш учун 273,8 млн доллар кредит ажратишни маъқуллади. Маблағлар Сурхондарёдаги Дарбанд — Денов йўлининг 106 кмни янгилаш, ЦАРЭС-2 коридорига кирувчи Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу йўлининг 87 кмни реконструкция қилишга сарфланади. Қолаверса, банк тадбиркор аёллар учун 150 минг долларлик грант ҳам беради.
Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди. Хўжанддан автобус эрталаб соат 8:00 да йўлга чиқади, соат 17:00 да эса Қўқондан ҳаракатланади. Қатнов душанбадан ташқари ҳар куни амалга оширилади.
«Ўзавтосаноат» АЖ компанияси бошқарув раиси Шавкат Умурзоқов энди Ўзбекистон гимнастика федерациясига ҳам раҳбарлик қилади. У федерация йиғилишида ўзбек гимнастикаси эски анъаналарини қайта тиклашини маълум қилди.
Россия ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олди. Жаҳон ҳамжамиятининг бунга муносабати ҳамда ДХР ва ЛХРнинг тан олиниши ортидан Россияга қарши қўлланилаётган санкциялар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Давлатга 1,7 млрд сўм зарар етказганликда айбланаётган Андижон шаҳри ҳокими Баҳром Ҳайдаров, Қозоғистондаги митинглар сабаб ҳибсга олинган 14 нафар ўзбекистонлик, Қозоғистонга нота юборган Ўзбекистон, мартда Покистонга бориши кутилаётган Шавкат Мирзиёев, ваколатхонаси очилган Глобал яшил ўсиш институти ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 22 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Ўзбекистоннинг Нур-Султондаги элчихонаси январь ойидаги тартибсизликлардан кейин Ўзбекистон фуқароларининг ҳибсга олиниши муносабати билан Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига нота юборди.
Январь ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,49 млрд долларни (импорт — 2,09 млрд, экспорт — 1,399 млрд доллар) ташкил этди. Бунда олтин экспорти асосий ролни ўйнади ва 586,6 млн доллар ҳажмида сотилди. 2021 йилнинг январида олтин экспорт қилинмаган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев март ойида Покистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Покистон бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Разоқ Довуднинг сўзларига кўра, ташриф чоғида икки давлат ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги келишув имзоланади. Қолаверса, мартдан Лаҳордан Тошкентга мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш режа қилинган.
Қонунчилик палатаси томонидан мигрантларга оид янги қонун маъқулланди. Унда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Қонунда шунингдек, меҳнат мигрантларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда хориждан қайтганларнинг реинтеграцияси кўзда тутилган.
Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиеванинг Швейцариянинг Credit Suisse банкидаги ҳисобрақамларида 2004 йилдан бери 5,8 млрд доллардан кўпроқ маблағлар бўлганлиги тўғрисида тарқатилган хабарлар ҳақиқатга мос келмайди, деб хабар бермоқда тадбиркорнинг матбуот хизмати.
23−25 февраль кунлари Қашқадарё, Жиззах, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларининг айрим худудларида сел келиши хавфи эълон қилинди. Ўзгидромет фуқаролардан эҳтиёт чораларини кўришни сўрамоқда.
Қозоғистонда рўй берган оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинганларнинг 18 нафарини хориж фуқаролари, шу жумладан 14 нафарини ўзбекистонлик ташкил этмоқда, деб хабар берди Қозоғистон омбудсмани.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 18,27 сўмга пасайиб, 10 869,80 сўмни ташкил қилди. Шунингдек, евро ва рубль курслари ҳам пасайди.
Авиарейс йўловчиларини чалғитиш билан боғлиқ яна бир ҳолат Қаршида содир бўлди. Москвага учиш учун аэропортга 150 га яқин одам етиб келди, бироқ, учиб кетиш жойи Навоий бўлиб чиқди. Йўловчилар жўнаб кетиш жойигача таксида ўз ҳисобидан боришига тўғри келди. Чипталар онлайн харид қилинганди.
Ўзбекистонда Глобал яшил ўсиш институтининг ваколатхонаси очилди. Институт Давлат экология қўмитаси билан биргаликда умумий қиймати 5,65 млн долларлик Оролбўйи минтақасининг яшил тикланишини молиялаштиришга қаратилган лойиҳани амалга оширишни бошлаб юборди.
Қозоғистон президенти «ҳарбий-сиёсий ва санкция қарама-қаршилиги натижасида халқаро вазиятнинг муқаррар ёмонлашувининг салбий оқибатлари»га тезкорлик билан таъсир чораларини кўриш учун инқирозга қарши режани ишлаб чиқишни топширди.
Россия президенти Владимир Путиннинг ўзини ўзи республика деб эълон қилган ДХР ва ЛХРларни тан олиш ҳақидаги фармони ортидан жаҳон бозорлари «қулади». Москва биржаси 2008 йилнинг ноябридан бери энг шиддатли пастлашни бошдан кечирди.
Президент қарори билан Бош прокуратура таркибида Ер ресурслари талон-торож қилинишининг олдини олиш бошқармаси, ИИВ Тезкор-қидирув департаментида эса Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлими ташкил этилди. Ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорлар хатловдан ўтказилади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг