Қорақалпоғистонда ташриф билан бўлиб турган Шавкат Мирзиёев дунё кун сайин эмас, соат сайин таҳликали бўлиб бораётганини таъкидлади. «Биз иқтисодиётимиз, мудофаамизни мустаҳкам қилиб, ишонч билан жонажон ватанимизнинг қудратини кўтаришга ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.
Uzbekistan Airways 27 февраль ва 2 март кунлари амалга оширилиши режалаштирилган иккита мантазам HY-3731/3732 Тошкент — Киев — Тошкент рейсларини бекор қилди.
Украинадаги вазият кескинлашганини инобатга олиб, Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ўзбекистонликларни эвакуация қилиш режаси ва мамлакатни тарк этмоқчи бўлганлар рўйхатини тузиб чиқмоқда.
Жиззах вилоятида фуқарони Туркия, Италия ёки Мексика орқали АҚШга олиб ўтиш ва ишга жойлаштиришни ваъда қилган шахс 20 минг доллар олганида ушлангани айтилмоқда. Фарғона вилоятида эса фуқарони Кореяга ишга жўнатишга ваъда қилганликда гумонланган шахс қўлга олинган.
Россия Мудофаа вазирлиги Украина қуролли кучлари авиабазалари ҳарбий инфратузилмалари тўлиқ ишдан чиқарилганини, Украина чегара қўшинлари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаётганлиги ҳақида хабар берди. Украина қуролли кучлари генштаби эса «агрессорнинг бешта самолёти ва вертолёти» уриб туширилганлигини маълум қилмоқда.
Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ОТМларда 2 курсдан бошлаб ишлашга рухсат берувчи янги тизим яратилишини маълум қилди. «Ишлаганда ҳам ўзининг соҳасида ишласин. Мен буни ҳурмат қиламан», — деди у. Қолаверса, ОТМларда таълим жараёни 70 фоиз амалиётга ўтиш кераклиги таъкидланди.
Украина Олий Радаси мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилишга овоз берди. Айни пайтда Киев ва бошқа шаҳарларда бомбапаноҳлар очилган. Украинадаги вазият.
Украина атрофидаги вазият кескинлашгани муносабати билан Россия жанубидаги 12 та аэропорт фаолияти 2 мартга қадар тўхтатилди. РФ Украина билан чегара ҳудудларининг ҳаво кенгликлари фуқаро авиацияси учун ёпилганини эълон қилди.
Чоршанба куни Ўзбекистонда 140 нафар фуқаронинг коронавирусга топширган тест таҳлили мусбат натижани қайд этди. Шунингдек, кун давомида 24 кишида пневмония аниқланди.
НАТОга аъзо давлатлар вакиллар пайшанба куни эрталаб Украина атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви туфайли шошилинч йиғилиш чақириш қарорини қабул қилди. Сал аввал НАТО раҳбари Йенс Столтенберг РФнинг Украинадаги ҳаракатларини қоралаши ҳақида баёнот билан чиққан эди.
24 февралга ўтар кечаси БМТ хавфсизлик кенгаши Украина атрофидаги можароларга бағишланган йиғилишни чақирди. БМТ бош котиби ўз чиқишида Россия президенти Владимир Путинни Украинага бостириб киришни тўхтатишни, «тинчликка имкон беришини» сўраган ва тинчлик ўрнатишга чақирган.
Uzbekistan Airways 24 февраль куни Наманган — Краснодар йўналиши бўйича HY-9825 рейси Россиянинг Ростов вилояти ҳаво майдони йўловчи самолётлари учун ёпилгани сабабли ортга мажбурий қайтаётганини маълум қилди.
Самарқандда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан такси ҳайдовчиларидан «ўлпон» ундириб келганликда гумонланаётган яна бир гуруҳ фуқаролар қўлга олинди. Улар спортчилар эканлиги айтилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентнинг Яккасарой туманида GTA Showroom компанияси раҳбари корхона биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21,6 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров судья МЖТКнинг 201-моддасини нотўғри қўллаганини, намоз ўқиш «диний маросим эмас, балки эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқ» эканини таъкидлади.
Россия президенти Владимир Путин Донбассда «махсус ҳарбий операция» бошланганини эълон қилди, бироқ Украинанинг Киев, Харьков ва бошқа шаҳарларида ҳам портлашлар бошланди. Бу Россия томони Украинага бостириб киришни бошлаганига ишора қилмоқда. Украина президенти Владимир Зеленский уруш бошланишидан олдин россияликларга мурожаат қилиб, яна бир маротаба тинчликка чорлади.
Ўзбекистонда умумий овқатланиш жойлари ва кўнгилочар объектлар иш вақтига нисбатан чекловлар ҳамда умумий овқатланиш жойлари ва жамоат транспорти ҳаракатланувчи таркиби умумий сиғимидаги ўринларни 50 фоизгача қисқартириш талаби бекор қилинди. Бош вазир Абдулла Арипов мазкур чекловларнинг бекор қилинишини «одатий ҳаёт тарзига қайтишнинг дастлабки қадамларидан бири» деб атади.
Украинада содир бўлган охирги янгиликлар, Путин ва Эрдоған Украина шарқидаги можарони муҳокама қилгани, Шимолий Корея АҚШни Японияни Россияга қарши кампанияга жалб қилишда айблаётгани, 24 февраль куни Брюсселда Украина бўйича Европа Иттифоқининг фавқулодда саммити бўлиб ўтиши ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қорақалпоғистонга 3 кунга кетган президент, 1 мартдан Ўзбекистонда ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилиниши, Тошкентдан Қорақалпоғистонга бориб ишлагани учун шифокорлар маошига тўланадиган 100% устама, Ўзбекистонда автомобиль йўлларини таъмирлаш учун $273,8 млн ажратган ОТБ, Тошкентда Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган МО ва ЕИ махсус вакиллари ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 23 февралдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Махсус комиссия иш берувчилар коронавирусга қарши вакцина ва бустер доза олган ишчилари қамровини камида 90 фоизга етказиши кераклигини белгилади. Вакцина ва бустер доза олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлаштирилади.
Чоршанба куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг