Чоршанба куни Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 1 мартдан эътиборан Ўзбекистонда ниқоб тақиб юриш мажбурияти талаби бекор қилинди. «Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. Қолаверса, жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлади.
Буюк Британия томонидан Россиянинг бешта банкига нисбатан санкциялар қўлланилиши муносабати билан, ушбу банкларда рўйхатдан ўтган ҳисоб рақамларига ўтказилган ҳар қандай маблағлар қайтарилиши ёки музлатилиши мумкин. InfinBank матбуот котибининг маълум қилишича, ушбу ҳолат бўйича аниқ маълумотлар ёки аниқ сценарийлар йўқ. «Банк ўз мижозларини ушбу ҳолат бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиришга қарор қилган», — деди у.
Мадина аэропортида Умра зиёратига келган икки нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга киритилмади. Уларнинг 2019 йилда Қирғизистон қалбаки паспорти билан Умра сафарига бориб келгани аниқланган. Ҳозирда фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
ДХХ Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Наманган вилоятларида 6,4 кг гиёҳвандлик воситалари, шунингдек, 2160 флаконда «Тропикамид» дориси айланмасини тўхтатиб қолди. Сурхондарёдаги ҳолатда фуқаро Тожикистондан Ўзбекистонга 5,5 кг «опий» моддасини чегарани ноқонуний кесиб, олиб ўтганида ушлангани айтилмоқда. Ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.
Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи Афғонистон муаммосига, хусусан, мамлакатнинг муваққат ҳукуматини тан олиш бўйича умумий ёндашув бўлишига келишиб олди, деди Афғонистон бўйича махсус вакил Исматулла Иргашев. Аммо ҳозирча бу борада ҳеч қандай қарор йўқ.
Афғонистонда инклюзив сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳақда Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари конференцияси якуний баёнотида айтилади.
Самарқанд вилоятида «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти ғоялари акс этган материалларни тарқатганликда гумонланган 9 нафар фуқаро ушланди. Улар Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланмоқда.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 29,59 сўмга пасайиб, 10 840,28 сўмни ташкил қилди. Евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
1 мартдан бошлаб Ўзбекистондаги барча юридик шахсларга цемент, цемент клинкери ва қурилиш ойнасини тўғридан-тўғри шартномалар асосида чекловларсиз (квотасиз) экспорт қилишга рухсат берилди. Шунингдек, компанияларга қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизигача компенсация тўланади.
Шавкат Мирзиёевнинг Мўйноқ фаоллари билан суҳбати давомида Қорақалпоғистондаги мактабларнинг 142 минг нафар бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат берилаётгани маълум қилинди. «Буни энди бошқа вилоятларда йўлга қўямиз. Ҳали юқори синф ўқувчиларига жорий этамиз», — деди у. Қолаверса, давлат раҳбари болаларни боғчаларга 2 ёшдан қабул қилишни йўлга қўйиш нияти борлигини, бунинг учун эса мамлакат иқтисодиёти янада мустаҳкамланиши кераклигини айтди.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Қобулда «Толибон» раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Унда Афғонистон орқали ўтаётган транспорт воситалари ва юклар ҳаракатланиши учун ўзаро мақбул шароитларни ишлаб чиқишга келишилган. Афғон томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда минтақа давлатларининг транспорт ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган қўшма инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида ўзаро жанжаллашаётган аёллардан бири Spark машинасига ўтириб, иккинчисини босиб кетди. Туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Бир давлат қўшинлари бошқа давлат ҳудудига унинг розилигисиз кирса, уларни тинчликпарварлар деб ҳисоблаб бўлмайди», — деди БМТ бош котиби Украина шарқидаги воқеалар ҳақида. У Россия томонидан кўрилаётган бир томонлама чораларни БМТ Низоми тамойилларига зид деб атади.
ССВ Навоийдаги савдо мажмуасида 5 ва 4 қават оралиғидаги эскалатордан бобоси билан қулаб тушган 3 ёшли боланинг умумий ҳолати яхшиланиб бораётганини маълум қилди. Стандарт бўйича муолажалар давом эттириляпти. У яқин кунларда реанимациядан болалар бўлимига ўтказилиши режалаштирилган.
Тошкент метрополитени бекатларида илк маротаба она ва бола хонаси ҳамда жамоат ҳожатхонаси фойдаланишга топширилади. Биринчи ана шундай ҳожатхона 23 февраль куни 15:00 да очилади.
Шавкат Мирзиёев 30 йилдан сўнг фаолияти тикланган Мўйноқ аэропортига қўнди. Фаоллар билан суҳбатда президент ҳафтада икки марта Тошкент-Мўйноқ-Нукус йўналишида парвозлар йўлга қўйилишини айтди. Қолаверса, Тошкентдан Қорақалпоғистонга бориб ишлаган шифокорлар маошига 100 фоиз устама тўланишини маълум қилинди.
Нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш, туризм, хусусий бандлик агентликлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар чакана савдоси каби хизматларни кўрсатиш учун 28 та фаолият турини лицензиялаш учун «Лицензия» ахборот тизими ишга туширилди. Ушбу тизим дам олиш кунларисиз, ҳар куни 24 соат ишлайди. Лицензия беришни рад этиш асослари ҳам маълум қилинди.
Фарғона вилоятида тўрт нафар шахс Қирғизистонда таҳсил олаётган 30 нафар талабага ўқишини Ўзбекистонга кўчириб беришга ваъда берган. Улар ўз хизмати учун 67 минг доллар олаётганида ДХХ ва прокуратура ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ўзбек олимлари маҳаллий иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда энергия сақлаш тизимига эга қуёш фотоэлектр тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу тизим электромобилларни юқори тезликда қувватлаш қурилмасини ишлаб чиқишни ҳам ўз ичига олади.
АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишига жавобан Россияга қарши янги санкцияларни эълон қилди. Қандай чекловлар киритилиши режалаштирилган ёки киритилгани ҳақида «Газета.uz» нинг қисқача таҳлилида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг