Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази ходимлари бошқаларга тегишли бўлган 15,9 мингта харид чекларини Soliq иловасида ўз номига рўйхатдан ўтказган. 11 млрд сўмлик ушбу чеклар бўйича ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилинди.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда ёшлар бандлиги ва тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича беш йиллик дастурни ишга туширди. Бюджети 10 млн доллар бўлган дастур халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари ҳамда Халқ таълим вазирлиги томонидан халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Россиянинг «Герофарм» биотехнология компанияси Ўзбекистонда инсулин ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳасини ишга тушириш тўғрисида битимни имзолади.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Давронбек Махсудов Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У мазкур лавозимда президентга маслаҳатчи бўлиб кетган Музаффар Комиловнинг ўрнини эгаллади.
1 февралдан Uzbekistan Airways Express «тўлиқ эконом» форматидаги қатновларда багаж нормасини 15 кгдан 23 кг гача оширди. Қўл юки нормаси ва багаж параметрлари ўзгаришсиз қолган.
«Ўзметкомбинат» темир сақлаш ва юклаш омбори савдоларида Golden House Development компанияси ғолиб бўлди. Компания омбор учун 74 млрд сўм таклиф қилган. Омборнинг янги эгаси ҳудудда маиший хизмат, спорт ва ижтимоий хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, турар-жой мажмуалари ташкил этиши кўзда тутилган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни 2026 йилгача ривожлантириш стратегиясини тасдиқлади. Стратегия йўналишларидан бири солиқ юкини ЯИМга нисбатан 25%гача камайтириш, 120 млрд доллар ҳажмидаги инвестицияларни жалб этиш, аҳолини кўчиришнинг умумий схемасини ишлаб чиқиш, эскирган уй-жойлар ўрнида реконструкция асосида замонавий массивларни барпо этиш ва 275 минг оилани кўчириш, 2023 йилга қадар инфляцияни 5%гача камайтириш ва бошқа кўплаб мақсадларни назарда тутади.
БМТ Тараққиёт Дастури Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигининг иқлим ўзгаришига мослашуви учун агрометеорологик станциялар тармоғини кенгайтириш бўйича лойиҳани амалга оширади. Япония ҳукумати ушбу мақсадларга қарийб 1 млн доллар ажратди.
«Адолат» СДП Ўзбекистонда TikTok тармоғини бутунлай блоклашни таклиф қилди. Партия буни тармоқдаги видеолар орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрлар кўпаяётганлиги билан изоҳлаган.
2018 йилда Паркент тумани ҳокимлиги «Тепа (Култепа)» археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ерни тадбиркорга хом ғишт ишлаб чиқариш учун аукцион орқали сотиб юборган. 2020 йилда эса тадбиркор ушбу ерни бошқа бир жамиятга сотиб юборган. Хом ғишт ишлаб чиқариш учун эса ёдгорлик ҳудудидан тупроқ қазиб олинган. Антикоррупция агентлиги бунинг натижасида тадбиркор маданий мерос объектига 1,5 трлн сўмлик моддий зарар етказганини аниқлади.
2022 йилнинг биринчи чорагида тижорат банклари томонидан ажратилган ипотека кредитлари 42 млн доллар миқдорида Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта молиялаштирилади. «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» АЖ ўз фаолиятини тиклаб, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитларини қайта молиялаштиришни давом эттиради.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги январь ойида ўтказган ўрганишларида еттита давлат ташкилотида жами 33,69 млрд сўмлик давлат харидларида қонунга зид ҳаракатлар аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича давлат харидларини бекор қилиш ҳақида буюртмачиларга тақдимномалар ва Бош прокуратурага сўровномалар киритилган.
ДХХ томонидан Наманган ва Андижонда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида Ўзбекистондан 1,6 млн долларни ноқонуний олиб чиқиб кетмоқчи бўлган 8 нафар шахс қўлга олинди. Уларнинг 2 нафари ўзбекистонлик, гуруҳ етакчиси ва аъзолари деб гумон қилинаётган 6 нафари эса қирғизистонлик эканлиги айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши очилди.
Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. У Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори лавозимида ишлашда давом этади.
Сешанба куни 1087 кишининг коронавирус инфекциясига топширган ПЗР-тести мусбат натижани кўрсатди. Шунинг ярмидан кўпи пойтахт ҳисобига тўғри келди — 589 та ҳолат. Қолаверса, 209 кишида пневмония аниқланди. COVID-19 асоратлари оқибатида эса 3 киши вафот этди.
Ҳукумат қарори билан БҲМнинг 6000 бараваридан (1 млрд 620 млн сўм) ортиқ бўлган қурилиш ишларига пудратчи ташкилотларни аниқлаш электрон тендер орқали амалга оширилади. Қолаверса, БҲМнинг 200 000 бараваригача (54 млрд сўм) бўлган лойиҳалар учун танловларда эса фақат қурилиш амалга ошириладиган ҳудудда рўйхатдан ўтган ташкилотларгина қатнаша олади.
Олий таълим вазири ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ республикадаги ОТМларни 23 та мезон асосида танқидий, таҳлилий ўрганади.
Ҳудудлардаги аҳоли кўпинча фаровон ҳаёт излаб пойтахтга кўчиб ўтади. Когонлик Иван Золотухин, тенденциялардан фарқли ўлароқ, ташландиқ Янгиобод шаҳри яқинидаги тоғларга кўчиб ўтди. У «Газета.uz»га тоғ инструкторлиги фаолияти, ҳақиқий дўстлик ва янги уйида орттирган бебаҳо хотиржамлик ҳақида сўзлаб берди. «Инсон ўзини фойдали ҳис қилиши, жамиятга фойда келтириши керак, акс ҳолда ҳаёт бўшаб қолади», — деб ҳисоблайди у.
Туркияда яшовчи ўзбек тадбиркори раҳбарлигидаги тармоқ ИШИДга алоқадор шахсларга Сурияни тарк этиб, Буюк Британия, Европа Иттифоқи, Канада ва АҚШ каби мамлакатларга кириш имкониятини берувчи қалбаки паспорт ясаш ва сотиш билан шуғулланиши айтилмоқда. The Guardian нашрига кўра, тармоқ ҳозирги кунда турли мамлакатлар фуқаролигини акс эттирувчи, юқори сифатли қалбаки паспортларни 15 минг долларгача бўлган нархда пулламоқда.
Украина армиясининг 100 минг кишига кўпайтирилиши, Туркия Марказий банки ставкаларни пасайтиришда давом этиши, The New York Times Wordle ўйинини сотиб олгани, Қозоғистонда вазир ва депутатлар маошлари оширилмаслиги ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz» нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг