Шавкат Мирзиёев «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режасини маълум қилди. 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинди.
Президент иштирокидаги видеоселекторда цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилиши маълум қилинди. Шунингдек, цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилиши қайд этилди.
Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуриш зарурлигини таъкидланди. Давлат раҳбари «Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилишини қайд этди. 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 трлн сўм ажратилиши белгиланди.
2022 йилдан бошлаб барча вазирликлар учун давлат бюджети маблағларини сарфлаш бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичларни белгилаш режалаштирилмоқда, деди молия вазири Тимур Ишметов. Унга кўра, бюджет тақчиллигини 3 фоизга камайтириш ва «бюджет харажатларини қаттиқ назорат қилиш» режалаштирилган.
Долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 21,92 сўмга кўтарилиб, 10 712 сўм этиб белгиланди. Шунингдек, евро курси кўтарилди, рубль курси эса пасайди.
Депутатлар инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси учун беморнинг яқин қариндоши бўлиши керак деган чекловни бекор қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Унга кўра, донор сифатида ўз аъзоси олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосда, нотариал тартибда розилик берган инсон тушунилади.
Тошкент вилоятидаги чегара постида божхона ходимлари томонидан 156 кгга яқин гашиш, героин ва опий ортилган «DAF» машинаси ушлаб қолинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги 60 дан ортиқ бозор ва савдо мажмуаларида давлат улушларини сотиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини эълон қилди. Улар орасида Тошкентдаги Миробод, Фарҳод, Ўрикзор ва Олой деҳқон бозорлари, «Ипподром» ва «Бек тўпи» савдо комплекслари мавжуд. Қарорга кўра, ҳокимлар бошчилигида ҳудудий комиссиялар ташкил этилиб, бозорлардаги давлат улуши ҳокимликларга ўтказилиши кутилмоқда. Иқтисодчи Отабек Бакиров ушбу қарор лойиҳасини танқид қилди.
Қашқадарё вилояти Қарши туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи синглиси раҳбарлигидаги фермер хўжалигига гул кўчати буюртма қилиш баҳонасида 149 млн сўм пул ўтказиб, ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Коррупцияга қарши кураш агентлиги прокуратура жиноий иш очгани ҳақида хабар берди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Афғонистон билан қўшма лойиҳалар бўйича саволга жавоб берар экан, мамлакат активлари музлатилгани сабабли муваққат ҳукуматнинг молиявий салоҳияти мутлақ йўқлиги ҳамкорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганини таъкидлади. «Бутун иқтисодиётни фақат гуманитар ёрдамга таяниб йўлга қўйиб бўлмайди», — деди у.
«Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Дарё мухбири билан боғлиқ можарони «ўта оғриқли қабул қилгани» ва жамият имиджига кескин салбий таъсир кўрсатганини айтди. «Компанияда фаолият юритаётган барча масъул раҳбарлар ва ходимлар журналистнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур», — деди Меҳриддин Абдуллаев. У шунингдек, журналистлик фаолиятга аралашишни кескин қоралашини, бунинг учун лавозимидан қатъий назар барчага чора кўрилишини маълум қилди.
Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори АҚШ Афғонистонда қолдириб кетган ҳарбий техника бутун дунё учун катта муаммо туғдириши мумкинлигини таъкидлади. Дмитрий Шугаевнинг сўзларига кўра, ушбу қурол-яроғлар экстремистларнинг қўлига тушиб қолиши ёки қора бозорга ҳам чиқиб кетиши мумкин.
Facebook ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Meta Platforms Қозоғистон ҳукуматига ўзининг контент ҳисоботи тизимидан фойдаланиш имкониятини тақдим этгани ҳақидаги хабарни рад этди. Компания вакили таъкидлашича, «Meta Platforms Қозоғистон қўшма деб атаган баёнотни эълон қилмаган». Қозоғистон ахборот вазири эса баёнот компаниянинг минтақавий офиси раҳбарияти билан келишинганлигини таъкидлади.
23 ноябргача ҳар бир ҳудудда (Тошкентдан ташқари) фақат бир кун тунги вақтда давлат ва нодавлат телеканалларни эфирга узатилиши вақтинча тўхтатилиши мумкин. Бу телеузаткичларда профилактика ишлари ўтказилиши билан боғлиқ.
Ўзбекистон 9 ой ичида хорижий давлатларга қиймати $242,5 млнга тенг бўлган 25 минг 171 та енгил автомобиллар экспорт қилди. Экспортнинг деярли 96% қисми Қозоғистонга тўғри келмоқда.
Россия Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори Дмитрий Шугаевнинг таъкидлашича, 2021 йилда Россия Ўзбекистонга Су-30СМ қирувчи самолётлари, Ми-35М вертолётлари, Бук-М2Э зенит-ракета комплекслари, БТР-80 ва БТР-82А зирҳли транспортёрларини етказиб берган.
ДХХ ва Давлат божхона қўмитаси томонидан Тошкент шаҳрида 25 мингдан ортиқ «Регапен», «Тропикамид», «Селофен» сингари психотроп дорилар савдосига чек қўйилди.
Интерпол томонидан халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси БААда қўлга олинди. Мазкур шахс ЖКнинг терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш ва оммавий тартибсизликлар моддаларидаги оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этилганлиги учун 2006 йилдан бери қидирувда бўлган.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини ошириш учун 2022 йилда давлат бюджетидан 350 млрд сўм ажратилишини маълум қилди. Шунингдек, бепул даволаниш ордери учун 600 млрд сўм берилиши таъкидланди.
Самарқанд вилоятининг Ургут туманида бир аёл ва унинг икки вояга етмаган фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди. Маълум қилинишича, у уйни иситиш учун тезак ишлатган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг