Тўлқин Атамуродов Навоий вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. Бундан ташқари, вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари вазифасига Саъдулла Мирзаев тайинланди.
Самарқандда Қозоғистон бош консулхонаси очилди. Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон унинг консуллик округлари сифатида белгиланди.
Қурилиш вазирлиги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси реконструкцияси лойиҳасини тақдим этди. У ерда велойўлак, амфитеатр, кафе, дўконлар, музейнинг маъмурий биноси ва бошқа объектлар барпо этилади, велосипедлар ижараси йўлга қўйилади.
Ўзбекистон президенти пайшанба куни Ашхободда Туркманистон президентининг отаси — Маликгули Бердимуҳамедов хотирасига бағишлаб ўтказилган ифторликда иштирок этди. У апрель ойи ўрталарида вафот этган эди.
Сенат қўмитаси китоб савдоси билан шуғулланувчиларга ҚҚС бўйича табақалаштирилган ставкаларни қўллаш, шунингдек, соҳага манзилли субсидиялар ажратиш таклифини билдирди. Қўмита раисининг сўзларига кўра, ноширлар ва босмахоналар учун солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши ва ҚҚСнинг қўлланиши аксарият тадбиркорларни контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ундайди.
Тошкент метрополитени «Миллий боғ» ва «Новза» бекатлари оралиғида поезд тўхтаб қолишига машинистнинг рельсларни қувватловчи ускунадан учқун чиқаётганини кўриб, ҳаракатни фавқулодда тўхтатгани сабаб бўлганини маълум қилди.
Ашхободда Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари учрашди. Учрашувда Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш таъкидланди.
Буюк Британия бош вазирига қарши тергов бошлангани, АҚШда ижтимоий секторни қўллаб-қувватлаш учуш 1,8 трлн долларлик дастурнинг қабул қилингани, Aрманистонда турк товарларини сотишга қўйилган тақиқнинг узайтирилиши ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида давлат органларига фақат давлат тилида мурожаат қилиш таклифи маъқулланмаганлиги ижтимоий тармоқларда ва депутатлар орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Давлат тили мақоми бўйича халқаро тажриба, ўзбек тилини ўрганиш бўйича шароитлар ва давлат тили мавқеи тўғрисида — «Газета.uz» колумнисти Комил Жалиловнинг мақоласида.
Ҳукумат «Ўзбектелеком» нинг халқаро пакетларни алмаштириш марказининг имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳа параметрларини маъқуллади. Халқаро интернет каналининг қуввати секундига 1800 Гбитга етказилади. Лойиҳа қиймати деярли 26 млн долларни ташкил этади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашувларни дарҳол тўхтатишга ва вазиятни барқарорлаштириш учун қўшма чоралар кўришга чақирди. «Ўзбекистон тез орада келишувга эришиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр», — дейилади ТИВ баёнотида. Айни дамда, отишма оқибатида Тожикистоннинг яна 5 нафар, Қирғизистоннинг ҳам 5 фуқароси жароҳатланган, бир нафари вафот этди.
Депутат Дониёр Ғаниев Қаршида баландлиги 62,5 метрга тенг 1,35 млрд сўмлик байроқ ўрнатилишига муносабат билдириб, 2 йил аввал Фарғонадаги шунга ўхшаш ҳолатни ёдга олди. Ўшанда Фарғонада ўрнатилиши керак бўлган байроқнинг сарф-ҳаражатлари 1 млрд сўм атрофида бўлиши айтилган. «Нархини эшитиб, ҳоким ҳайдаворганди», — деди у.
Андижон вилоятида қулоғида «наушник» билан кетаётган йигитни поезд босиб кетди. Оқибатда йигит вафот этган.
Долларнинг расмий курси 6 сўмга арзонлади ва жами 10 509 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса кўтарилди.
Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Отабек Чориев инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаб келган Фахриддин Давруков Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди.
Депутат Расул Кушербаев UzAuto Motors Антимонополия қўмитасини «фақат қоғозда» мағлуб этди, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, компания одамларнинг ишончи ва ўз имижини йўқотган. Депутат, шунингдек, ушбу жараён мисолида судларнинг қандай ишлаши ва тизим монополияларга қарши қандай кураш олиб боришини кўриш мумкинлигини таъкидлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва ХХР раиси Си Цзиньпин телефон орқали мулоқот вақтида аҳолини оммавий эмлаш, иқтисодий ҳамкорлик, қолаверса, Хитой етакчисининг Тошкентга ташрифига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишди.
Депутат Расул Кушербаевнинг айтишича, ўзбек тили фақат давлат билан ишлайдиганлар учун мажбурий бўлиши керак. Парламент аъзоси, шунингдек, жамиятда тил билан боғлиқ дискриминация мавжудлигини тан олди ва расмийлар орасида вазиятга шовинистик нигоҳ билан қарайдиганлар ҳали ҳам борлигини таъкидлади.
Қашқадарё вилоятида баландлиги 62,5 метрга тенг давлат байроғи ўрнатиш режалаштирилмоқда. Маълумотларга кўра, Қарши шаҳридаги давлат байроғининг биргина устунини бунёд этишга 1 млрд 350 млн сўм маблағ сарфланади.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг