Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров «эркин сўз қанчалар эркин бўлмасин жамиятнинг хотиржам ривожланишига халақит бермаслиги керак», деган фикрда. У «халқ ишончи билан ваколатга эга бўлган ҳокимиятга қарши курашишга чақирадиган сўз ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланиши ва жазоланиши зарур» эканига ишора қилди.
Ўзгидромет 25−27 февралда кутилаётган совуқлар ойнинг иккинчи ўн кунлигида мевали дарахтларнинг ёзилган куртаклари ва гулларига зарар етказади дея огоҳлантирмоқда.
Долларнинг расмий курси 17 сўмга қимматлади ва жами 10 549 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз пасайди.
Uzbekistan Airways 1 мартдан бошлаб ўз қатновларига онлайн рўйхатдан ўтиш хизматини жорий қилади.
Шавкат Мирзиёев «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ушбу қонун арбитраж келишувга эришиш, арбитрларни тайинлаш ва арбитраж муҳокамасини ўтказиш тартибини белгилайди.
Депутат Расул Кушербаев халқ ҳокимларни сайлашга тайёр эмаслиги ҳақидаги фикрга кўшилмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, «рухсат бераётганларнинг ўзи тайёр эмас». «Уларда қўрқув бўлиши мумкин. Қайси маънода, улар хоҳлаган одамни, одамлар сайламаслиги мумкин», — деди у. Президент ҳокимларни халқ сайлаши кераклигини бир неча бор таъкидлаган. Шу билан бирга, у бунга сайланаётганлар ҳам, сайловчилар ҳам тайёр бўлиши кераклигини айтган.
Қонунчилик палатаси депутатлари транспорт вазири лавозимига Илҳом Маҳкамов номзодини маъқуллади. У ўтган йилнинг октябридан буён вазир вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётган эди. Аввалроқ, Эльёр Ғаниев транспорт вазири лавозимидан озод этилган эди.
Шавкат Мирзиёев БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида нутқ сўзлади. Унинг нутқидан асосийлари: яқин вақт ичида парламент Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади, бу йил яна 20 мингдан зиёд киши Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлади, қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўйилмайди, Ўзбекистон бу бўйича махсус маърузачини таклиф этишни кўзламоқда, қолаверса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар ташрифи ҳам кутилмоқда.
Хоразмда чойхона эгаси, турмуш ўртоғи ва бир фарзанди газ ўчоғидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди. Икки фарзанди кучли заҳарланган.
Яшнобод туманидаги шифохонада вафот этган беморнинг ўлимидан сўнг, шифокорларнинг дўппосланиши ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилди
Бразилиядан Chevrolet Onix автомобилининг синов намуналари олиб келинди. UzAuto Motors компанияси ўзининг янги GEM платформасида ушбу моделни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни режалаштираётганини маълум қилди.
«„Эри рухсат бермаса деяпти“. Бу ҳам ҳозир бизнинг Наманганда мана шу ибора пайдо бўляпти. Бу ибора билан ҳам курашишимиз керак. Нимага десангиз, ҳаммамиз тенг бўлиб, аёлларимизни ҳам муносиб иш билан таъминлашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Роспотебнадзор дунё бўйлаб илк бор H5N8 парранда гриппи билан зарарланган инсонни аниқлади. Вируснинг одамдан одамга юқишининг иложи йўқлигини таъкидланмоқда, аммо вирусда мутация содир бўлиши мумкин.
БМТТД Япония ҳукуматининг молиявий кўмаги билан маҳалла қўмиталари учун 100 та ноутбук ва роутерларни тақдим этди. Ускуналар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларига электрон ҳужжат айланиши тизимида ишлашга имкон беради ва шу билан фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишни тезлаштиради.
Қибрай туманида фармацевтика кластери доирасида Фармацевтика техник университети ташкил этилади. Университет дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқаришга ихтисослашади. Бундан ташқари, Қибрай туманида муассасаниниг таркиби, ходимлар сонини тасдиқлайдиган Кластер дирекцияси ташкил этилди.
Давлат тест маркази «Газета.uz» колумнисти Комил Жалиловнинг ОТМга кириш имтиҳонлари балларига абитуриентларнинг мактабдаги сўнгги 6 йиллик баҳолари ўрта арифметигини қўшиш лойиҳаси борасидаги мақоласига жавоб қайтарди. Унда муаллифнинг фикрлари нотўғри эканлиги айтилган ва хориж тажрибаси мисол сифатида келтирилган. Бироқ ДТМнинг жавоб мақоласида колумнист ўзини ўйлантираётган саволларга жавоб топа олмади.
4-сон шаҳар клиник шифохонасида вафот этган 52 ёшли беморнинг фарзандлари шифокорларни дўппослаган. Тиббий ходимларнинг аҳволи оғир деб белгиланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат йўллаган.
23 февралдан бошлаб Ўзбекистонга совуқ ва нам ҳаво массаси кириб келади. 25−26 февраль кунлари ҳаво ҳарорати кечаси −7… −12, кундузлари −2… −7 даражагача пасайиши кутилмоқда. Қорақалпоғистонда ҳарорат кечаси −17… −22 гача, кундузи −10… −15 гача, Хоразмда кечаси −12… −17 гача кундузи −5… −10 даражагача пасаяди.
Франциянинг «SUEZ» компанияси Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида сув таъминоти тизимларини такомиллаштириш учун лойиҳаларни амалга оширади. Франция томонидан Тошкент шаҳрида сув таъминоти тизимини яхшилаш лойиҳасини амалга ошириш учун 145 млн евро ажратилади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Қашқадарёдаги умумтаълим мактабларини ичимлик суви билан таъминлаш бўйича ишлар йўлга қўйилади.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон аҳолиси учун коронавирусга қарши вакцинани харид қилиш чоралари кўрилаётганини маълум қилди. «Энг маъқулини топамиз. Бизнинг иқлимимизга мос, халқимизга фойдаси кўпроқ бўладиган вакцинани сотиб оламиз», деди президент.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг