10 та йирик тижорат банки томонидан умумий қиймати 1,5 млрд доллар бўлган лойиҳалар тақдим этилди. Асака банки иштирокида Тошкент шаҳрининг «Эски шаҳар» ҳудудида савдо шаҳарчаси барпо этилиши, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан эса «Ургут» да умумий қиймати 100 млн доллардан ортиқ лойиҳани амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Guardian, Al Jazeera, The Diplomat халқаро нашрлари учун ёзадиган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевска Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги унга аккредитация бермаганлигини маълум қилди. Аккредитация бўйича жавоб қонун бўйича 2 ойда эмас, 6 ойда берилган. Журналист ТИВ ходими унга тегажоғлик қилганини, ижобий мақолалар ёзишини сўраганлигини айтмоқда.
Қирғизистонда Мудофаа вазирлигининг қайта тузилаётгани, Италияда коронавирусга қарши вакцинациянинг таҳдид остида қолгани, Жанубий Кореяда карантин чекловларининг 14 февралга қадар узайтирилгани ва бошқа янгиликлар — «Газета.uz»нинг жаҳон янгиликлари дайжестида.
Жисмоний тарбия ва спорт вазири лавозимида ишлаган Дилмурод Набиев Қарши давлат университети ректори этиб тайинланди.
Россия Федерацияси Бош прокуратураси мулкка қарши жиноятлар ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланаётган ўн нафар Ўзбекистон фуқаросини жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органларига топширди.
Фарғона вилоятидаги Олтиариқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводи ишчилари деярли 11 ойдан бери корхонага хом ашё етказилмаганлигини, иш тўхтаб қолиб, март ойидан ишчилар сони қисқартирилиши мумкинлигини айтмоқда. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти «Дарё» нашрига завод ёпилмаслигини, иш ўринлари қисқартирилиши, лекин ходимлар ишдан бўшатилмаслигини маълум қилган.
Қозоғистонда ҳайдовчилар ўзи билан ҳайдовчилик ва транспорт воситаларини қайд қилиш гувоҳномасини олиб юрмасликка рухсат берилди. Полиция ходимлари ҳайдовчилар маълумотларини планшетлар орқали текширишади.
Собиқ депутат Қобул Дўсов маст ҳолда машина бошқариб, ЙПХ ходимлари билан тортишди. Тошкент ИИББ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Олий таълим вазирлиги ўқиш давомида фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учун учинчи семестр ташкил этилишини маълум қилди. Ёзда бўлиб ўтадиган ушбу семестрда қатнашадиган талабалар қўшимча маблағ тўлашлари керак бўлади.
Тошкент шаҳрида «Nexia» автомобили йўлни белгиланмаган жойида кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборди. ЙТҲ натижасида 38 ёшли пиёда тиббиёт муассасасига етиб бормай вафот этди.
Аукцион орқали бозор муҳандиси ва унинг шериги 25 минг АҚШ долларига Чилонзор савдо комплексида қурилиши режалаштирилаётган дўконни олиб бермоқчи бўлгани аниқланди. Фуқаролар ашёвий далиллар билан ушланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Январь ойида инфляция 1% ни ташкил этди. Озиқ-овқат маҳсулотлари 1,2 фоизга, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,5 фоизга, хизматлар 1,4 фоизга қимматлашди. Инфляциянинг асосий омилларидан бири мевалар ва сабзавотлар нархларининг мавсумий ўсиши бўлди.
2020 йилда Ўзбекистондан автомобиллар экспорти пул кўринишида 30,4 фоизга, яъни 208,7 млн долларга етди. Автомобиллар импорти 2,3 бараварга кўп бўлди. UzAuto Motors томонидан энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль модели — Cobalt.
Қашқадарё вилоятида юқори лавозимдаги танишлари орқали Миллий гвардияга ишга киритмоқчи бўлиб, 4 минг АҚШ доллари сўраган шахс аниқланди. Фуқарога нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Февральнинг биринчи ҳафтаси давомида илиқ ва кам булутли баҳорий об-ҳаво бўлади. Яқин кунларда бир қатор вилоятларда ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда, кейин эса ёғингарчиликлар кузатилмайди.
Эндиликда банклар мижозлари банк хизматидан фойдаланишда шахсларини тасдиқлаш учун ID-картадан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистонда туризм ва ишбилармонлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида 3 ва 6 февраль кунлари Урганч-Фарғона-Урганч йўналиши бўйича самолётлар қатнови амалга оширилади. 11-февралдан бошлаб ушбу парвлзлар мунтазам равишда пайшанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Самарқанд вилоятида ўрта таълим мактабининг қурилиш-монтаж ишлари учун ажратилган пуллар МЧЖ раҳбарлари томонидан талон-тарож қилинганлиги аниқланди. Бундан ташқари, учта маҳаллада қурилган сув чиқариш иншоотида яна бир жамият раҳбарлари томонидан 240,5 млн сўм талон-торож қилингани маълум бўлди.
Долларнинг расмий курси 21 сўмга қимматлади ва жами 10 540 сўм этиб белгиланди. Евро ва рубль курслари эса бироз пасайди.
«Технопарк» компанияси электрон сув ҳисоблагичларини ишлаб чиқариши мумкин. Лойиҳа қиймати 77,7 млрд сўмни ташкил этади. Ҳокимлик томонидан ташкил этилган компания ақлли газ ҳисоблагичлари, кир ювиш машиналари, музлатгичлар, лифтлар ва бошқа техника воситаларини ишлаб чиқаради.
Қўшимча имкониятлардан фойдаланиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг