Карантин даврида нодавлат нотижорат ташкилотларнинг хорижлик ходимлари аккредитация карточкасининг амал қилиш муддати узайтирилади. Давлат мулкини ижарага олган ННТлар учун ижара тўлови «ноль» ставкада қўлланилади.
Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан яна 17 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайди. Мамлакатда коронавирусдан тузалган беморлар сони 424 нафарга етди.
Ingka Group компанияси карантиндан кейин кўплаб чақалоқлар туғилишини (бэби-бум) кутаётганлигини, шу боис болалар жиҳозларини ишлаб чиқаришга инвестиция киритишини маълум қилди. Карантин даврида IKEA дўконларидан энг кўп харид қилинаётган маҳсулотлар ошхона жиҳозлари эканлиги айтилган.
«Маърифат» газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимова озиқ-овқат ярмаркасида тасвирга олгани учун Учкўприк туман ИИБда ушлаб турилгани ва телефонидаги видеоёзув ўчириб ташланганини маълум қилди. Журналист ҳокимлик эълон қилган озиқ-овқат нархларини текширмоқчи бўлган.
Хоразмда 35 нафар коронавирус бемори соғайиб, Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 407 кишига етди.
Наманганда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 54 ёшли аёл ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди. Ўзбекистонда COVID-19 асоратларидан оламдан ўтганлар сони 7 нафарга етди.
Телеграм коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида 17 та мамлакат ҳукуматлари билан ҳамкорликда расмий каналларни тасдиқлади. Компания асосчиси Павел Дуровнинг фикрига кўра, технология инсониятга қанчалик фойдали эканлигини исботлаш даври келди. Мессенжер ахборот таъминотидан ташқари, таълим муаммоларини ҳал этишга ҳам ҳисса қўшишга ҳаракат қилишини айтди.
Россияда турли бахтсиз ҳодисалар оқибатида вафот этган 17 фуқаронинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди.
Коронавирус пандемияси сабабли январь-март ойларида импорт ҳажми 10 фоизга, экспорт эса 11 фоизга қисқарди. Хитой 2016 йилдан бери илк маротаба Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкори позициясини йўқотди. Унинг ўрнини ташқи савдо айланмасидаги 16,9 фоиз улуш билан Россия эгаллади.
2019 йил якунларига кўра, дунёнинг 55 давлатида 135 миллион киши озиқ-овқат тақчиллигидан азият чекмоқда. Коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштириши мумкин, дейилади ФАО ҳисоботида.
Қорақалпоғистон юқумли касалликлар шифохонасида 15 нафар коронавирус инфекциясига чалинган беморлар соғайди. Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 372 нафарга етди.
Мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллиги муносабати билан Тошкентдаги кўчалардан бирига унинг номи берилади. Павел Беньков номи эса Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабига берилади.
Президент фармони билан прописка тизими тубдан ислоҳ қилинади. Хусусан, 1 апрелдан Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкка эга бўлишда фуқародан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш талаб этилмайди, пойтахтда рўйхатдан ўтмасдан яшаш муддати 15 кунга узайтирилади. Шунингдек, ягона «Манзил» автоматлаштирилган ахборот тизими йўлга қўйилади.
Коронавирус беморлари сони 14 нафарга ортиб, жами 1692 кишини ташкил этмоқда.
Туркиядаги тўқимачилик компанияси Қибрай туманидаги Invest Village шаҳарчаси лойиҳасига 20 млн доллар сармоя киритмоқда. Инвесторга берилаётган ер участкаси қишлоқ хўжалиги тоифасидан аҳоли пункти тоифасига ўтказилади.
Қозоғистон Марказий банки компаниялар учун нақд пул ечишга чекловлар жорий этди. Қайд этилишича, бу яширин иқтисодиётга қарши курашга қаратилган бўлиб, операциялар шаффофлигини оширади ва пул ювишга тўсиқ бўлади.
Марказий банк валютада кредит олганларнинг сўм девальвацияси натижасида кўрадиган зарарларини қоплашни режалаштираётгани йўқ. Валютадаги кредитлар бўйича хатарларни қарз олувчиларининг ўзлари мустақил равишда ҳисобга олишлари керак, дея қайд этди назоратчи.
21 апрель куни коронавирусдан тузалганлар сони янги қайд этилган COVID-19 ҳолатларидан кўпроқ бўлди. Тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар сони сўнгги икки кунга нисбатан қисқарган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган ҳолатлар 21 тага кўпайиб, жами 1678 тага етди.
Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни бошлайди. Рухсат берувчи стикер олинган кундан бошлаб 30 кун мобайнида ҳаракатланиш ҳуқуқини беради. Стикерлар фақат белгиланган йўналиш бўйича, хизмат мақсадларида соат 9:00 дан 18:00 гача транспорт воситасидан фойдаланиш учун берилади.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг